Оила-шахсий хотиржамлик ҳудуди

    Ижтимоий ҳаёт 31 январ 2022 3138

    Оила. Инсоннинг ишдан ҳориб келганида ҳаловат топадиган маскани... Юракнинг барча чигиллари ёйиладиган қўрғон... Эр-хотин, бола-чақа учун шахсий хотиржамлик ҳудуди. Аммо, ҳаммада ҳам шундайми? Кейинги пайтларда ажримлар ҳақида эшитсам, ажралишга сабаб бўладиган баҳоналардан энсам қотадиган бўлган. Бир оилани асраб қолиш учун қанча кексаларни ишга соламиз... Кўпни кўрган онахонларнинг ҳаётини ибрат қилиб кўрсатамиз. Қанийди кор қилса?

    Яқинда конимехлик бир ёш оилани ажралиш сабабларини ўргандик. Келинг, сизни ҳам бор можародан хабардор қилайлик. Келин турмуш қураётганида маҳалласига дув-дув мақтов гаплар билан кириб келди. Ҳа, эмишки келин бўлмиш рўзғори учун бор мебеллару, техника жиҳозларини олиб келибди. Тўй куни эса келин сарпога қўшиб олиб келинган замонавий кўзни қамаштирадиган жиҳозларни кириб томоша қилмаган одам қолмади. Фаровон яшашга интилиш яхши. Хўп, ота-онаси орзу ҳавасли экан, тўёна қилишганда дерсиз...Афсуски, тўйдан кейинги тўс-тўполон айнан шу қимматбаҳо мебеллару, замонавий техникалар учун бошланди. Қачонки, банк ходимлари келинчакнинг ўйига кредит тўловларини сўраб келишганида...Тўғри топдингиз, келин ота уйидан келар чоққа банк кредитидан рўзғорини бут қилиб, камига фалон сўмли қўл телефонини ҳам харид қилиб келган. Қизиқ, буни тўловини ким қилади, деб ўйламаганмикан? Афсуски, ойига 3 миллиондан ошиқ тўлов қилиниши керак бўлган маблағ учун бир оила ажралди. Чунки, катта қарз билан кириб келган келин қанчалар оилага тайёр бўлмасин, уни куёв оиласи қабул қилмади. Бу оилани асраб қолиш учун кимлар аралашмади, дейсиз. Маҳалла, ҳатто туман ҳокимининг ўзи ҳам бу муаммони ўрганди. Ишсиз келин-куёвларни ишга ҳам жойлаштириш учун ҳаракатлар қилинди. Бироқ.....

    Навоий шаҳридаги ажримга сабаб бўлган яна бир ҳолат.

    — Эндигина оила қурган йигит алламбало интернет қиморида бор бисотини тиккан, — дейди Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Гулмира Шамситдинова. — Куёвнинг ота-онаси таниш билишини орага солиб, ўғлини бир неча маротаба ишга жойлаштириб қўяди. Афсуски, йигит ўша икки ёки уч ой ишлайдиган корхоналарида ҳам ўнлаб одамлар ишончига кириб, ўзгаларнинг пластик карталаридаги пул маблағларини қимор ўйинига тикади. Натижада бир оила барбод бўлди. Боиси, куёвнинг келин билан умуман иши йўқ, ўй-хаёли виртуал оламдаги қимор ўйинларида. Қизнинг ота-онаси орада бола бўлмасидан «куёв бўлмиш» фарзандини ҳам қиморга тикивормаслиги хавотирида никоҳни бекор қилишди. Энг ёмони, ажримга қанчалик вақт бермайлик, берилган имкониятимиз бефойда. Олий маълумотли йигитнинг парвойи фалак. На келинчакка, на ота-онасига ичи ачийди, «зомби»га ўхшаб қолган. Шу бугун пул топса, яна интернетга кириб ўйин ўйнаса..., Бундай можароларни кун ора эшитасиз.

    — Энг афсусланарлиси, ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдакни ота-оналар турмушга узатиш учун ФҲДЁ бўлимларига олиб келишади, — дейди Нурота тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Зебо Мирзаева. — Негадир, одамларимиз ёшларни фуқаролик паспорти олдими, демак турмуш қуриши мумкин, деган фикрда бўлади. Аслида қиз бола на оилавий муносабатларга тайёр, на оила қуришга. Ҳатто, улар никоҳ учун жисман ҳам тайёр эмас. Яқинда «Эшонсудур» маҳалласидан келди. Аммо, тушунтиришларимизга қарамай, қизни қонуний никоҳсиз «келин» қилиб узатди. 16-17 ҳатто 18 ёшда ҳам йигит-қизларимизни турмушга тайёр эмас деб ҳисоблайман. Хаёлимдан фуқаролик паспортини беришни 18 ёш қилиб белгилаш керак, деган фикрлар ҳам ўтади. Аммо, қанийди эрта турмушни олдини олишни фақат ҳужжатлар белгиласа. Қанча куйинманг, барибир ўз билганидан қолмайдиган ота-оналар қанча?...Никоҳ ёшини 18 дан эканлигини билсада, «келинг шуларни заксдан ўтказиб қўяйлик», — деб болаларининг паспортларини «қўлтиқлаб» келувчилар қанча... Наҳот одамлар фарзандининг ҳаётини ўртага қўйиб нималарнидир режалаштирсалар...

    Карманада эса ҳали турмуш қуришганига 6 ойгина бўлган оила никоҳни бекор қилди. Сабаб эса хиёнат, йигитларнинг беқарорлиги туфайлидир. Ота-онанинг истаги, қиз ва йигитнинг кўнгил мойиллиги билан қурилган оила кўпга бормади. Йигит 19 ёшда қиз эса 18 ёшда. Аниқ бўлишича, йигит шундоққина ўзи яшайдиган манзилнинг кўча бошида ижарада турган ўзидан 4-5 ёш катта «болали аёл» билан 2 йилдан буён яшаркан.

    — Наҳот, ота-онанинг шу ҳолатдан хабари бўлмаса..., — дейди туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Гулшан Бекназарова. — Албатта хабари бўлган, аммо “...уйлантирсак, кўнади...» қабилида иш тутган. Ажрим жараёнида келинга нисбатан йигитнинг гап сўзларини эшитган инсоннинг эти жимирлайди. Ахир, оила эр-хотиннинг хоҳиши асосида қурилади. Келин тараф кўзида ёш билан куёвини «қарғай қарғай» чиқиб кетди, келин эса ёшлиги туфайлими, нима бўлаётганини ҳам англамайди... Туманда 2021 йилда кузатилган 177 та ажримдан 20 дан ортиқ оиланинг айнан хиёнат туфайли никоҳи бекор қилинди.

    Яқинда ижтимоий тармоқларда 15 ёшли лўли миллати вакилларининг тўй томошаси чиқиб кетди. Бу тўй жамоатчиликнинг турли баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Мен эса бу тўйни фожиа деб ҳисоблайман, — дейди Навбаҳор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Ҳалима Нурматова. — Ахир, «қовун қовундан ранг олади», деган гап бор. Демак, одамларда шу ёшда ҳам тўй қилса бўлади, деган фикр пайдо бўлиши бор гап. Ажримларга сабаблар жуда кўп мавжуд. Кейинги пайтларда молу-мулки бировга ўтиб кетмасин деб қизини ёшлигидаёқ ўзининг яқин қариндошига узатаётганлар кўпайиб бораётганини айтиш жоиз. Ёки икки бой бадавлат оила фарзандлари кўнглига қарамай қуда бўлишни ният қилгани учун ҳам ажримлар кўпаяётганичи... Ёки умуман ёшларнинг бирор касб эгаси бўлмай туриб оила қураётгани сабаб ҳам, молиявий етишмовчилик, руҳий касалликларини яширгани учун ҳам бундай хунук оқибатлар содир этиляпти. Энди номигагина ўтказилаётган тарғиботлар ўтмайди. Кимни алдаймиз, агар тарғиботларимиз натижа бермаса.....Биз отинойилар билан ҳам маслаҳатлашиб кўрдик. Бироқ, тадбирлар жуда кам натижа беряпти.

    Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Манзура Қўлдошеванинг сўзларига кўра тумандаги ажримларнинг айримларига ичкилик ва гиёҳвандликка берилиш ҳолатлари сабаб бўляпти. Ҳайратланарли жойи, ота-оналар ҳеч қаерда ишламайдиган, ўқимайдиган, камига ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйган ўғилларини ўйлантиради. Назаримда тарбия масаласи оқсаган оилада бундай фарзандлар улғаяди. Тўйдан кейин бўлар-бўлмасга доимо калтакланган келиннинг сабри ҳам тугайдида. Калтакнинг зўридан ҳомиласи ҳам нобуд бўлган келин ажралишга қарор қилди. Ажримларни олдини олишдаги тадбирларимизнинг бирида “...ўзимни ўйламаяпман, бўлажак фарзандимнинг гиёҳванддан туғилишини истамайман», деб юм-юм йиғлаган қизнинг руҳий азобига биз ҳам чидай олмадик.

    Хуллас, баъзида оддийгина «ғиди-биди»дан бошланадиган жанжалларнинг бир йил ўтгандан кейин ФҲДЁ идораси остонасида «феъл атворимиз тўғри келмади» деган важ билан кириб келишидан тизим ходимларининг юраги безиллайди. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2021 йил давомида 1 229 та оиланинг никоҳи бекор қилинди. Уларнинг 917 таси суд орқали ва 224 таси фарзанди бўлмаган эр-хотинларнинг ўзаро розилиги туфайли ажрим ҳолати расмийлаштирилган. 79 та жуфтликнинг такрорий никоҳда бўлгани учун суд қарори билан никоҳи бекор қилинган. 5 нафар оиланинг эса эр ёки хотинининг руҳиятидаги бузилиш сабаб умуман «муомалага лаёқатсиз» деб топилгани боис суд қарори билан никоҳи тугатилди. Никоҳни бекор қилиш бўйича энг пешқадам ҳудуд Навоий шаҳри ҳисобланади, 293та оила бузилган. Хатирчи туманида 198та, Кармана туманида 177 та, Қизилтепа туманида 149 та, Навбаҳор туманида 133 та, Зарафшон шаҳрида 129 тани ташкил этмоқда. Афсуски, шу ажримларнинг 60 фоизи 18-20 га кирган ёшлардир.

    ДХА Навоий вилояти ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates