Ногиронлиги бўлган шахсларни транспортда қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди

    Жамоат транспорти ҳайдовчилари ва кондукторлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларидан хабардор бўлиши ва уларни қўллаб-қувватлаши муҳимдир.

    Жорий йил 19 апрелда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлари билан биргаликда ташкил этган ахборот сессияси ана шу мавзуга бағишланди.

    Тадбир Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими иштирокида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳридаги автобус парклари ҳайдовчилари ва кондукторлари, шунингдек, ташкилотчи идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари – жами 50 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.

    Ахборот сессиясида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишга оид ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини таъминлаш борасида ҳайдовчилар ҳамда кондукторларнинг билим ва кўникмаларини ошириш масаласига эътибор қаратилди.

    Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берар экан, тадбир мавзусининг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди.

    Сессияда, шунингдек, бир қатор соҳа вакиллари сўзга чиқди.

    Ўзбекистон Республикаси 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияснии ратификация қилган. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, шу жумладан, «тўсиқсиз муҳит» тамойилини жорий этиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга ошириб бориляпти.

    Муҳокамалар чоғида асосий эътибор транспорт воситалари ва инфратузилманинг жисмоний жиҳатдан қулайлигини яхшилаш масалаларига қаратилди. Ногиронлар аравачасидаги инсонларга жамоат транспортига тўсиқсиз, мустақил кириб-чиқиш учун янада қулай имкониятлар яратишнинг замонавий инновацион тизимлари кўриб чиқилди.

    Экспертлар бу борада қулайлик яратишга оид жорий халқаро андозалар ва уларни миллий шароитларга мослаштириш йўллари ҳақида фикр юритди.

    Мулоқот асносида, шунингдек, транспорт тармоқлари ва транспорт воситаларини лойиҳалаш босқичидан бошлаб тўсиқсиз майдонни яратиш лозимлиги қайд этилди. Барча янги лойиҳаларни пандус, кенг эшик ва махсус лифт каби қулай ечимларни кўзда тутган ҳолда тайёрлаш муҳимлиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди.

    Табиийки, бу соҳадаги ишларни яхшилашда қонунчилик ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти катта.

    Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларга ёрдам берадиган ходимларни ўқитиш муҳимлигига эътибор қаратди. Ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга астойдил ёрдам беришни ўргатиш бўйича мунтазам тренинглар ҳам киритилиши мақсадга мувофиқдир.

    Муҳокамалар якунида ушбу мақсадларга эришиш учун барча манфаатдор томонлар – давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates