Ушбу ташриф комбинат вакилларидан иборат делегациянинг Хитой Халқ Республикасига сафари давомида амалга оширилган бўлиб, Huawei компаниясининг таклифига асосан, замонавий ишланмалар, тоғ-кон саноатида рақамли технологияларни жорий этиш ва янги ечимлар билан танишилди, деб хабар беради “Олмалиқ КМК” АЖ матбуот хизмати.
Комбинат мутахассислари компания бош офиси, ишлаб чиқариш заводи ва тадқиқотлар маркази, ҳамкор компаниясига ташриф давомида тоғ-кон ишларини рақамлаштириш, технологик жараёнларни режалаштириш ва назорат қилиш имконини берувчи диспетчерлик хизматини ташкил этиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда очиқ конларда юк ташиш ишларини автономлаштириш, ер ости конларида симсиз маълумотлар узатиш, видео-аналитика, оптик толали кабель орқали назорат ва бошқа ечимлар билан танишди.
Компаниянинг тоғ-кон саноати йўналиши бўйича компания вице-президенти билан ҳамкорлик масалалари бўйича келишиб олинди.
“Компания фаолияти билан танишув жараёнида эътиборимизни тортган энг муҳим жиҳати, ҳозирда компанияда тадқиқот ва ишланмалар (R&D) йўналишида 110 000 нафардан ортиқ мутахассис фаолият юритаётганлиги бўлиб, йилига умумий тушумнинг 25,1% яъни 23,16 миллиард доллари R&D га йўналтирилар экан, дейди – Абдулла Азизов. — Бу нима дегани? Кўчирадиган давр ўтди, энг ривожланган компанияларга етиб олдик, энди биринчилик томон ҳаракат дегани. Шундай тадқиқот марказлари бизда ҳам бўлиши зарур. Қўрқмасдан Хитой тажрибасини олишимиз керак. Ҳозир янгилик яратиш ортидан югурмай, мавжуд янгиликни татбиқ этиш, бир қанча поғоналарни сакраб ўтиш, инфраструктура шаклланиб оёққа тургандан кейин кучни янгилик яратишга ташлаш керак”.