Она табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир

    Яхши эслайман, ўтган асрнинг 50-60 йилларида бир туп помидор кузгача 20-30 килограмм ҳосил берарди. Ариқларда балиқчалар сузиб юрарди.

    Бизнинг давримизда қовун-тарвузлар шу даражада ширин эдики, сув билан ювмасак лабимиз лабимизга, бармоқларимиз бир-бирига ёпишиб қоларди.

    Бугун негадир дарёларда нафақат балиқлар, балки қурбақлар ҳам камёб бўлиб бормоқда.

    Орол денгизининг қуриши, қурғоқчилик ва бошқа глобал экологик муаммолар бугун инсониятни ташвишга солмоқда. Бу каби экологик муаммолар бугунги кунда инсониятдан табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни, табиий ресурслардан унумли ва тежамкор тарзда фойдаланишни тақозо этмоқда.

    Бунинг учун одамлар оддий экологик қоидаларга риоя қилишса кифоя. Мисол учун, аҳоли вакиллари ўз томорқаларидан фойдаланаётганда минерал ўғитдан фойламанмаганлари маъқул. Унинг ўрнига бегона тупроқ, қум, парранда, чорва чиқиндисидан фойдаланилса, тупроқ унумдорлиги ошиб, экологияга зарарнинг олди олинади.

    Ағдарма чопиқ қилиб, ёввойи ўтнинг тугунаги билан териб олиб, ёндириш зарур, донини донлатишдан эҳтиёт бўлган мақсадга мувофиқ. Бу орқали ер деградацияси, қолаверса турли касалликлар юзага келишининг олди олинади.

    Она Ер, зилол сув, мусаффо ҳаво, гўзал табиатни асрашга, улардан оқилон фойдаланишга ҳар бир биримиз масъулмиз. Чунки уларга келажак авлоднинг ҳам ҳаққи бор. Шуни унутмасак бўлгани.

    Қаҳрамон Намозов,

    “Зарафшон” газетасининг жамоатчи мухбири