Олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатларига чек қўйилади

    Хавфсизлик 28 ноябр 2023 1052

    Жорий йил 28 ноябрда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди. Шунингдек, Қўмита томонидан мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама этилди.

    Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан шуғулланишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди.

    Хусусан, Президентимизнинг 2018-йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши натижасида 2019–2023-йилларда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун “Ye-auksion” орқали 270 та объектга рухсатнома берилган.

    Олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан бевосита мулоқотлар, қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили соҳада қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

    Жумладан, олтин ва қимматбаҳо металларни қонуний қазиб олишнинг афзалликлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги натижасида Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпайиб боряпти.

    2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1 500 тани ташкил этган.

    Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида 2021–2022 ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган.

    Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб этиш ҳолатлари мавжуд.

    Шу билан бирга, таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори кам белгиланганлиги ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўляпти.

    Жумладан, бугунги кунда 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такрорий содир этилган.

    Бундан ташқари, “НКМК” АЖ, “ОКМК” АЖ ва бошқалар томонидан захирага олинган шахта ва карьерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган.

    Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий экспедициялари томонидан шахта ва штольняларни лойиҳа бўйича иш тугатилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тўлиқ ёпиш чоралари кўрилмаган, бу эса мазкур ҳудудларда олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олаётган фуқароларга ноқонуний қазиб олиш ишларини олиб боришга шароит яратиб беряпти.

    Маъданли тошлар таркибида қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказишга оид норматив–ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

    Муҳокамалардан сўнг Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мутасадди вазирлик ва идораларни жалб этган ҳолда соҳадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

    Хусусан, камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли идоралараро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, уни ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда амалдаги қонунчилик ҳужжатларини, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларидаги тегишли жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиб, уларни такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

    Шунингдек, халқ депутатлари Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари, туман (шаҳар)лар Кенгашларига олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ҳудудий масъул идоралар раҳбарларини жалб этган ҳолда мунтазам танқидий муҳокама қилиш тавсия этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Тадбир якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мазкур таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates