Ёшлигимдан инсон ҳаётига дахлдор бўлиш, она ва болалар соғлиғини асраш орзуси билан 2005 йилда Қўқон шаҳар тиббиёт коллежининг акушерлик йўналишига ўқишга кирдим. 2008 йилда битириб, ҳаётнинг янги босқичига қадам қўйдим — оила қурдим.
Турмуш ўртоғим эрта отадан айрилган инсон бўлгани сабабли, никоҳ тўйимиз Фурқат тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган эди. Ўша пайтда «ёшларни иш билан таъминлаймиз» деган ваъдани эшитганман.
Шукр, 2018 йилда Фурқат тумани шифохонасининг реанимация бўлимида ҳамшира бўлиб иш бошладим. 2022 йил эса ҳаётимда янги саҳифа очилди — Президентимиз ташаббуси билан «Бир маҳалла – бир шифокор, бир доя» тамойили асосида янги иш ўринлари яратилди. Шу ислоҳот туфайли мен маҳалла дояси сифатида фаолият бошладим ва ҳозирда «70-ОП»да, Чек Чуваллоқ қишлоғидаги участкамда иш олиб боряпман.
Менинг хизмат ҳудудим — Шўхай, Полвонтош ва Тинчлик қишлоқлари, яъни чўл зонасида жойлашган аҳоли яшайдиган жойлар. Бу ерда 4000 нафардан ортиқ аҳоли бор, улардан 1200 нафари туғиш ёшидаги аёллар. Ҳозирда 86 нафар ҳомиладор аёл билан мунтазам ишлайман. Улардан 12 нафари кесарча кесишдан кейинги чандиқли ҳолатларга эга — ҳар бирининг соғлиги мен учун азиз.
Ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари 1975, 1985 ва 1995 йилларда туғилган аёлларни ПCР текширувларидан ўтказиш ишларини амалга ошираман. Бу жараёнда нафақат тиббий билим, балки мулоҳаза, меҳр ва ишонч ҳам керак.
Қишлоқда доя фақат тиббиёт ходими эмас — у маслаҳатчи, она, дўст ҳамдир. Чунки биз инсон ҳаётининг бошланиш нуқтасидамиз. Ҳар бир она кўз ёши билан туғади, биз эса ўша ёшни табассумга айлантирамиз.
Президент сиёсати — халқ ҳаётида ишонч ва ғамхўрлик тимсоли
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллий тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари бошланган. Авваллари айрим чекка қишлоқларда тиббий хизматга етишиш мушкул бўлса, бугун ҳар бир ҳудудда доя ва патронаж ҳамширалар фаолият юритмоқда. Бу — нафақат касбий янгилик, балки оддий инсонлар ҳаётида қулайлик ва ишонч манбаи бўлди.
Масалан, авваллари ҳомиладор аёллар кўп ҳолларда туман марказигача боришга мажбур бўларди. Энди эса уларнинг ҳолидан хабар оладиган, маслаҳат берадиган, зарур пайтда биринчи ёрдам кўрсатадиган доя ўз маҳалласида бор. Бу эса Президентимизнинг биз аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг энг катта самараси қолаверса, ҳаётнинг энг муқаддас қадрияти сифатида — она ва бола саломатлигини асраш демакдир.
Шу боис бугунги ислоҳотларни ҳар бир аёл, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Янги тиббиёт пунктлари, замонавий патронаж тизими, она ва бола саломатлиги учун яратилган шароит — буларнинг бари, аслида, оддий инсонлар ҳаёти сифатини яхшилаш учун амалга оширилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.
Бугун мен ўз касбимдан фахрланаман. Чунки менинг ҳар бир қадамимда давлат ғамхўрлиги, халқпарвар сиёсатнинг иссиқ нафаси сезилади. Менинг мақсадим — мана шу ишончни оқлаш, келажак авлод учун соғлом оналар ва соғлом болаларни тарбиялашга ҳисса қўшишдир.
Бу касб — ҳаётнинг ўзи каби оғир, аммо шундай улуғ неъмат шукронасини беради-ки, ҳар бир чақалоқнинг илк овозини эшитганимда барча чарчоқлар унутилади, кимгадир фойдам тегаётганини ҳис этаман.
Малоҳат Мирзаева,
Фурқат тумани «70-ОП» маҳалла дояси









