Зотан, ишбилармонликнинг моҳияти ишлаб чиқариш омилларининг янги комбинациясини аниқлаш ва ундан фойдаланиш, иқтисодиётни тараққий эттиришда катта аҳамиятга эга инновацияларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат.
Олимлар фикрича, тадбиркорликни фанга ҳам, санъатга ҳам боғлаб бўлмайди. У ўзига хос фаолият, амалиётдир. Ишбилармонликнинг асосини замонавий билим ташкил этади, инновациялар эса тадбиркорлар учун алоҳида воситадир. Бизнингча, тадбиркорликнинг муваффақиятли шакллантирилиши шахсий манфаатни жамият манфаати билан уйғунлаштириш асосида фойда олиш мақсадида инвестиция киритиш билан боғлиқ.
Ўзгариш фактидан келиб чиқиб, тадбиркорлик замирида янги имкониятлар яратиш хусусияти ётади. Бозор ривожланишининг ҳозирги ҳолатидан олдин юрган ишбилармон ушбу афзалликдан муайян вақт фойдаланиш имкониятига эга. Бизнес иқтисодий ҳодиса сифатида бозор иқтисодиёти қонуниятлари (талаб ва таклиф, рақобат, таннарх ва бошқалар) амал қилиши асосида тадбиркорларнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан муносабатларидаги тижорат характерини акс эттиради.
Таълим тааллуқли бўлган “юмшоқ” технологиялар саноатида инновацион даврийликнинг номоддий омиллар билан боғлиқ босқичлари келажакдаги даромадларга катта ҳисса қўшади. Қўшилган қийматнинг ушбу қисмидаги асосий элементлар тадқиқот ва ишланмалар, самарали бошқарув жараёнида яратилади. Ушбу ҳисса инновацион мукофот деб аталади.
Ўқитиш тизими нафақат иқтисодий тизимнинг тури ўзгарган, балки янги ижтимоий шароитларга мослашган, ўтиш даврига бардош берадиган, етарлича ҳаётий тузилмадир. Унда мослашиш жараёни қисқа вақтда ўтди. Турли олий ўқув юртларидаги ўзгаришлар натижасида мавжудларидан фарқ қилувчи янги ташкилий шакл ва тузилмалар яратилди. Барча ўзгаришлар ташаббускори ҳукумат эмас, балки тараққиёт воситасига айланган таълим муассасаларининг ўзи бўлди.
Бу борада назарий ва амалий жиҳатдан ишлаб чиқилган ёндашув олий таълим муассасаси тадбиркорлик ташкилоти деб аталганда кўринади. Ташқи ва ички муҳитда инновацияларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган илмий, техник, технологик ва ташкилий ўзгаришларнинг умумийлиги тадбиркорлик ташкилотларининг очиқлиги, мослашувчанлиги ва ҳаракатчанлигини оширади. XXI асрда ОТМларнинг ривожланиш йўли “академик капитализм” шароитида ташкилий ва бошқарувни қайта қуриш билан боғлиқ.
Олий таълим муассасасига нисбатан қўлланадиган “тадбиркорлик ташкилоти” атамаси ташкилот ичидаги алоқалар турини ва уни бошқариш усулини кўрсатади. Бизнес моделларини тўғридан-тўғри ўқитиш тизимига ўтказиш мумкин эмас, аммо бугун олий таълим муассасалари тижорат ташкилотлари билан бир хил вазифага дуч келмоқда. Бу ОТМларнинг қандай қилиб самарали, тежамкор ишлаши, малакали кадрлар етиштириши билан боғлиқ.
ОТМ таълим хизматлари бозоридаги хўжалик юритувчи субъект бўлиб, унда раҳбарият етакчи роль ўйнайди. Шу маънода, унинг тадбиркорлик ташкилоти сифатида ресурслардан фойдаланишни фаоллаштириш ва қўшимча манбаларни излаш, инфратузилма, филиал ва ваколатхоналар тармоғини ривожлантириш, давлат манфаатларини иқтисодий манфаатлари билан уйғунлаштириш сингари ўзига хос хусусиятлари мавжуд.
Университет ва институтлар ўқитиш соҳасидаги деярли ҳамма муассаса каби фойда учун ишламайдиган нотижорат ташкилот ҳисобланади. Мамлакатимиздаги ўқув муассасалари “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, низомида назарда тутилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шундай қилиб, давлат таълим муассасаларининг иқтисодий мустақилликка ўтиши, биринчи навбатда, низомда белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида молия-хўжалик фаолиятини мустақил амалга ошириш ҳуқуқи, шунингдек, давлат мулкининг эксплуатацияга берилишида намоён бўлди.
ОТМлар тадбиркорлик фаолиятининг муҳим асоси ҳукумат қарори бўлиб, унга кўра талабаларни ҳақ тўлаб ишга қабул қилишга рухсат берилди. Ушбу қўшимча молиялаштириш манбаи ҳар бир ҳудуддаги ривожланиш ҳолати ва йўналишига қараб шаклланадиган пулли таълим хизматлари бозорини ривожлантириш йўлидаги биринчи қадам бўлди.
Ижтимоий тизимга йўналтирилганлик олий таълимнинг товар шаклига айланишини кучайтиради ва ОТМларни бозор муносабатлари иштирокчисига айлантиради. Ўқув муассасаси учун янги таълим дастурларини жорий этиш хавфи анча юқори. Чунки прогноз бир неча йилда ушбу мутахассисларга бўлган талабни инобатга олиши керак. Янги дастур (товар)ларни ишлаб чиқиш ноаниқлик шароитида амалга оширилади, яъни прогнозлаш натижалари бозор талабига мутаносиб бўлмаслиги ҳам мумкин.
Таълимда бозор муносабатлари шаклланиши мутахассислар тайёрлаш таркиби ва мазмуни ўзгариши билан белгиланди. ОТМлар ўқув режаларини шакллантириш ва таълим дастурларини ишлаб чиқишда қисман мустақилликка эришилди. Давлат томонидан тартибга солинадиган бундай имкониятлар таълим муассасаларининг ўқитиш хизматлари бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш учун жуда муҳим. Чунки улар ўқув муассасасининг савдо таклифини шакллантиради.
Пулли таълим хизматларига талаб шаклланишига бозор муносабатларига ўтиш ҳам таъсир кўрсатди. Бунда ўқиш учун пул тўлашга тайёр бой контингент шаклланди. ОТМлар биринчи марта тадбиркорлик фаолияти объекти сифатида мактабга эътибор қаратди. Ўн йиллар давомида мактаб, олий таълим муассасаси ва қайта тайёрлаш тизими бир-биридан мустақил фаолият кўрсатди.
Ўзбекистонда таълим хизматлари бозори шаклланиши ўқитиш тизимининг барча босқичларини яхлит тизим сифатида кенг қамровли ислоҳ қилиш заруратини тақозо этди. ОТМлар узлуксиз таълим жараёнини мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди. Чунки улар бевосита истеъмолчи учун ишлайди ва кенг миқёсда инновацион таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун етарли салоҳиятга эга. ОТМлар тақдим этаётган таълим хизматлари қўшимча даромад манбаидир.
Олийгоҳ ўзи жойлашган ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши учун масъуллардан. У бевосита ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлайди. Таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги ўзаро таъсир ҳудудий миқёсда амалга оширилади. ОТМ ҳудуднинг таълим салоҳиятини шакллантиради ва ижтимоий тузилмаларга таъсир кўрсатади. Бандлик ва иқтисодий фаолиятга ҳисса қўшади.
Кўпгина ОТМлар технологик марказлар, бизнес инкубаторлар ва кичик инновацион корхоналарни бирлаштирган. Бу унинг жамиятга доимий равишда янги турдаги товар ва хизматлар, бошқарув усулларини таклиф этиш, ижтимоий муносабатларни шакллантириш ва тажриба ўтказиш имконини беради. Кичик бизнес ва олий таълим муассасасининг тадбиркорлик ташкилоти сифатидаги уйғунлиги динамик барқарорлик ва ривожланишни таъминлайди. Кичик бизнеснинг кўп тармоқли кластерини ўз ичига олган ОТМ профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг фаол қисмини тадбиркорликка жалб этиш орқали жиддий устунликка эга бўлади.
Ҳудуд иқтисодиёти учун кадрлар тайёрлайдиган ОТМ барча ихтисосликдаги талабалар учун тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ курсларни ўқув жараёнига жорий этишга эътибор қаратиши керак. Бизнес юритишнинг замонавий усулларини ўқитиш, тадбиркорлик фаолияти учун зарур кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, олий таълим муассасаси негизида консалтинг марказлари тармоғини ташкил этиш — буларнинг барчаси ҳам даромад олиш, ҳам ривожланиш учун қулай имкониятдир.
Таълим тизимида бозор муносабатлари ривожланиши шароитида тадбиркорлик фаолиятини қўллаш нуқталари барча йўналишларда намоён бўлади: сифатли ўқитиш хизматларини кўрсатишдан тортиб бутун бошли ОТМнинг самарали фаолиятини таъминлашгача. Олийгоҳ тайёрлаган “маҳсулот”, яъни кадрларнинг салоҳиятли мижозлари ва истеъмолчилари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, шартномадаги муайян шартлар бўйича ўқитувчи ва ходимларни танлаш ташкилотнинг тадбиркорлик функциясига тааллуқлидир.
Профессор-ўқитувчилар фаолиятида муайян мустақиллик мавжуд. Таҳлил ва прогноз қилиш қобилияти ишининг мажбурий қисмидир. ОТМ муҳитида етакчилик фазилатига ва обрў-эътиборга эга жуда кўп одамлар бор. Улар фаолиятига барча турдаги янгиликларни жорий этиш учун масъулиятни зиммасига олади, ғояни қандай қилиб фойдали ҳақиқатга айлантириш ҳақида ўйлайди. Бу ички тадбиркорлик ёки йирик ташкилотлар доирасида инновациялар амалга ошишини таъминлайдиган инновацион тадбиркорликдир.
Таълим тизимида инновациялар — ишбилармонлик фаолиятининг асоси. Интеллектуал меҳнат учун инновация мавжуд қарама-қаршиликларни ҳал қилишнинг муқобил шакли бўлиб, инсон фаолиятининг барча жабҳасида тараққиётни белгилайди. Шу маънода, ОТМга аҳолига фақат таълим хизматларини кўрсатувчи ижтимоий муассаса сифатида ёндашув эскирди. Замонавий олий таълим муассасаси одамларнинг таълим олишга, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг кадрларга эҳтиёжини таъминлашга қодир илмий-маърифий тузилма сифатида намоён бўляпти.
Давлатнинг умумбашарий тенглик ва фаровонлик яратиб беришини кутиб турмасдан, воқеликни ўзгартириши мумкин бўлган имкониятдан унумли фойдаланадиган олий таълим муассасалари тадбиркорликка ижтимоий фаолиятнинг мустақил ва нуфузли тури сифатида қарайди. Шу билан бирга, улар тадбиркорлик таваккалчилик билан боғлиқлигини ва юзага келиши мумкин бўлган муваффақиятсизликларга умумий жараённинг элементи сифатида қаралишини билади.
Ҳамма ОТМ ҳам ўзини ўзи ислоҳ қилиш имкониятига эга эмас. Тадбиркорлик фаолияти иқтисодий барқарорликни йўқотишга дуч келган ва молиявий мустақиллигини сақлаб қолишга интилаётган олий таълим муассасалари учун тавсия этилиши мумкин. Олийгоҳлардаги тадбиркорлик фаолияти интеллектуал ва моддий ресурслардан фойдаланиш, инновациялар ҳамда улар билан боғлиқ хавфни баҳолаш ва суғурта қилиш каби белгилар билан тавсифланиши мақсадга мувофиқ.
Бизнеснинг муваффақияти кўплаб омилларга боғлиқ. Улар орасида энг муҳими - тадбиркорлик ташкилоти фаолияти учун ички ишбилармонлик муҳити мавжудлиги. Агар тадбиркорлар узоқ муддатли, тўғри мақсад қўйган бўлса, муваффақиятга эришади. Стратегик хулқ-атвор ўзгарувчан муҳитга мослашиш учун зарур. Гарчи бу мавжуд салоҳиятдан оқилона фойдаланишнинг аҳамиятини камайтирмаса ҳам.
Шу маънода, ОТМлар ҳам инсон капиталини шакллантиришга хизмат қилувчи механизмлардан унумли фойдаланиши талаб этилади. Жаҳон тажрибасига кўра, илғор университетлар фаолиятида таълим хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади. Табиийки, олинган даромад ОТМнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчиларни рағбатлантиришнинг мустаҳкам ресурслари орқали ўқитиш сифати ва кадрларнинг салоҳиятли этиб тайёрланишига ижобий таъсир этади.
Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор