2016 йилни бир эслайлик. Давлатимиз раҳбари Президент лавозимига киришган илк кунларданоқ юртимиздаги барча соҳада катта ўзгаришлар бошланди. Ташаббуслар ислоҳотларга йўл очди. Хусусан, ёшлар сиёсати ва таълим сифатига давлат эътибори кучайди. Шу маънода, бугуннинг ёшларини янги Ўзбекистоннинг бахтиёр ёшлари, дейишга тўлиқ асослар бор. Бунинг исботини сўнгги етти йилда барча соҳалар сингари олий таълим тизимидаги ёшлар ҳаёти мисолида ҳам айтиш, кузатиш мумкин.
1 августни эслайсизми?
Бу сана кўплаб ёшлар учун кутиладиган кун эди. 1 август минглаб ёшлар ҳаётида туб бурилиш ясаган, яна минглаб иқтидорли, салоҳиятли йигит-қизлар эса нотўғри тизим туфайли ҳақиқий баҳосини топмаган. Бунинг ортидан қанчадан-қанча билимли қизлар олий ўқув юрти эшиги тагидан ортга қайтган, яна бир йил ўқишга тайёрланиш ўрнига, тўғрироғи, вақт ютқазмай турмушга узатилган. Айрим йигитлар эса оила юкини ташишда отага кўмакчи сифатида ёлланма ишчи бўлишга мажбур эди. Мамлакатимиз минглаб билимли ёшларини шу тариқа бой берди.
Бир кунда ўтадиган, таълим йўналишининг фақат биттасини танлаш имконини берадиган тест синовлари боис қанчадан-қанча билимли ёшлар ўз билими ва салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмасди. Бунинг жамиятдаги салбий асоратлари ҳали-ҳануз ўзини кўрсатаётир.
Биринчидан, саноқли олий таълим муассасаси бор эди, квота ўринлари етарли эмасди. Хусусий олий таълим муассасалари-ку, тасаввуримизга ҳам сиғмасди. Агар кимдир вақти келиб Ўзбекистонда ҳам ўнлаб нодавлат таълим муассасалари бўлади, деса, тўғриси, ишонмасдик, ажабланардик.
Энг ёмони, айрим йўналишлар бир ўринга 20-30 абитуриент курашишини талаб қиларди. Имтиҳон топшириш учун эса етарли шароит йўқ, иссиқ хоналарда ҳушидан кетган, саломатлигини йўқотган ёшларни бир эсланг. Бундан ташқари, талаб юқорилиги ўз-ўзидан олий таълимда коррупциянинг кенг тарқалишига олиб келди. Таълимда “танка”, “учар паровоз”, “ишбилармон”, “бункер” сўзларига аста-секин кўника бошладик. Йилдан йилга ўқишга киритишнинг юзлаб усуллари топилди, жамиятимиз бора-бора “Пулинг бўлмаса, ўқишга кира олмайсан”, “Ё заринг, ё зўринг бўлсин”, деган хулосага кела бошлади.
Иккинчидан, талаба бўла олмаган ёшларнинг жамиятдан норози кайфияти кучая борди. “Бизнинг жамиятда адолат йўқ”, деган фикр шаклланиши давлатдан норози ёшлар сони ортишига сабаб бўлди. 10-15 йил илгари ёшлардан “Ўқишга кира олмасанг, нима қиласан?” деб сўралганда, “Россия ёки Қозоғистонга ишлашга кетаман”, дер эди. Қанчадан-қанча қизларнинг таълим олиш орзуси армонга айланди. Улар ўша даврларни афсус ва надомат билан эслайди. Қалбининг туб-тубида олий таълим олмагани изтироби силқиб туради. “Қанийди, ёшликка қайтиб қолсам, имкониятларнинг барчасидан фойдаланардим”, дейди. Ачинарли томони, аксарият ёшлар ўқишга кира олмагани туфайли жамиятдаги мавҳум бўшлиқда муаллақ қолди, яъни унинг коллежда етарли даражада касб ўрганмагани, қўлида бирор касби йўқлиги ва ўзини ўнглаб кетиши учун ҳам давлат томонидан ҳозиргидек шароит яратилмагани, қўллаб-қувватланмагани туфайли аросатда қолди. Натижада уюшмаган ёшлар қатлами пайдо бўлди. Ким қаерга деса, эргашадиганлар сони ортиб бораверди. Яшаб турган жамиятидан ҳафсаласи пир бўлган бу каби ёшлар ҳар қандай зарарли ва вайронкор ғояларга арзимас сабаблар билан эргашиб кетган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Ҳозир ўйлайман, ўша даврларда ҳеч қурса “Ёшлар дафтари” каби бирор лойиҳа бўлса, бугун жамиятимиз қандай илгарилаб кетган бўларди?!
Учинчидан, абитуриент минг азоб ва қийинчиликлар билан ўқишга кирганидан сўнг ҳам унинг “азобли даври” давом этарди. Яъни талабалик учун тўлов контракт суммасини 15 сентябргача тўлаш, талабаликдан четлатиш, пахта териш, мавсумий ишларга жалб қилиниш, ободонлаштириш ва кўча-кўйда гул, кўчат экиш каби қанча ҳаётий ташвишлар кутарди. Булар саноқда оддий кўрингани билан аслида ҳар бири талаба учун катта муаммолар туғдиради.
Юртимизда сўнгги йилларда олий таълимни ислоҳ қилиш жараёнида абитуриентларни талабаликка қабул қилиш учун ҳам кенг имконият ва имтиёзли тизимлар йўлга қўйилди.
Биринчидан, бугунги ёшлар – абитуриентлар учун уйдан туриб онлайн тарзда ҳужжатларини ўзи истаган бешта таълим муассасасига мос таълим йўналишлари бўйича топшириш имконияти яратилди. Энди биргина ҳужжат топшириш учун абитуриент Қорақалпоғистон ё Хоразм, Сурхондарё ё Навоий каби олис ҳудудлардан, неча юз километр босиб, вақт ва маблағ сарф қилмайди. Уйда ўтириб ҳужжатларни онлайн топширади.
Хайрли ислоҳотлардан яна бири пойтахтимиздаги каби нуфузли олий таълим муассасалари узоқ ҳудудларда ҳам очилгани бўлди. Бунинг ортидан минглаб йигит-қизлар ота-онасидан йироқ кетмай олий таълим олишга муваффақ бўлмоқда. Тест синовлари эса шаффофликни таъминлаш учун катта спорт майдонлари, йирик павильон ва иншоотларда, барча қулайликлар таъминланган ҳолда бир ой давомида ўтказилмоқда. Бунда ҳеч ким на телефон, на бошқа “ёрдамчи куч”ларга таяна олмайди. Ота-оналар учун ҳам кутиш жойлари ва онлайн тарзда ўз фарзандининг имтиҳон топшириш жараёнини кузатиш учун шароитлар яратилди. Бугун тест синови имтиҳонларига келиб “адолатсизлик бўлди”, “коррупцион ҳолат кузатилди”, “шаффофлик бўлмади” каби салбий фикрларни ҳеч ким айтмаяпти. Чунки бунга шароит ёки имконият қолдирилмади.
Иккинчидан, бугун ҳар бир ёш олий маълумотли бўлиши учун қабул параметрлари бир неча каррага оширилиб, номдор стипендия, давлат мукофоти совриндорлари, ногиронлар, хотин-қизлар, ҳарбий хизматчилар фарзандлари, шунингдек, қорақалпоғистонлик ёшлар учун махсус квота ўринлари ажратилди. Хусусий, халқаро ва қўшма дастур таълими доирасида кўплаб олийгоҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун олий таълим муассасалари сони салкам уч карра кўпайиб, 210 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етгани замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ўғил-қизларимиз учун янги имкониятлар очмоқда. Ёшлар илмга чанқоқ, таълим олишга интилаётир. Улар ҳеч иккиланмай ўқишга топширмоқда. Ўзи танлаган олийгоҳга ўқишга кира олмаган тақдирда ҳам хусусий ёки халқаро олийгоҳларда ўқишини давом эттириш имконияти бор. Қисқаси, бугун ўқимайман деган ёшлар сони камайган. Ёшлар “келажак ўқиганники” эканини тушуниб етди.
Учинчидан, талаба бўлишнинг катта ташвишларидан кейинги тўлов контрактини тўлашдаги муаммолар ҳам давлат қўллаб-қувватлови билан ҳал этилмоқда, яъни банклар томонидан имтиёзли таълим кредитлари ажратилмоқда. Оилада икки ва ундан ортиқ фарзанди ўқийдиганларнинг тўлов контракти, ётоқхонада яшаш тўловларининг ҳам муайян қисмини давлат томонидан тўлаб бериш тизими жорий қилинди.
Энг қувонарлиси, хотин-қизларга берилган имконият бўлди. Қўшимча квоталар ажратилиши, имтиёзлар яратилиши, айниқса, магистратурада таҳсил олаётган қизларнинг контракт пули тўлиғича давлат томонидан қоплаб берилиши билим олишга интилаётган хотин-қизлар сафини кенгайтираётир. Бу борадаги имтиёзларни санасак, салмоғи ортиб бораверади.
Пахта машинасига айланган талаба
2001–2005 йилларда Бухоро давлат университетида таҳсил олганман. Яқин тарих. Ҳали талабаликка қабул буйруғи чиқмай бизни пахта майдонига олиб чиқишди. Курсдошлар билан танишувимиз пахта майдонларидан бошланди. Ўқитувчилар ҳақидаги илк тасаввурларимиз эски кийим ва этак тутган одам қиёфасида шаклланди.
Менда ва мен каби тенгдошларимда талабалик орзуси, бахти ушалиб ўқишга кириш ва кейинчалик сифатли таълим оламан, яхши мутахассис бўламан, ота-онамнинг “Болам ўқиб катта одам бўл, катта олим бўл”, деган ниятини амалга ошириш мақсадлари бўлган. Афсуски, мен қатори минглаб ёшлар вилоятларда, ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам кўп йиллар ўқув йилини пахта даласидан бошлаган.
Яқин-яқинларгача ўқитувчи-муаллимлар, ҳатто ўқувчилар ҳам уч-тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилган, натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ачинарлиси, бундай ҳолат минглаб ёшларни саводсизлаштириш, номига дипломли қилиш, ҳар хил касаллик орттириш каби кўплаб аянчли ҳолатларни юзага келтирди.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида шундай салбий ҳолатларга чек қўйилди. Ўзи бекорга “Уч авлод” учрашуви муҳимлиги ҳақида гапирилмас экан. Яъни аввалги авлод вакиллари билан суҳбатлашсак, кечаги хотираларни гапириб, уларнинг бугунги кунларга шукронасини эшитамиз. Талаба учун ҳам, унга дарс берадиган устоз-муаллимлар учун ҳам бетакрор давр бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.
“Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда...”
Бугун ёшларга сифатли таълим олиши учун барча қулайликларга эга замонавий бинолар, ўқув хоналари, талабалар турар жойлари бор, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, иқтидор ва қизиқишларини юзага чиқариши учун барча йўналишларда кўплаб тўгараклар, машғулотлар йўлга қўйилган.
Фикримизга мисол сифатида Бухоро давлат университетидаги таълим сифати ва имкониятларининг айрим нуқталарига эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунги кунда университетимизда 25 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, уларга 1000 га яқин профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Олийгоҳ илмий салоҳияти эса 43 фоизга етди.
Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшаман!”, деган юксак мақсадлар фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, уларнинг ҳаёти ва фаолияти мазмунига айланиб бораётгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди”, деган ишончини Бухоро давлат университети ёшлари ўтган ўқув йилининг ўзида юзлаб ютуқлари билан оқлашга ҳаракат қилди. Масалан, бир талабамиз Президент давлат стипендияси, саккиз талабамиз Навоий, бир талабамиз Ислом Каримов, икки талабамиз Мирзо Улуғбек, бир талабамиз Камолиддин Беҳзод, яна бир талабамиз Беруний номидаги давлат стипендияси, тўрт талабамиз ректор стипендиялари ҳамда бир талабамиз Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлди. Шунингдек, бир талабамиз “Улуғбек ворислари” танлови республика босқичи ғолиби ва 400 дан ортиқ талаба-ёш халқаро, мамлакат ва вилоят миқёсидаги интеллектуал, илм-фан, мусиқа, санъат, спорт, туризм, ахборот технологиялари соҳасида ўтказилган олимпиадалар, танловлар, мусобақаларда иштирок этиб, нуфузли ўринларни қўлга киритди.
“Беш ташаббус олимпиадалари” том маънода бугунги кунда йигит-қизлар иқтидорини юзага чиқаришнинг асосий драйверига айланган. Бугун университетда мавжуд коворкинг, бандлик, волонтёрлар марказлари, “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Мунозара”, “Талабалар театр студияси”, “Талабалар спорти” каби ўнлаб клублар, элликдан ортиқ фан, маданият, санъат, спорт, интеллектуал тўгараклар талаба-ёшларнинг севимли масканига айланган.
Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманлари кесимида, айниқса, “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”, “Билим ва тафаккуримиз шу эл учун, шу юрт учун!”, “Биз келажак бунёдкоримиз!” каби шиорлар остида ўтказилган ёшлар ойлиги доирасидаги тадбирлар сони ва салмоғи жуда кенг бўлди. Ушбу тадбирларда Бухоро давлат университети талаба-ёшлари иштирокида 500 га яқин тадбир вилоятдаги шаҳар ва туманлар, маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида юқори савия, кайфиятда ўтказилганини эътироф этиш ўринлидир.
Бугун Бухоро давлат университети ёшларининг ҳар бири жонажон юртимиздаги ислоҳотлардан мамнун, ўзига, келажагига ишонади. Мақсади олий – келажаги порлиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ғайрати, шижоатини сафарбар этиш.
Янги Ўзбекистондаги улкан ислоҳотларнинг энг чўққисида доим ёшлар масаласи биринчи даражали вазифа қилиб қўйилган. Бунинг исботини янги таҳрирдаги Конституциямизда “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, деб белгилаб қўйилганида ҳам кўриш мумкин. Бу эса давлатнинг ёшлар олдидаги масъулиятини янада кучайтиради, янги лойиҳалар, янги вазифаларни амалга ошириш учун асос ва туртки бўлади.
Азизбек ОМОНОВ,
Бухоро давлат университети биринчи проректори