Буюк Британиянинг “The Lancet” тиббиёт нашрида коронавирусдан сўнг беморларда ҳосил бўладиган иммунитетнинг ҳимоя даражасига доир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унда баён этилишича, олимлар 19 мамлакатда ўтказилган 65 та ўрганиш хулосалари юзасидан кенг миқёсли мета-таҳлилни амалга оширди.
Якунда CОVID-19 нинг олдинги штаммларидан тузалган беморларда маълум муддат оралиғида қайта касалланиш эҳтимоли анча пастлиги маълум бўлди. Аммо “омикрон” хусусида бундай хулоса қилиб бўлмайди. Яъни коронавируснинг ҳозирги вариантларига чалиниб соғайганларда хасталикни қайта юқтириш хавфи аввалги штаммлар билан қиёслаганда 1,8 баравар юқори.
Яна ҳам аниқроқ айтсак, пандемиянинг дастлабки йилларида касалликдан тузалганларнинг инфекциядан ҳимояланиш даражаси 40 ҳафтагача 82 фоизга тенг бўлган. “Омикрон”да эса бу кўрсаткич ўртача 45,3 фоиз, қирқинчи ҳафтада 36,1 фоизни ташкил этмоқда.
Шу сабабли мутахассислар иммунитетни мустаҳкамлашнинг энг самарали ва оқилона йўли коронавирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш эканлигини таъкидламоқда.