2024 йил “Турк археологиясининг олтин даври” деб эълон қилиниши муносабати билан давом этаётган қазишмалар гладиаторлар ҳақида кўпроқ маълумот бермоқда.
Эфес: Барчаси шу ердан бошланади
Эфес - Гладиаторлар жангига мезбонлик қилган Онадўлидаги илк шаҳарлардан биридир. Эфесда гладиаторлар жанги олдидан сурнайлар чалинар ва байрамона муҳит ҳукмронлик қиларди. Гладиаторларнинг изларини бугунги кунда ЮНEСКО мероси рўйхатига киритилган Эфесдаги театр ва стадион харобаларида кўриш мумкин. Ушбу иншоотларнинг деворларини гладиаторлар граффити (ўйиб ишланган сурат) безатиб туради ва Измирдаги Эфес музейида мой чироқлари ва гладиатор тасвирлари туширилган қабр тошлари каби буюмлар сақланади. Эфес Тажриба Музейи Эфеснинг кундалик ҳаётини бевосита бошдан кечиришни истаган саргузаштсеварлар учун ҳамиша очиқ. Қолаверса, Туркиянинг “Тунги музейлар” лойиҳаси туфайли ёз ойларида одамлар Эфесни сеҳрли чироқлари остида ярим тунгача зиёрат қилишлари мумкин.
Ҳиераполис: Қоидалар ўрнатилган жой
Денизлидаги Памуккале травертинлари билан ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ҳиераполис бугунги кунда яхши сақланиб қолган харобалари билан эътиборга моликдир. Ҳиераполис тарих давомида ўзининг шифобахш термал сувлари билан танилган, шунингдек, Ҳиераполис музейида гладиаторлар жангларининг тасвири ва улар ҳақидаги ёзувлар намойиш этилади. Иккита ёзувда шаҳардаги ўйинлар қоида бўйича ва ҳакамлар назорати остида ўтказиганлиги баён қилинган ва бу ўша ерда доимий гладиаторлар ташкилоти мавжудлигидан далолат беради.
Стратоникеиа: Гладиаторлар ўқитилган жой
Муғланинг қадимий шаҳри бўлган Стратоникеиа учун спорт ҳар доим шунчалик муҳим эдики, улар ҳатто антик даврнинг энг катта гимназиясини ҳам қурдилар. Бу гладиаторлар ўқитилган, ўйинлар ташкил этилган ва нафақага чиққандан кейин ҳаётларини ўтказадиган марказ эди. Шу боис, Стратоникеиа бутун асрлар давомида “гладиаторлар шаҳри” сифатида танилган. Дунёнинг энг йирик мармар шаҳарларидан бири ҳисобланган ушбу шаҳарда археологлар томонидан топилган гладиаторларнинг қабрлари ва қабр тошлари намойиш этилади.
Афродисиас: Оломон гладиаторларни олқишлаган жой
Айдиндаги Афродисиас шаҳри Туркиядаги ЮНEСКО мероси рўйхатига киритилган объектлардан бири бўлиб, мармар карерлари, тажрибали ҳайкалтарошлари ва нафис мармар ҳайкаллари билан машҳур. Шунингдек, шаҳар стадиони ҳам қадимий муҳандислик мўъжизаси бўлиб, дунёдаги энг яхши сақланиб қолган Рим стадионларидан бири ҳисобланади. 30 000 томошабинни сиғдира оладиган бу улкан иншоот гладиаторларнинг ҳаяжонли мусобақалари ўтказиладиган жой эди. У ерда оломоннинг қувноқ акс садолари остида қатор-қатор тош ўриндиқлари бўйлаб юриб, қадимги ўйинларнинг завқини ҳис қилиш ўзгачадир. Бу ерда гладиаторларнинг аренага кириб-чиқадиган туннеллари ҳам сақланиб қолган.
Кибира: Бир пайтлар гладиаторлар кезган жой
Кибира (Кибйра) Рим цивилизациясининг энг муҳим шаҳарларидан бири ва бу гладиатор жанглари каби Рим ҳаётига мос ўйин-кулги, сайр-томошаларнинг маркази эди. Шаҳарга кираверишда стадион жойлашган бўлиб, у гладиаторларнинг эпик мусобақаларига мезбонлик қилган деб тахмин қилинади. Шунинг учун, Кибира шаҳри ҳам Стратоникеиа сингари “гладиаторлар шаҳри” сифатида танилган. Қадим замонлардан бери энг кенг қамровли гладиатор фризлари (девор пештоқидаги нақшли тасвирлар) коллекцияси ҳам Кибирада топилган.