Оролбўйидаги сув ва тупроқ интерактив таҳлил қилинади

    Бир пайтлар тўлиб-тошиб оққан Орол денгизи бугун қақраган чўлга айланди. Лекин бу унда ҳаёт тугади дегани эмас.

    Оролни сув билан тўлдириш қийин масала. Аммо унга яна қайта ҳаёт бахш этишнинг усуллари ва йўллари кўп. Масалан, у ерга дарахт экиш, унинг атрофидаги ерларни ҳосилдор майдонларга айлантириб, деҳқончилик қилиш ва бошқалар. Аммо чўл жойларга бориб, ким ҳам тупроқ таркибию, чўлланиш миқдорини, ер ости сувларию, қандай маҳсулотлар унишини таҳлил қилиб кела оларди, дейсизми?

    Энди олим ва тадқиқотчиларга сунъий интеллект технологиясига асосланган дастурий таъминот ёрдам беради. М.В.Келдиш номидаги Россия Фанлар Aкадемияси Aмалий математика институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Нукус филиали олимлари томонидан амалиётга тадбиқ этилаётган ушбу лойиҳа “Оролбуйи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида экологик вазиятлар таъсирини аниқлаш мониторингини юритишнинг дастурий таъминоти” деб номланади.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилган ушбу лойиҳанинг асосий мақсади, Оролбўйидаги сув ва тупроқни интерактив таҳлил қилиш, шунингдек, сувдаги зарарли моддаларнинг тарқалишини ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳит шароитларининг таъсирини мониторинг қилиш учун алгоритм ва дастурий таъминотни ишлаб чиқишдан иборат.

    Лойиҳа доирасида қандай ишлар бажарилди?

    — Аввало, Оролбўйида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда атроф-муҳит шароитларининг таъсирини таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини оптималлаштириш масалаларини ечишнинг математик моделларини ишлаб чиқиш, алгоритмик ва бошқарув қарор қабул қилиш усулларини илмий жиҳатдан асосладик, — дейди лойиҳа раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Анвар Қобулов. — Сўнгра тупроқ ва сувни интерактив таҳлил қилиш усуллари ва воситалари ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига атроф-муҳит омилларининг таъсирини аниқлаш моделлари ва мониторинги алгоритмларини ишлаб чиқдик. Илмий-техникавий маълумотни яратиш, хусусан, математик моделлар, ҳисоблаш алгоритмлари ва уларнинг дастурий таъминотини жорий қилишда замонавий суперкомпютерли ҳисоблаш технологиясидан самарали фойдаланилди. Бир сўз билан айтганда, тупроқнинг шамол эрозияси, об-ҳаво ва иқлим шароити, аэрозол зарраларининг физик-механик хоссалари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда Орол минтақаси атмосферасининг экологик ҳолатини кузатиш ва башорат қилиш модели ишлаб чиқилди. Барча маълумот ва ҳисоб-китоблар асосида яратилган дастурий таъминотнинг тупроқ эрозиясини ҳисобга олган ҳолда атмосферада зарарли моддаларнинг тарқалишини башорат қилиши учун ҳисоблаш тажрибаси ўтказилди ва мониторинг учун ишлатиладиган датчиклар рўйхати ва хусусиятлари таҳлил қилиниб, ўрнатилди.

    “Ақлли” дастурий таъминот

    Ерга уруғ қадаб, ундан ҳосил олиш бир қарашда осондек туюлади. Лекин ҳосилдорлик ва шўрланиш даражаси номаълум ерларни экин майдонларига айлантириш — жуда нозик ва баҳсли масала. Ернинг имкониятларига қараб экин турини танлашда адашиш деҳконга қимматга тушиши тайин. Шундан келиб чиқиб, “ақлли” дастурий таъминот деҳқон ва фермерларга ердан самарали фойдаланиш, аниқроқ айтадиган бўлсак, ернинг шўрланганлик даражаси, сизот сувларининг сатҳига қараб қайси ерга қандай қишлоқ хўжалиги экинларини экиш кераклиги тўғрисида маълумотларни рақамли технология асосида узатиш қурулмалари орқали олинган маълумотларни веб серверларга интерактив узатади.

    — Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедициясида қўлланиб келинмоқда, — дейди Анвар Қобулов. — Ҳозирги кунда Мелиоратив экспедициясига қарашли сув қудуқларидан олинган маълумотлар онлайн тарзда IoT технологиялари асосида серверларга узатилиб, ишчи кучи ва транспорт харажатларини максимал даражада тежалмоқда. IoT (инглизча internet of things) буюмлар интернети деган тушунча бўлиб, ушбу технологик қурулмалар орқали туманлараро кўзда тутилган объектларни доимий мониторинг қилиш ва олинган маълумотларни юқори ташкилотлар серверларига интерактив узатувчи ҳар бир туманга юзлаб мутахассислар иш билан таъминлаши мумкин...

    Келгусидаги режалар

    Ҳа, бугун барча соҳа сингари қишлоқ хўжалиги йўналиши ҳам рақамлашмоқда. Деҳқону фермерлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини олиб кириш осон бўлмайди, албатта. Бунинг учун, аввало, улкан маълумотлар базаси шакллантирилиши керак. Ана ундан кейин сунъий интеллектдан биз таҳлил, таҳмин ва ечимни талаб қила оламиз.

    Бу йўлда изланиш олиб бораётган олимларнинг келажакдаги мақсадлари талайгина. Хусусан, олинган натижалар асосида Орол минтақаси мисолида IoT қурилмалари томонидан ишлаб чиқарилган экологик маълумотлар оқимларини кайта ишлаш ва ҳимоя қилишнинг интеллектуал усуллари ва технологиялари, Гидрогеологик-мелиоратив шароитларнинг ўзгаришини замонавий геоахборот технологиялари асосида тадқиқ қилишга астойдил киришишган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий университетининг Оролбуйи ўқув полигонлари биологик ҳолатини мониторинг қилиш тизими дастурий-техник таъминоти мавзуларида ҳам илмий изланишлар олиб боришмоқда. Ўйлаймизки, бу ташаббус ва ҳаракатлар давомли ва самарали бўлади.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates