Оролнинг “яшил” қалқони

    Шу кунларда Орол денгизининг қуриган тубида саксовул экиш ишлари олиб бориляпти. Бу  Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган тадбирларнинг узвий давоми ҳисобланади. Режага кўра, жорий йилда 100 минг гектар майдонда  “яшил қопламалар” барпо этилади.

    Бунинг учун жами 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари тайёрланди. Уларни сепиш ва экиш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ўрмон хўжаликлари ишчи-мутахассислари, ихтиёрий равишда қатнашаётган аҳоли томонидан зарур техника-механизмлар ҳамда самолётлар ёрдамида амалга оширилмоқда.

    Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб табиат қонунларига аралашиш, Амударё ва Сирдарё сувини тўсиш дунёдаги оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Минтақада чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди. Оролнинг қуриган тубидан йилига 90 кундан ортиқ давр мобайнида бўронлар содир бўлади ва 100 миллион тоннадан ортиқ чанг ва заҳарли тузларни атмосферага кўтариб, минглаб километрларга ёйиб юборади. Ҳатто, унинг тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер сайёрасининг кўплаб бошқа нуқталарида топилмоқда.

    Мутахассисларнинг фикрича, айни кезда технологик жиҳатдан Оролни аввалги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўқ. Бундай шароитда ягона йўл — борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини яхшилашга қаратилган тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

    Давлатимиз раҳбари ана шу йўналишлардаги мақсад-вазифалар бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, юртимиз имкониятларига таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда.

    Хусусан, Президентимиз 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилишининг олдини олиш учун бу ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаб берган эди.

    — 2018- 2921йиллар давомида денгизнинг суви қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилди, — дейди Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомидин Бакиров. — Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароит бўлишига қарамай экилди. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи-ходимлар қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилган.

    Масалан, 2021 йилда Орол денгизнинг қуриган ҳудудида 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилиши режалаштирилган бўлса, амалда 458 минг гектар майдонда саксовул ҳамда бошқа чўл ўсимликларининг уруғ ва кўчатлари қадалиб, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.

    Ўтган йил 23 февраль куни давлатимиз раҳбари Орол денгизининг қуриган тубига бориб, бу борада амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишар экан, катта машаққатлар билан орттирилган тажрибани илмий изланишлар асосида давом эттириш, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

    Чунки, ўтказилган тадқиқотлар Орол денгизи қуриган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни аралаш ҳолда экиш ҳисобига қайта тиклаш мумкинлиги амалда бўй кўрсатмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги яхшиланиши билан бир қаторда, ҳар йили 28−44 миллион доллар миқдорида қўшимча фойда келтириши ҳамда тупроқдан углерод чиқишини олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатиши мумкин.

    2022 йилда амалга оширилган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди. Жами 590,3 тонна, шундан 391 тонна маҳаллий аҳоли томонидан чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди, 100 гектар саксовул ва бошқа ўсимликлардан ниҳолхоналар ташкил этилди ҳамда бу тадбирларни бажаришга 635 нафар ишчи-ходим, 250 юқори унумли тракор ва 2 та АН-2 самолёти жалб этилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 январдаги фармойишида жорий йилда “яшил қопламалар” барпо этишни молиялаштириш учун жами 25 миллиард сўм маблағ йўлланиши кщзда тутилган.

    Саҳро султони, “яшил қалқон” фабрикаси

    Илмий манбаларда саксовулнинг шўрадошлар оиласига мансуб бута ва дарахтлар туркумига кириши, унинг бўйи 12 метргача етиши, илдизи ҳам шунча метргача ерга кириб бориши, 50-60 йил давомида умр кўриши ҳақида ёзилади. Лекин унинг қандай маънони ифодалаши хусусида бирон бир жўяли фикрни изоҳли луғатлардан ҳам излаб тополмадим.

    Шундай бир пайтда Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз изидан” китобидаги шундай фикрлар эътиборимни тортди.

    “Саксовул”… Бу чиройли сўзнинг этимологияси ҳақида аниқ маълумотлар учратмадим. “Саксовул” сўзи таркибидаги “саксон”даги “сакс” ва “овул” сўзлари ҳақида ўйладим, “саксовул”ни “ясавул”, “жиғовул”, “шиғовул” сўзлари билан солиштириб кўрдим, лекин бирор жўялироқ тахминга келолмадим. Аммо “саксовул” сўзининг маънодошини учратиб қолдим.

    Манзар Абулхайровнинг “Навоий асарларида сўз ва иборалар” китобида тарихимизда саксовулни “қумғоғ” деб ифодалаш ҳам бўлган деб кўрсатилган. Бундай номланишга саксовулнинг чўлда, қумда ўсиши сабаб бўлган бўлиши керак. Хусусан, бундай ифода Алишер Навоий асарларида учрайди.

    Гарчи қуёшдин парвариш олам юзига омдур,

    Саҳрода қумғоғу тикан, бўстонда сарву гул бутар.”

    Аслида ҳам саксовул асосан чўлу биёбонларда, шўрхок ерларда, тақирларда кўп тарқалган. Марказий Осиё, Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Ғарбий Хитойнинг дашту саҳроларида ўсади. Ойлар давомида сувсиз яшай олади, юқори ҳароратга бардошли, бўрон пайтида қумни ушлаб туришга қодир.

    — Шу боис ҳам чўлланишнинг олдини олишда саксовулзорларни кўпайтиришнинг аҳамияти катта, — дейди Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Ҳожимурод Толипов. — Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган 2 ёшли саксовулзорда шамол таъсирида қум кўчиши 20 фоиз, 5 ёшлисида 80 фоиз, 7 ёшли саксовулзорда эса тўлиқ тўхтатилади. Натижада Оролбўйи минтақасида иқлим мўътадиллашади, аҳолининг яшаши учун ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлиги таъминланади.

    Саксовулнинг атроф-муҳит ҳавоси мусаффолигини таъминлашда ҳам хизмати жуда катта. Бир гектар майдондаги тўрт йиллик саксовулзор 1158 метр куб кислород ажратиб чиқаради.Бу бамисоли соф ҳаво “фабрикаси” дегани.

    Яна бир жиҳати, Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Ушбу ҳудудда ўнлаб артезиан қудуқлари қазиляпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш учун замин яратади.

    Оролбўйида ва денгиз тубида ҳосил қилинаётган “яшил қоплама” майдонларининг кўпчилик қисмини саксовулзорлар ташкил этяпти. Бу борада Австралия, Қозоғистонда ҳам муайян ишлар қилинган, Саудия Арабистони эса, катта режалар тузяпти. Лекин Ўзбекистонда амалга оширилаётган тадбирлар қамровининг ўта кенглиги билан улардан ажралиб туради.

    Муқобили бўлмаган инновацион лойиҳалар

    Ўзбекистон — Евросиё материгининг марказий қисмида, денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. Мамлакатимизнинг 80 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, ҳозирги вақтда қарийб 10 миллион гектар яйловлар тубдан яхшиланишга муҳтож бўлса, кўчадиган қумлар қарийб 1 миллион гектар майдонни эгаллайди ва унинг икки юз минг гектари сўнгги вақтда суғориладиган ерлар атрофида пайдо бўлган.

    Юртимизда чўл экотизимларининг барқарорлигига эришиш, биологик хилма хилликни кенгайтириш, ердан самарали фойдаланиш йўлида амалга оширилаетган изчил ишлар бу каби муаммолар ечимини топишга хизмат қилмоқда. Бу борада янгича ёндашувлар, инновацион ғояларга асосланган лойиҳалар амалга оширишга катта эътибор қаратиляпти.

    — Бархан ва текис қумликларда кичик авиация (АН-2 самолёти, дельтаплан) ёрдамида саксовул уруғларини қанотсизлантириб, дрожжи шаклида донадор ва сочилувчан ҳолатга келтириб экиш ишлари олиб борилганлиги ана шундай лойиҳалар сирасига киради, — дейди Ҳожимурод Толипов. — Дельтапланлар билан экилганда, полосалари кенглиги 20-30 метр, улар орасидаги масофа 50-70 метрни ташкил этади. Уруғларнинг қанотсизлантириши атрофга учиб кетишига йўл қўймайди. Ушбу усулнинг ананавий ўрмон барпо этишга нисбатан афзаллиги иш унумдорлигининг юқорилигидир. Агар тракторлар билан бир кунда 40-50 гектаргача ўрмон барпо этиладиган бўлса, кичик авиация кўмагида камида 1000 — 1500 гектаргача иш бажарилади. Кўчатлар эса асосан тақир ерларда техникалар ва қўл кучи билан экилди.

    “Яшил қоплама” ҳосил қилишнинг яна бир усули, бу қуриган Орол денгизи тубида 40 сантиметр чуқурликда қум тўплайдиган жўяклар олиб, махсус қурилма билан унинг тубини янада чуқурлаштирган ҳолдла, ерларни экишга тайёрлашдир. Бу юмушлар кузда бажарилса, улар 2-3 ой ичида қумга тўлади. Кейин унга 1 ёшли саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари ниҳолларини экиш мумкин.

    Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти олимларининг олиб борган тажрибаларига кўра, махсус мосламалар билан тайёрланган жўякларнинг самарадорлиги шундаки, қумга тўлгандан кейин унга экилган ниҳолларнинг иккинчи йилдаги сақланиши 85 фоизни ташкил этди, Лекин ариқ очмасдан, текис майдонда экилган кўчатларнинг ўсиши 12 фоизга тенг бўлди. Бунга сабаб қум тўплайдиган ариқларда намликнинг текис ерга нисбатан кўп сақланишидир, Бу ҳолат, айниқса, сувсиз чўл ҳудудларида жуда муҳим. Ушбу усулда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2019 йилда 1126 минг гектарда, 2020 йилда 166,3 минг гектар майдонда қум тўплайдиган жўяклар олиниб, ер тайёрлаш ишлари амалга оширилди ва уларда босқичма-босқич кўчат экиш ишлари олиб борилди.

    Ўтган йилнинг январь-март ойларида қуриган денгиз ҳудудида жами 107 минг гектар “яшил коплама” барпо этилди, шундан 71 минг гектари авиация ва 31 минг гектари тракторлар ёрдамида уруғлар сепилди, 5 минг гектар майдонда саксовул кўчатлари экилди. Бухоро вилоятида жами 40 минг гектар ўрмонзорлар барпо этилган бўлса шундан 36 минг гектари техникада уруғлар сепилди ва 4 минг гектарида саксовул ниҳоллари қадалди. Навоий вилоятида жами 50 минг гектар, шундан техника ёрдамида 11 минг гектар ва авиациця билан 38,6 минг гектар майдонда уруғлар сепилди, кўчат экилган майдонлар 2,1 минг гектарни ташкил этди. Хоразм вилоятида бу борадаги ишлар 10,8 минг гектар майдонда амалга оширилди, унинг 200 гектарида ниҳоллар экилди.

    Бу йилги мавсумда ҳам жойларда ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқан ҳолда, уруғдан ва кўчатдан ўрмон барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

    Орол денгизининг қуриган ҳудудларида қазилган артезиан қудуқларидан сув чиқарилиши натижасида жойларда суиъий кўллар пайдо бўлди, улар атрофида қамишзорлар вужудга келди, дарахт ва буталар ўса бошлади. Қумликларда барпо этилган саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат майдонлар улар билан уйғунлашиб чўл экотизимлари тикланяпти, ёввойи ҳайвонлар ва қушларни ўзига жалб этишга, шу ерда яшашга, ин қуришга ва кўпайишга шароитлар яратяпти. Мониторинг ўтказиш даврида кўплаб ҳайвонларнинг, айниқса узоқ ўлкаларга учиб кетадиган қушларнинг миграцияси, шу жумладан қизил оёқли фламинголарнинг бир муддат қўниши ҳолатлари кузатилди.

    Олимларнинг қайд этишича, Орол денгизи қуриган майдонининг ер ҳолати бир хил эмас: 5 йил аввал қуриган ҳудуд билан 50 йил аввал сув қочган жойнинг ҳолатида умуман катта фарқ мавжуд. Ҳамма ерга бир турдаги ўсимликларни экишни тавсия қилиб бўлмайди. Ҳар бир ҳудуд ўзига хос ёндашувни талаб этади. Ерлар ҳолатини, қум ва шўрликларни эътиборга олиб, фақат тўғри танлаб экилган кўчатларгина ўзини тутиб кетиши мумкин.

    Шу каби жиҳатларга илмий изланишларда алоҳида эътибор қаратиляпти. Масалан, Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти олимлари томонидан “Қуриган Орол денгизи тубидаги қисман ўсимликлар билан қопланган ҳудудларда чўл бутазор яйловлари барпо этиш тизимини ишлаб чиқиш” лойиҳасига биноан, 3000 гектар майдонда озуқабоп терескен, кейреук ва бошқа шу каби чўл ўсимликларидан яйловлар барпо этилди. Бу ерларда уруғдан униб чиққан ниҳолларнинг кўкарувчанлиги тупроқнинг шўрланиш даражасига қараб 20-60 фоизни ташкил этди. Келгусида саксовулзорларнинг ораларида ана шу технологиялар асосида маҳсулдор яйловзорлар барпо этиш мумкин.

    “Оролбўйи ҳудудларида интенсив кўпаядиган техник ва яйловбоп экинларнинг янги навларини яратиш ва агротехнологиясини ишлаб чиқиш ҳамда уруғчилигини ташкил этиш” инновацион лойиҳаси доирасида эса, Орол денгизининг қуриган тубида саксовул, черкез, боялиш, кейреук ниҳолларини жадал етиштириш технологияси Тахтакупир ўрмон хўжалигининг 2 гектар майдонида жорий этилди. Натижада, кўчатхонада чўл ўсимликларининг 620 минг дона ниҳоллари етиштирилди (кўкарувчанлик 95,7 фоиз). Айни кезда чўл ҳудудларида кўчатхоналар ташкил этишда ушбу тажрибадан кенг фойдаланиляпти.

    Шу билан бирга, “Қуриган Орол денгизи туби тупроқ иқлим шароитида ўсадиган дарахт ва бута ўсимликларининг генофондини яратиш” бўйича лойиҳа ҳам амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бугунги кунда Оролбўйининг турли географик минтақаларида қум бўронлари ва гармсел шамолларига қарши яшил оазислар барпо этиш учун 2 гектар майдонда 15 турдаги (қора саксовул, қизил қандым, рихтер черкез, чўғон, терескен, боялыч, кейреук, изен, соляноколосник беланже, тамарикс, эфедра, шобера селитрянкаси, селин, тереза) чўл ўсимликларининг генофонди яратилди.

    Ҳамкорликда ҳикмат кўп

    Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сесиядаги маърузасида Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича таклифни илгари сурган ва мазкур халқаро ташкилот 2021 йил 18 майда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияни қабул қилган эди. Аввалги йил 29 июлда Президентимиз томонидан имзоланган қарорда мазкур ҳужжат ижросини таъминлашнинг амалий вазифалари белгилаб берилди ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқланди.

    — Ушбу ҳужжатда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантиришнинг ўн тўртта йўналиши кўрсатиб берилган, — дейди Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомидин Бакиров. — Улар доирасида бугунги кунда 312 миллиард сўм, 22,2 миллион доллар ва 6 миллион евро ажратилган 71 та тадбир, шунингдек 1,9 триллион сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳани амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, бу борада 230 та лойиҳавий таклиф мавжуд, уларнинг умумий қиймати 210 миллион долларни ташкил этади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдонларида тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган чўл ўсимликларини ажратиб олиш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилпти. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 40 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

    Марказ томонидан “Оролдаги менинг боғим” (My garden in the Aral Sea) агро-экотуризм лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади чет эллик сайёҳлар ва маҳаллий аҳолининг Оролбўйини кўкаламзорлаштириш ишларига ўз улушини қўшишга ва шу йўл билан кишиларнинг турмуш даражасини кўтаришга даъват этишга қаратилган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда илк бор аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ва краудфандинг (аҳоли томонидан молиялаштириш) платформаси яратилди. Лойиҳа учун “Мўйноқ” тажриба-ишлаб чиқариш участкасида 1,8 гектар майдон ажратилиб, 15 турдаги 3000 га тяқин дарахт кўчати экилди. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубидаги 42 гектар майдонда 42 минг туп саксовул, қандим ва терескен кўчати ўтқазилди. Ўтган йили Мўйноқ тумани ҳокимлиги томонидан лойиҳани кенгайтириш учун 30,4 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда ушбу майдонларда декоратив боғ яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

    Маълумки, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида нафақат Ўзбекистон, балки, жаҳон ҳамжамияти учун ҳам тарихий воқеа юз берган эди. Президентимизнинг ташаббуси асосида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди

    Мазкур фонд Оролбўйидаги аҳоли турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳалар билан боғлиқ бўлган муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш, Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари, донорлик ҳамжамиятларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани ривожланиш жараёнига биргаликдаги ёрдамни таъминлаш, унин ривожи учун техник ҳамда молиявий ресурсларни сафарбар қилиш каби ишларни амалга ошириб келмоқда.

    Бугунги кунга қадар жамғарма стратегияси доирасида Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ, турли лойиҳаларни молиялаштириш учун 244 миллион долларга яқин маблағ жалб қилинган. Шу билан бирга, жамғарма томонидан 5 та қўшма дастур молиялаштирилди, Бу эса, ўз навбатида, Қорақалпоғистоннинг 48 минг аҳолисиг ҳаёт сифати яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатди.

    Бу каби лоиҳа ва дастурлар ва уларнинг самараларига доир маълумотларни яна кўрлаб келтириш мумкин. Бинобарин, мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида ҳам Орол денгизининг тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этиб, унинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга етказиш вазифаси қўйилган. Зерор, дунёда муқобили бўлмаган ушбу вазифалар ижросининг таъминланиши Оролбўйи ҳудудида экологик фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва уларнинг орзу-ниятларининг амалга ошишига хизмат қилади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates