Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак, мамлакатимизда жамиятнинг ривожланиш тенденциялари, аҳолининг демографик ўсиши, салмоқли қатлам бўлган ёшларнинг интилиши, глобал технологик жараёнларни ҳисобга олмаган ҳолда таълим тизимида ўтказилган ислоҳотлар кутилган самарани бермади. Унинг асносида муаммолар кўпайса кўпайдики, камаймади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, демографик жараёнлар ва урбанизацияни, башарият тафаккури ҳамда халқимизнинг ўсаётган сиёсий дунёқараши, онги ва маданияти, умумхалқ манфаати чуқур ўйланган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик санасини нишонлаймиз. Тарих учун ўттиз йил арзимас, албатта, лекин бу жамият тараққиёти учун анча салмоқли муддат ҳисобланади. Шу йиллар давомида нималарга эришдик, қандай ютуқларни қўлга киритдик, деган саволлар ҳаммани қизиқтиради.
Жамият тараққиёти ҳамма вақт ҳам бир текисда ривожланмайди, чунки у ўз йўлида қарама-қаршиликларга, зиддиятларга бой бўлади, лекин ана шу зиддиятлар ва қарама-қаршиликларни мустаҳкам ирода ва матонат билан енгиб, ўзининг тараққиёт йўлини тўғри танлаб олишда мамлакат етакчиларининг роли ва ўрни катта бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобида таъкидлаганидек, “Мустақил тараққиёт борасида эришган улкан ютуқлар билан бирга, йўлимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлмаганини очиқ айтиш лозим. Мустабид тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этишга қаратилган жараёнлар, мураккаб ва таҳликали даврнинг ўзи турли муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўйди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун билим ва тажрибамиз, ирода ва қатъиятимиз баъзан етса, баъзида етмаган ҳолатлар ҳам бўлди”.
Агар етакчи бурилиш палласини ҳис қила олмаса, жамият турғунликда қолиб кетади. Шунинг учун ҳам тарихчилар шахснинг тарихдаги ролини алоҳида эътироф этиб, уни алоҳида илмий мавзу сифатида ўрганади. Шу маънода халқимиз етакчи масаласида шукрона айтиб келмоқда. Ҳар қандай ютуқнинг гарови — бу тинчликдир. Шундай экан, жамиятимизнинг барқарор ривожланишида миллат етакчисининг хизматлари катта, буни халқимиз қадрлайди.
Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик лавозимига келиши билан мамлакатда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишнинг натижаларини таҳлил этар эканмиз, Ўзбекистон муҳим тарихий бурилиш палласида турганини аниқ кўрамиз.
Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида кейинги беш йил ҳеч ўйлаб кўрилмаган, хаёлга келтирилмаган янгиликларга бой бўлди. Айнан шу даврда мамлакатимиз иқтисодиётида, маданияти ва маънавиятида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида, турмуш тарзида, дунёқарашию, тафаккурида демократик ўзгаришлар юз берди. Умуман ҳамма соҳада катта юксалиш, ривожланиш ва ижобий ўзгаришлар даври бўлди. Бу беш йилликда демократик қадриятлар, фуқароларнинг демократик-ҳуқуқий эркинликлари қарор топиб, матбуот ва сўз эркинлигига йўл очиб берилди. Жамиятга демократик ҳуқуқий ва матбуот эркинлигини бериш ҳар қандай давлат раҳбаридан катта матонат ва жасорат талаб этади. Шавкат Мирзиёев ўзида ана шу матонат ва жасоратни топа олди. Бу хизматлари билан Президентимиз харизматик шахс эканини исботлади ҳамда Ўзбекистон тарихида демократик президент сифатида алоҳида жой олди. Булар ҳаммаси халқимиз учун ҳақиқий маънодаги туҳфа бўлди. Буни айтишдан мақсадим — таълим эркинликни севади.
Таълим тизимида, жумладан, олий таълимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юз берган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга. Амалга оширилган ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришларга олиб келди, ҳатто халқаро майдонда ҳам мамлакатимиз обърў-эътиборини янги босқичга олиб чиқди. Бу борада қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимиз таълимдаги камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, уни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб берди. Таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, маънавий- маърифий муҳитни замон талабига мослаш, ўқитувчи касбининг, нуфузини ошириш, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини таълимга жорий этишга катта эътибор қаратиш масалаларига жиддий ёндашиш ва шу билан бирга, ўқитувчилар ойлигини ошириш ва рағбатлантириб бориш зарурлигини кўрсатди, бу масалаларда катта ишлар амалга оширилди.
Замонавий илм-фан ва ишлаб чиқариш томонидан илгари сурилган барча масалаларни ишонч билан ҳал қилишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш учун олий ўқув юртларида барча шарт-шароитлар, имкониятлар яратилмоқда.
Ҳар қандай барқарор ривожланаётган жамият да хато-камчилик бўлгани каби, бизда ҳам улар мавжуд бўлганини тан олиш керак. Ёшларнинг олий таълим олиш ва конституцион ҳуқуқларини руёбга чиқариш имконияти маълум даражада чекланган эди. Кейинги беш йилда ўтказилган Олий таълим ислоҳотларида бундай ҳолатларга бутунлай чек қўйилди ва у ўтмишга айланди.
Олий таълим ислоҳотларининг маҳсули сифатида мамлакатимизда олий маълумот олмоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро учун имкониятлар эшиги очилди. Аниқроқ айтганда, ёшидан қатъи назар, олий маълумотни кундузги, кечки ва ситқи таълим шаклида олишга шароит яратилди. Яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ёши, миллати ва элатидан қатъи назар, ўзининг Конституцион ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, меҳнат стажи, иш тажрибасига эга бўлган фуқаролар ўзлари ишлаётган корхонанинг юқори ташкилотлари тавсияси билан имтиҳонсиз, суҳбат асосида олий ўқув юртига кириш имкониятини қўлга киритди. Жумладан, камида 5 йил иш стажига эга ходимларини 2021/2022 ўқув йилида давлат ОТМларининг сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга кириши учун Республикамиздаги 71 та ташкилотга тавсия бериш ҳуқуқи берилди. Улар томонидан берилган йўлланмага кўра, ишловчи ходимлар имтиҳонсиз, суҳбат натижаларига кўра, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилиш қоидасининг киритилиши халқимиз учун кутилмаган янгилик бўлди. Ҳар бир ташкилот 100 тагача ходимига шундай йўлланма бериши мумкинлиги ҳам қайд этилди. Олий таълим ислоҳотининг бу қоидаси бозор муносабатларининг моҳиятига ҳам мосланди.
Олий таълим ислоҳоти, фуқароларнинг олий таълим олиш ҳуқуқи тўғрисида гап борар экан, ўрта мактаб ва коллежлар битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш масаласи ҳам ечимини кутаётган ўткир муаммолардан эди. Мактаб ва коллеж битурувчилари билан олий ўқув юртларининг нисбати кескин фарқ қилиши билим оламан, деган илмга чанқоқ ёшларнинг эҳтиёжини қондира олмаслиги оқибатида минглаб ёшларнинг яқин ва узоқ мамлакатларга чиқиб кетишига олиб келди. Президент ташаббуси билан кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2017-2021 йилларда бу рақам олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етди.
Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2030 йилда 50 фоизга етказилади. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади.
Олий таълим муассасалари сони 141 тага етди, қабул ўринлари 66 мингтадан 182 мингтага ошди. Хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг 26 та филиалида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълимнинг қамров даражасини босқичма-босқич ошириш, тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқув юкламаларини мақбуллаштириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 баробарга оширилиши — олий таълим ислоҳотларининг дастлабки натижаларидир.
Олий таълим ислоҳотларининг муҳим қирраларидан яна бири ёшларимизнинг бир вақтда бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш масаласи эди. Мамлакатимизда анча йиллардан буён фаолият юритаётган хорижий олий таълим масканларининг қабул жараёнига ҳавас билан қараб келар эдик. Зеро, бир вақтнинг ўзида мамлакатимиздаги ҳамма хорижий олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш мумкин эди. Бу ҳолат бизни ҳам ҳайратга солар, ҳам ҳавасимизни келтирган. Президентимиз айнан ана шу масалада “Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини беришимиз, ўйлайманки, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади”, — деб таъкидлаган эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай ёшларимиз шундай имкониятга эга бўлди.
Кейинги йилларда олий таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг, шунингдек, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари ва филиалларининг кириб келиши ижобий ҳолат бўлди. Бир жиҳатдан олий таълимнинг қамрови кенгайса, иккинчидан, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ижобий маънодаги ўзаро рақобатни таъминлайди, тизимда бозор қонунлари ишлай бошлайди. Зеро унинг натижаси муҳим ҳисобланади, чунки ҳар бир олий ўқув муассасаси сифатли кадр лар тайёрлаш учун курашади. Рақобат ва бозор сифатсиз маҳсулотларни ёқтирмайди. Натижада рақобатбардош маҳсулот яратиш ҳар бир олий таълим муассасасининг асосий мақсадига айланади, натижа кутилганидек юқори бўлади. Шуларнинг ўзиёқ таълимдаги ислоҳотлар чуқур ўйланган ҳолда олиб борилаётганини англатади.
Тизимдаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, олий таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқадорлик интеграциясини вужудга келтириш бўлди. Зеро, ҳамкорликсиз юқори малакали, замон талабидаги кадрлар тайёрлаш мумкин эмас. Мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналарининг бузилиб кетиши натижасида ҳамкорлик алоқалари узилиб, таълим ўз йўлида, ишлаб чиқариш ўз йўлида фаолият юритар эди. Бугунги кунда мамлакатимизда йирик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналари қад кўтарди, олий таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик интеграцияси йўлга қўйилди. Техника олий ўқув муассасалари талабалари нафақат янги технологиялар билан танишиш, балки уларни бошқариш амалиётига эга бўлмоқда.
Садриддин ТУРОБЖОНОВ,
Тошкент давлат техника университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор