Нурота давлат қўриқхонасидаги фотоқопқонга Қизилқум архарлари тушиб қолди

    Яшил сайёра 18 апрел 2025 502

    Экология вазирлиги тасарруфидаги Нурота давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқонга ноёб манзара — Қизилқум архарларининг (Северсов қўйлари) ўйноқи ҳаракатлари муҳрланди.

    Қизилқум архарлари — тоғ қўйларининг камёб ва эндемик кичик гуруҳи бўлиб, улар Помир-Олой тизмасининг шимоли-ғарбий қисмида ҳамда Қизилқум чўлининг паст тоғли ҳудудларида яшайди.

    Ўзбекистон Қизил китоби ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқининг Қизил рўйхатига “заиф, сони камайиб бораётган тур“ мақомида киритилган. Бугунги кунда ушбу тур вакилларининг умумий сони 1 800 – 2 000 бошни ташкил этади.

    Ушбу архарлар кучли шохлари, тик ёнбағирларда эркин ҳаракатланиш қобилияти ва жуфтлашиш даврида ўтказадиган шиддатли “шох жанглари“ билан ажралиб туради. Зарбанинг овози юзлаб метр узоқликдан эшитилиши мумкин.

    Маълумот учун, Нурота давлат қўриқхонаси 1973 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, Нурота тоғ тизмасининг марказий қисми ва шимолий ёнбағирларини қамраб олади. Қўриқхона ҳудудида 247 турдаги ҳайвон яшайди, улардан 31 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.