Ўқувчи сумкаси оғирлиги бола вазнига мутаносибми?

    Ўқувчи сумкасининг оғирлиги даражаси қайси меъёрлар билан белгиланади? Бола ривожланишининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган мактаб даврида оғир сумка унинг соғлиғига қай даражада зарар етказиши мумкин. Сумка танлашда нималарга эътибор бериш керак?

    Мактаб ўқувчисини дарсликлар ва бошқа ўқув анжомлари жой олган сумкасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозирги пайтда орқага тақиладиган ва юк оғирлигини асосан, боланинг елкаси ва орқа мушаклари ўртасида мутаносиб равишда тақсимлашга ёрдам берадиган икки боғламли рюкзак, портфеллар кенг урфда. Бу, албатта, қулай ва чиройли. Бироқ катталар кўпинча сумканинг шаклига эътибор қаратади, фарзанди ҳар куни мактабга кўтариб борадиган дарслик ва бошқа анжомлар оғирлигини ҳам ҳисобга олиш кераклигини унутади.

    Шу боис, аксарият ҳолларда ўқувчилар катта ҳажмли ва оғир мактаб сумкаси кўтариб юргани гувоҳи бўламиз. Айниқса, кўп қаватли мактабларда зинадан кўтарилаётган болаларнинг юз ифодасидан сумка жуда оғирлигини ҳис қилиш, юриш пайтидаги номутаносибликни кузатиш қийин эмас. Мунтазам оғир сумка таққан болалар кўпинча умуртқа поғонаси билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Мутахассислар таъкидлашича, мактаб сумкаси ўқувчиларда бел оғриғининг кенг тарқалишига сабаб бўлади. Шунингдек, умуртқа поғонаси ва тиззаларига зарар етказиши, бўйин, елка ва орқа мушаклари зўриқишига олиб келиши мумкин.

    Мактаб сумкасининг идеал вазни мавжуд

    Мактаб сумкасининг максимал оғирлигини аниқ кўрсатадиган ишончли тадқиқот йўқ. Аммо айрим омиллар бунда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, боланинг вазни, жисмоний тайёргарлиги, юк ташиш вақти ва масофаси, сумка сифати.

    Хўш, ўқувчи сумкасининг оғирлиги даражаси қайси меъёрлар билан белгиланади? Бола ривожланишининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган мактаб даврида оғир сумка унинг соғлиғига қай даражада зарар етказиши мумкин. Сумка танлашда нималарга эътибор бериш керак?

    — Умумтаълим мактабларида ўқиш жараёни, дарс жадваллари, танаффус вақтлари, умуман, ўқув юкламаси, ҳатто ўша ўқув дарсликларининг оғирлиги ҳам амалдаги санитария қоида ва меъёрлари асосида тартибга солинади, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудираси Дилфуза Ҳикматова. — Унга кўра, дарслик ва ёзув материалларининг кунлик тўплами вазни 1-2-синф ўқувчилари учун 1,5 килодан ошмаслиги керак. 3-4-синфларда эса 2, 5-6-синфларда 2,5, 7-8-синфларда 3,5 ва 9-синфларда 4 килодан ошмаслиги талаб этилади.

    Кўпгина кўрсатмаларга кўра, сумка юки бола вазнининг 10-15 фоизидан, бошқача айтганда, масалан, бола вазни 40 кило бўлса, сумкаси 4-6 килодан ошмаслиги керак.

    Ота-оналар нима дейди?

    Ота-оналарнинг мактаб сумкалари оғирлиги ҳақидаги эътирозларини кўп эшитамиз.

    — Катта фарзандларим 8-9-синфларда, энг кичиги 1-синфда ўқийди. Уларга дафтар ёки ручка танлашга шунчаки ёндашмайман, — дейди тошкентлик Саодат Тўрабоева. — Бир муаммо мени қийнайди: мактаб сумкасининг оғирлиги. Айниқса, бошланғич синф ёшидаги болалар сумкаси чиндан ҳам оғир.

    Бу борада синф раҳбарига ҳам таклифимни айтдим: фарзандларим ўз партадоши билан битта дарсликдан фойдалансин, яъни менинг фарзандим она тили китобини олиб келса, ҳамроҳи математика китобини. Бироқ ўқитувчи рухсат бермади. У ҳам нима қилсин, ахир тартиб шундай-да.

    Китоб ва машқ дафтарлари, жисмоний тарбия фани ўтиладиган куни спорт формаси... Мактаб ошхонасидаги овқатлар сифатига ишонч йўқлиги учун овқат ва сув ҳам бериб юборамиз. Китоблар сифатли қоғоздан ишлангани билан болаларга оғирлик қилади. Уларнинг сумкасини қўлимга олишга безиллайман, болаларга ачинаман. Ўтган йили фарзандларимга ортопед ташхис қўйди. Содда тушунтирсам, бирининг умуртқаси ичкарига, бошқасиники ташқарига қийшайган. Бир савол ўйлантиради: сифатли қоғоздан ишланган китоб (сифатли дарслик эмас!) ўқитамиз деб, эртага майиб-мажруҳ авлодни етиштириб қўймаймизми? Тушунган ёки вақти бор ота-она витаминлар, корсетлар, жисмоний машқлар ёки фарзанди сумкаси ичидаги ашёларни камайтириш, жуда бўлмаса, сумкани ўзи кўтариб юриш орқали муаммони ҳал қилар... Бошқа болалар-чи? Мен тегишли давлат ташкилотларининг бу муаммога жўяли ечим топа олишидан умидворман.

    Бундай эътирозлар бот-бот қулоққа чалинади. Яна бир жиҳат: шаҳар шароитида ўқувчиларни ота-онаси мактабга олиб бориб келиши мумкин. Оғир сумкани ҳам кўтаришади. Лекин қишлоқларда бола биринчи синфдаёқ мактабга ўзи қатнайди. Боиси, кўча-кўй, маҳалла таниш. Қолаверса, қишлоқ жойларда мактабга транспортда борилмайди. Ҳар куни зил-замбил сумкани кўтариб, мактабга яёв қатнайвергач, дарсларни керак-нокеракка ажратиб, унчалик зарур деб билмаган дарслигини ташлаб кетишга ҳаракат қилади. Ўз ўрнида лоқайдлик, дарсларга бепарволик шаклланишига гувоҳ бўлганмиз.

    — Бола одатда тез тушунадиган фанидан яхши баҳо олишга интилади, — дейди ЎзМУ магистранти Нафиса Салимова. — Аммо ўзлаштирилиши қийин бўлган фанлар ҳам бор. Университетда бакалавр босқичини тамомлагач, бир муддат Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 17-мактабда ишладим. Ўқувчилар билан кўп суҳбатда бўлиб, уларни кузатардим.

    Эътибор берсангиз, кимё, физика, география, геометрия каби фанларни мукаммал ўрганишга интиладиган ўқувчилар сони кам бўлади. Сумкасини енгиллатмоқчи бўлган ўқувчилар мана шу дарсликларни уйда қолдириб келади. Энди ўйлаб кўринг, бу вазиятда болани ўзлаштирилиши қийин бўлган фанга қизиқтириш, яқинлаштириш ўрнига уни янада узоқлаштирган бўламиз.

    Оғир юкни кўтаришдан қочиб, дарсликларни муҳим ёки муҳим эмас, деган тоифага ажратди дегани, дарсга ва уни ўтадиган ўқитувчига ҳам муносабат шундай шаклланди дегани. Бола сумкаси оғирлиги масаласи ўртага ташланганда мана шу жиҳатларни ҳам инобатга олиш керак.

    Мутахассислар таъкидлашича, сумкаларнинг ҳар хил қўшимча ғилдирак ёки қандайдир темир конструкциялар билан жиҳозланиши, дарсликлардан ташқари анжомлар билан бойитилиши, унинг оғирлиги янада ортишига сабаб бўлади.

    Баъзан оёқ кийимини алмаштириш учун пойабзал солиб қўйиш ҳолатларини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ёки ота-оналар катта-катта контейнерларда овқат, сув бериб юборади. Бола қўшимча репетиторга бориши, дарсдан ташқари машғулотларга жалб қилинган бўлиши мумкин.

    Буларнинг барчаси учун зарур бўладиган юкламалар сумканинг оғирлигини янада оширади.

    Шунинг учун ҳар куни ота-оналарга эътиборли бўлиш, вақти-вақти билан сумка оғирлигини текшириб туриш, ўқув жамламаларини жойлаш жараёнида зарурларинигина солиши талаб этилади. Зарур бўлмаган китоб, дарсликларни олиб қолиши, қўшимча машғулотларга жалб қилинган ўқувчиларнинг сумкасини алоҳида қилиши керак бўлади. Албатта, бу фарзандларимизнинг соғлом вояга етиши, қомати чиройли ўсишида ижобий натижага олиб келади.

    Оғир юкнинг бола руҳиятига таъсири

    Шахснинг етуклик давридаги ҳолати унинг болаликда кўрган-кечирганлари, руҳий таъсирланишларига юқори даражада боғлиқ бўлади. Мактаб ёшидаги боланинг ички олами, шахсияти, характери, қарашлари ҳали тўла шаклланмагани боис, юз бераётган ҳар қандай воқеа-ҳодиса унинг руҳиятида из қолдириши мумкин. Жумладан, бола оғир юк туфайли юзага келадиган номутаносиблик, ноқулай вазиятга тушиб қолиш, саломатлигидаги уаммолар ўзига бўлган ишончни пасайтиради.

    — Мактаб таълим тизими ўқувчининг салоҳиятига ишониши керак, — дейди болалар руҳшуноси Муқаддам Янгиева. — Болалар табиий ўрганувчилардир. Улар стрессиз ва қулай ўқув муҳитида бўлганида кўпроқ нарса ўрганади. Босим остида ўрганиш қизиқишни йўқотади.

    Мактабда ўқувчиларнинг ҳар бир босқичда асосий талаб қилинадиган фанларни олиб келишига шароит яратиш керак. Айниқса, бошланғич синфларда дарслик ва бошқа ўқув анжомларига тўла оғир сумкани кўтариб юриш бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Мактаб тизими дарсликлар устуворлик қиладиган маданиятдан ўқувчиларга қаратилган компетенцияга асосланган маданиятга ўтганидан сўнг оғир сумкалар муаммоси ўз-ўзидан ҳал бўлади.

    Ортопедик муаммолар келиб чиқиши мумкин

    Дўкон ва бозор расталарида мактаб сумкаларининг ранги, матоси, услуби турли хилини учратасиз. Бугунги кунда болалар учун сумкалар ҳар қандай дидга мос равишда тайёрланмоқда. Бироқ ташқи қобиқ ҳар доим алдамчи бўлиб, мактаб сумкасини сотиб олаётганда, у боланинг саломатлигига қанчалик ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига аҳамият қаратиш керак, назаримизда.

    — Болаларнинг ўсмирлиги айнан мактаб даврига тўғри келади, — дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази травматолог-ортопеди, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Суҳроб Солиев. — Бу давр тананинг скелет қисми, суяк, бўғим ва тоғай, умуртқа поғонаси тизимлари айни ривожланадиган пайт.

    Албатта, ички омиллардан ташқари ташқи омиллар таъсири туфайли ҳам маълум бир ортопедик муаммолар келиб чиқиши мумкин. Бунда биринчи синфдан учинчи синфгача бошланғич давр муҳим ҳисобланади. Олимлар бу даврга оид жуда кўп изланишлар олиб борган. Қарийб 30 йил давомида олиб борилган 23 та халқаро тадқиқот натижалари ўрганилганда 1-3-синфларда мактаб ўқувчилари сумкаси оғирлиги тана вазнининг 10 оизини ташкил қилсагина кейинги 10-15 йилда кузатилиши мумкин бўлган асоратларнинг олди олинади, деган тўхтамга келинган.

    Сумкага анжомларни жойлаштириш ҳам аҳамиятга эга. Дастлаб оғирроқ, аста-секин енгилроқ нарсаларни солиш керак бўлади. Ўшанда буюмлар худди пирамидага ўхшаб жойлашади. Иккиламчи қийшайишлар бўлмайди. Мактаб ўқувчилари, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига иккита боғламлик сумка тавсия қилинади. Энсиз тасмали рюкзаклар оғир бўлганда елкага ботади ва оғриқ пайдо қилиши мумкин. Елкага осиладиган тасмалари кенг бўлиши, ҳажми белнинг пастки қисмидан энсиз, кўкрак айланасидан энлироқ бўлмаслиги шарт. Битта тасмали сумкалар иккиламчи ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

    Шифокорлар таъкидлашича, ўқувчилар доимий равишда оғир юк кўтариб юриши оқибатида нафақат оғирликнинг умуртқа поғонаси ёки бўғимларга таъсири, балки қадам ташлашининг кўпайиши, бунинг натижасида кўп энергия сарфлагани учун кўпроқ, тезроқ нафас олиши, оқибатда маълум бир масофага боргунича тез чарчашига олиб келади. Бу ҳам мушак, ҳам психоэмоционал ҳолатда чарчоқлик, бўғимлар оғриғига сабаб бўлади. Бола ўзи мактабда шундоқ ҳам жуда кўп ҳаракат қилади, оғир юк эса чарчоқни кучайтиради. Шунинг учун тавсияларга амал қилинса, ўз-ўзидан бу асоратларнинг олди олинади. Меъёр ва кўрсатмаларга барча жабҳаларда риоя этилишини назорат қилиш учун янада қаттиқроқ механизм бўлиши керак.

    Мактабларда махсус қулфланадиган, ҳар бир бола учун алоҳида мўлжалланган жавонлар ташкил қилиниши фойдадан холи эмас. Бола ҳар куни керак-нокерак нарсаларни кўтариб юрмайди, асосий юкини ана шу жавонда қолдиради. Керак бўлган пайтда фойдаланиши мумкин.

    * * *

    Мана, қадрли газетхон, мактаб сумкасининг оғирлик даражаси, унинг бола ривожланиши, саломатлигига нечоғлиқ таъсири ҳақида фикр юритдик. Бу борада яна қандай таклиф ва тавсияларингиз бор? Нима қилсак, болалар сумкаси оғирлигини бартараф этиш, фарзандларимиз саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш мумкин? Таклиф ва тавсияларингиз муҳим.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates