ОАВга оид қонунларни ким шарҳлайди?

    ОАВга оид қонунлар шарҳланганми? Бу саволга “Шарҳлашга ҳаракат қилинган”, дея жавоб берсак тўғри бўлади.

    Дастлабки уринишлар

    Журналистикада шарҳ жанр ҳисобланади ва у ахборий-таҳлилий мақомга эга. Бугунги мақоламиз қонунчиликда қўлланиладиган шарҳ ҳақида. Унинг қандай мақоми бор? Тавсиями ёки маслаҳат даражасидами? Қонунчиликка доир шарҳлардан кимлар, нима мақсадда фойдаланади?

    Китоб дўконлари пештахтасида турадиган Жиноят процессуал кодексига шарҳларни кўрганимизда унинг дастлабки саҳифасидаги анонсдан унинг “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судьялар, адвокатлар, тадқиқотчилар, талабалар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган”ни билиб оламиз. Юқоридаги саволларга китобни ёзган, фойдаланганлардан, жумладан, суд-ҳуқуқ тизими ходимларидан жавоб олиш мумкиндир. Бироқ мавзумиз ОАВга тегишли қонунлар шарҳи ҳақида бўлгани боис, диққатни бошқа томонга қаратамиз.

    ОАВга оид қонунлар шарҳланганми? Бу саволга “Шарҳлашга ҳаракат қилинган”, дея жавоб берсак тўғри бўлади. Журналист-ҳуқуқшунос Карим Баҳриев бу ишга илк бора қўл урганди. Унинг “Журналистларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий асослари” рисолалари катта ҳажмдаги меҳнат маҳсули эканини таъкидлаш зарур.

    Бироқ мазкур китоблардаги шарҳлар қонунларга ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан бироз янгилашни талаб этади. Шу билан бирга, улардан уч ҳокимият ҳамкорликда фойдалангани бўйича маълумотдан бехабармиз.

    Миллат равнақи учун керак

    Жаҳонда ақл бовар қилмас воқеа-ҳодисалар содир бўлмоқда. Қудратли давлатлар дунёни қайтадан бўлиб олишга уринаётганини аҳолининг аксар қисми англаб етмаяпти. Тирикчилик илинжида билиб-билмай улардан бирини танлаяпти. Бу танлов келгусида ўз юртининг ҳимоясига чиқишга монелик қилмайди, деб ким кафолат бера олади? Халқнинг ҳақиқий маърифатли, ватанпарвар бўлишини ўйлаган ҳокимият журналистика майдонини эркин қўйиши, журналистга имкон бериши керак.

    Шу билан бирга, шундай муҳит яратилиши зарурки, бирор фуқаро уч ҳокимиятнинг ёки бошқа ташқи ва ички кучларнинг ноқонуний тазйиқига учраса, оммавий ахборот воситалари унинг учун доим мурожаат манбаи, таянчи бўлиб қолсин. Ҳокимиятда ишлайдиган бирор кадр ноҳақликка дучор бўлганда, унга нисбатан адолат бузилганда, унинг арз қилар манзили ҳам энг яхши журналистлар ишлайдиган таҳририятлар бўлиши керак. Мазкур ҳолат вужудга келиши мумкин бўлган кўплаб коррупция ҳаракатларининг олдини олади.

    Бунинг учун жонкуяр депутатлар, ижро ҳокимиятининг юртпарвар вакиллари, судьялар ҳамкорликда шундай тизимни яратиши зарур. Мазкур ишнинг аввалида эса уч ҳокимият мутасаддилари тўртинчи ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда ОАВга оид ва тегишли қонунларни шарҳлаши, миллатнинг равнақига, Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги обрўсига бевосита ижобий таъсир қиладиган, энг асосийси, келажакда мавжуд ҳокимиятлар ва журналистлар муносабатларини тартибга солиб турадиган амалий қўлланма – шарҳлар тўплами яратилиши зарур.

    Нега шарҳлар тўплами?

    ОАВ давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига доир ахборотлар тарқатади, таҳлил ва танқид қилади. Бунда турли соҳалар вакиллари, айниқса, раҳбарлар манфаатлари кесишади, тўқнашади. Мисол тариқасида “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонундаги “Оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар”, дейилган бандга эътибор қаратамиз.

    Аввало ахборот берувчи, деган жумла шарҳга муҳтож. Тўғри, ахборот берувчи оддий шахс бўлса, унинг бўлиб ўтган воқеа-ҳодиса ҳақидаги тасаввури ва тушунчасидан, баъзи ҳолларда манфаатидан келиб чиқиб берган ахборотини журналист қайта текшириб кўриши шарт. Лекин ахборот масъул шахс томонидан тарқатилган бўлса, устига-устак, давлат сири бўлиб чиқса, “ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар” бўлиши жуда баҳсли. Ахир ахборотнинг сир эканини журналист қаердан билсин? Бундай пайтда ахборотни сиздирган масъул шахс жавобгар бўлиши керак эмасми?

    Қонун бандларини барча бирдек қўллаши зарур

    Англашиладики, ҳар бир ташкилот қонун бандларини ўзича англайди ва қўллайди. Биз эса ҳамма тараф бир хил тушунадиган шарҳлар зарурати ҳақида фикр юритмоқдамиз.

    Мазкур муҳим ишни, яъни шарҳни янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тегишли моддасидан бошлаш айни муддао бўларди. Унинг Оммавий ахборот воситалари” деб номланган XV бобида икки модда мавжуд.

    81-модда. “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.

    Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

    Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.

    Модданинг иккинчи бандида назарда тутилганидек, ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлар амалга ошмаса-чи? Мустақил топилган ахборотдан танқидий материалда фойдаланса-чи? Шундан сўнг тазйиққа учраса-чи? Унда тазйиқнинг ҳуқуқий таснифи қанақа бўлади? Умуман, қайси ҳаракатлар тазйиққа киради? Масалан, телефон орқали қўрқитишлар тазйиққа кирадими? Бу саволларга аниқлик киритдик ҳам дейлик. Навбатдаги саволлар: ОАВ эркинлиги ёки журналист фаолиятига тазйиқ бўлса, у ҳолда қайси ташкилотларга мурожаат қилиниши керак? Шикоятни қабул қилган ташкилот қандай амалларни бажариши шарт ёки бажармаса, ОАВ таҳририяти раҳбари, журналист яна қандай йўл тутиши зарур? Мурожаатни қабул қилишдан бўйин товлаган мутасаддиларга қайси қонунга асосан қандай чоралар кўрилади? Бу каби саволларга шарҳларда жавоб бериш талаб этилади.

    82-модда. “Цензурага йўл қўйилмайди.

    Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

    Бунга кўра, ОАВ фаолиятига тўсқинлик бўлса, қайси қонунга асосан, қандай чоралар кўрилади? Бунинг учун қайси ташкилотларга мурожаат қилиш керак? Шикоятни қабул қилган идора масъули қандай амалларни бажариши шарт ёки бажаришдан бош тортса, ОАВ яна қандай йўл тутиши мумкин? Мурожаатни қабул қилишдан бўйин товлаган мутасаддиларга қайси қонунга асосан қандай чоралар кўзда тутилган?

    Мазкур саволларга шарҳларда жавоб берилса, журналист ҳам, мутасадди ҳам, судьялар ҳам, оддий инсонлар ҳам ҳар бир ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади, ахборот олиш осонлашади, жамиятдаги мавжуд муаммонинг бартараф этилишига эришилади.

    Демак, қонунларнинг бандлари оммабоп тарзда шарҳланишидан тўрт ҳокимиятгина эмас, балки жамият ютади. Нафақат ОАВда, балки ижтимоий тармоқларда норозиликлар, ҳақоратлар камаяди, тайинли таклиф ва ақлли фикрлар кўпаяди. Шарҳдан жамият манфаат кўрса, давлатнинг обрўси ҳам ошиши шубҳасиз.

    Шарҳлаш заруратига яна бир сабаб

    Журналист қўллайдиган сўз ва жумлалар шарҳланиши муҳимдир. Масалан, журналистикада фельетон жанри мавжуд. Мустамлаканинг янги қиёфага кираётганини ҳис қилган Абдулла Қодирий аламли кайфиятда ёзган ва қамалишига (1926 йил 8 мартда қамоққа олинган) сабаб бўлган “Йиғинди гаплар” фельетонида қўлланилган сўзлардан бугун ҳам фойдаланиш мумкинми? Мазкур публицистик асарни ўқиган тадқиқотчилар бу мавзуда ҳеч нарса дейишмаса-да, унда қўлланилган сўзларнинг ҳақорат ёки туҳмат эмас, балки ижодкорнинг нуқтаи назари эканини таъкидлайди. Большевик айбловчиларидан бири И.Ғозиев бу ҳақда матбуотда мақола ҳам ёзган. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Абдулла Қодирий Шўро ҳукуматига қарши қалам тебратиб, унинг обрўсини тушириш ва Шўро ҳукуматида ишчи-камбағал меҳнаткашлар фойдаси учун ишлаб турғон зиёлиларни Шўро ҳукуматига қарши қилиш мақсади билан “Муштум” журналининг 27-сонида “Йиғинди гаплар” сарлавҳаси билан ёзғон бош мақоласида Ўзбекистон ижтимоий шўролар жумҳуриятининг Марказий ижроқўм раиси ўртоқ Охунбобоеф ҳам Марказий Ижроқўм президиуми аъзоси ўртоқ Икромуфларни масхара ва кулги йўли билан сабабсиз ва қонунсиз танқид қилғон”.

    Қайси сўз ёки жумлалар масхара ва кулги ҳисобланади? Инсон шаънини поймол қиладиган қандай гаплар ҳуқуқий малакаланади? Қолаверса, фельетон жанрининг ўзига хосликларини, жумладан, киноя, юмор, сатира тили ва ҳоказо ҳар қандай танқидий усулларни судьялар, ижро ҳокимияти, хусусан, куч ишлатар тизимлар бир хил англаши ва қабул қилиши зарур эмасми? Бунинг учун ҳам, албатта, ҳаммабоп шарҳ талаб этилади.

    Ватанпарварлик кифоя эмас, унга моддий асос муҳимдир

    АҚШ демократияси ривожига сезиларли туртки берган “Матбуотнинг ижтимоий масъулият назарияси”ни юзлаб олим ва мутахассислар катта лойиҳа доирасида ишлаб чиққан. Албатта, улар Америка орзуси билан тарбияланган ватанпарварлар эди, бироқ бу машаққатли меҳнат давлат томонидан моддий жиҳатдан муносиб қўллаб-қувватланган.

    Биз таклиф этаётган лойиҳада жонкуяр журналистлар, медиа ҳуқуқидан бохабар олимлар, тажрибали ҳуқуқшунослар, қораловчилар, адвокатлар, халқаро экспертлар ва, албатта, адолатпарвар судьялар... барча тизим вакиллари иштирок этиши, лойиҳаси тайёрлангач эса унинг кенг муҳокамаси ташкил этилиши зарур. Лойиҳанинг Олий Мажлис томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, молиялаштирилиши ҳам айни муддао бўлади. Зеро, бу даргоҳ халқ ва юрт манфаати учун қонунлар қабул қиладиган издиҳомдир.

    Журналистларнинг фаолиятидаги хавфларни камайтириш зарур

    Бандасининг табиати шундайки, у доимий назоратни талаб этади. У хоҳ журналист, хоҳ ҳуқуқ посбони бўлсин, олган тарбияси, тор дунёқараши сабаб ўз “маслаги” йўлида виждонидан кечиши мумкин. Бундай пайтда қонунлар, ахлоқ қоидалари ўз ўрнини сездириб, уларни тизгинлаб туриши зарур. Қўйиб берсангиз ҳатто олимлар ҳам разилликларини эзгу мақсадга йўяди. Бири орийлар ғоясини ўтказиш учун фашизмни ўйлаб топди, ўзга давлатларга урушлар очди, миллионлаб инсонлар қирилиб кетди, коммунизм ғоясини амалга ошириш учун унинг “ижодкорлари” ўзгача фикрлайдиганларни қамоқларда чиритди, жисман йўқ қилди.

    Мустақиллигимизнинг дастлабки 25 йилида юз берган адолатсизликларга миллий хавфсизликни рўкач қилиб шахсий манфаатини ўйлаган, бу ҳаракати билан тараққиёт ғилдирагини тўхтатган идора мутасаддиларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф чоғида қаттиқ танқид остига олди.

    Хулоса қилиб айтганда, давлат ва жамиятда ахборот манбаига масъул ҳисобланган ташкилот мутасаддилари ҳам, ахборотларни тарқатиш, таҳлил қилиш масъулиятини зиммасига олган ОАВ ва журналистлар ҳам қонунлар шарҳларига муҳтож. Қонунларнинг шарҳланмагани, айниқса, журналистларнинг фаолиятида хавфларни кўпайтиради.

    Ҳалим САИДОВ,

    “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates