Юртимизда аҳоли, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга фаол жалб этиш, иқтидорли спортчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар, жумладан, уюшмаган ёшларни ҳам спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси бўйича Олмалиқ шаҳрида маҳаллий аҳоли ва ҳокимлик меҳнат жамоаси иштирокида қатор оммавий спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Мусобақа қатнашчилари жамоавий тарзда умумжисмоний машқлар жараёнида иштирок этишди ва шундан сўнг, шахмат ва шашка бўйича мусобақа ташкиллаштирилди. Ушбу мусобақада барча: ёшлар ва кексалар бирдек фаоллик кўрсатишди.
Эътиборли томони, мусобақаларда шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов ҳам иштирокчилар сафида қатнашиб, маҳаллий ёшлар билан доска устида дона сурди. Бу эса иштирокчиларга ўзгача шижоат бахш этди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар шунингдек, алоҳида фаол бўлган иштирокчилар шаҳар ҳокими томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати









