Унинг таъкидлашича, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
Энди барча куч ва воситалар жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар этилади.
Бунинг учун прокуратура тизимида:
- “фуқаробай” иш тизими жорий қилинади;
- ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади;
- жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари янада кучайтирилади.
Шунингдек, мурожаатда у тергов сифати янада оширилиши ҳам таъкидланган. Бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилган.
«Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади. Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади», — деди бош прокурор.
Бу фаолиятга илм-фан ютуқлари ва замонавий ахборот технологиялар жорий этилади, соҳани рақамлаштириш чоралари кўрилади. Энг асосийси, одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чоралари кўрилади. Айбланувчиларга эҳтиёт чорасини қўллашда адолатни таъминлаш, ҳимоя ҳуқуқини мустаҳкамлаш, адвокатлар фаолиятига тўсқинликларни бартараф этиш прокурорларнинг алоҳида эътиборида бўлади.
«Бундан буён прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситаларимиз коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади. Бу борада барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз», — деди Йўлдошев.
Ниғматилла Йўлдошев жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чоралари кўрилишини эълон қилди.
«Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача борамиз, ҳар бир соҳага чуқур кирамиз. Ижтимоий сўровномалар, мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиб, халқимизнинг эътирозлари, фикр ва таклифларини доимий ўрганамиз. Шу орқали, соҳа ва ҳудудлардаги «коррупциявий туйнук»ларни аниқлаб, уларни таг-томири билан йўқ қилиш бўйича манзилли чоралар кўрамиз», — дея қайд этди у.
Бюджет маблағлари, жумладан субсидия ва бошқа кўринишдаги давлат кўмагининг сарфланиши, давлат харидлари, хизмат кўрсатиш жараёнлари, умуман, аҳоли кўп дуч келадиган соҳаларда турли суиистеъмолчилик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш диққат марказида бўлишини маълум қилди.
«Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, барча соҳаларни рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш чораларига алоҳида масъулият билан ёндашамиз. Коррупцияни фош этишга доир ҳамкорликдаги тадбирларни ҳам янада жадаллаштирамиз, умуман, аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз», — дейди у.
Бош прокурор бунинг учун, коррупциявий ҳолатлар ҳақида бош прокуратурага тезкор хабар бериш имкониятини берувчи, тун-у кун ишлайдиган «Ишонч телефони» ва Telegram ботни ишга туширилганини эслатди. Махсус операторлар гуруҳи фаолиятини ҳам йўлга қўйилган.
«Албатта, бу вазифаларни билимли, ташаббускор, садоқатли ва бугунги ислоҳотлар натижаларига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ходимлар корпуси билангина самарали амалга ошириш мумкин. Шу боис, ходимларимизнинг билими, дунёқараши, онгу тафаккурини ривожлантириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш чораларини изчил давом эттирамиз», — дея мурожаатини якунлаган Ниғматилла Йўлдошев.