Осмоннинг бергани — ободлик

    Лекин бир куни ёпиқ китоб сал очилгандай бўлди. Бобом бола-чақаю дўсту биродарнинг ҳаммасини ҳашарга чорлади. Фойдамиз тегса-тегмаса, биз, болалар ҳам элга қўшиладиган бўлдик. Ҳашардан мақсад...

    Бу йил қиш ёмон келмади. Охирлаб бораркан, баҳорий ҳавонинг кескин ўзгариб, кетма-кет қор ёққанини кимдир “Ожиз момо келди”, дея таърифласа, кимдир “Ҳали келишига бир оз вақт бор”, дейди. Ожиз момо дегани, катталарнинг айтишича, табиат ҳодисаси бўлиб, одатда қишнинг охирида келармиш. Унинг “Аямажуз” шаклини эшитганмиз. Изғирини бир ёну қишдан силласи қуриб чиққан чорванинг ғами бир ён — шароитини қилмасанг, битта қолмай қирилади. Шунинг учун Аямажуз бундай дермиш: “Тўқсон — бир кунимча йўқсан”. У ҳақида қўшиқ ҳам бор:

    Ожиз момом олти кун,

    Қаҳр айласа, етти кун.

    Сакраб келса, саккиз кун,

    Тўқраб келса, тўққиз кун.

    Ўйнаб келса, ўн кун...

    Халқимизнинг ишонишича, Ожиз кампир хоҳлаган пайтида ташриф буюриб, кетма-кет қорни-да ўзи билан эргаштириб келаркан. Момо соддадил, сандал атрофида эртак тўқиб ўтирадиган кампир эмас, айёр кампир. Туни билан музлатиб, одамларни уйга қамаб, тарнов четига тишларини осиб чиқаркан. Бирортаси бошингга тушса борми... Худо асрасин. “Ўзгидромет” шулардан огоҳлантириб, телефонларга хабар жўнатиб турганига раҳмат.

    Кўзингни қувнатиб ёққан қорга деразадан боқаркансан, болалардан бахтиёрроқ одам йўқдек. Айниқса, эндигина бир ёшга кириб, қор нималигининг фарқига бормайдиган гўдаклар кўзидаги ҳайратни кўриб, сен ҳам қандайдир масрурлик туясан. Қанийди, дунё уларнинг кўз олдида ҳар доим шундай оппоқлигича, софлигича қолса...

    Шаҳдинг оловланиб, кўчага чиққинг келади. Қалин кийимларни ҳеч ким тайинламаса-да, ўзинг билиб киясан. Кўча оппоқ. Бир неча кунга бўлса-да, бутун оламнинг ранги кўзларингда оққа дўнади. Завқланиб қолишинг керак. Ахир болалигингда бобонг “Қор Яратганнинг азиз неъмати, шукрини қилиш керак. Банданинг шукри эса хурсандчилигида”, деб бежиз айтмаган-ку.

    Бир умр деҳқон ўтган бобомизнинг энг шодмон кунлари айнан қор ёққан пайтларга тўғри келарди. Ўша кунлари ҳаммамизга тансиқ ширинликлар улашарди. Энди ўйласам, бобомнинг қувончи фақатгина қорнинг шукри учун эмас, ундаги барака суви сабабли ҳам экан. Қор ёғса, сув мўл бўлиб, деҳқоннинг йили енгил келишини сал улғайгач тушундим.

    Бобомнинг далалари Қашқадарёнинг қуруқ табиатли, сув кам жойларида бўларди. Кунлар илий бошлаши билан то кеч кузгача уни деярли уйда кўрмас эдик. Тош ёғадими, қум ёғадими, бўрон турадими — даласидан бери келмасди. Қиш бўйи тўлишиб қолган юзлари қақшаб, ияклари бўртиб, қоқсуяк қиёфада ҳосил мавсумини якунларди. Нимадир бўлиб даласига бориб қолсак, қиёфасини кўпинча тунд кўрганим кўз ўнгимда муҳрланиб қолган. Ўша пайтлар бунинг сабабини билмас эдик, савлатли одам бўлгани учун ўзидан ҳам ботиниб сўрай олмаганмиз.

    Лекин бир куни ёпиқ китоб сал очилгандай бўлди. Бобом бола-чақаю дўсту биродарнинг ҳаммасини ҳашарга чорлади. Фойдамиз тегса-тегмаса, биз, болалар ҳам элга қўшиладиган бўлдик. Ҳашардан мақсад салкам 3 километр жойдан ариқ очиб келиш эди. Неча кунда қазилди, эсимда йўқ, аммо 40-50 одам тиним билмай ишлагани ёдимда. Ҳеч ким ҳашардан қочмади — бу бобомизнинг эл аро ҳурмати баландлигидан эди. Бироқ бир ҳолат бола сифатида менга қизиқ туюлган — иш унгандан униб борарди-ю, бобомизнинг қовоғи очилмасди. Бир куни беихтиёр тушлик пайтида бобомнинг яқин бир ошнаси билан суҳбатини эшитиб қолдим.

    — Қишнинг бир йил қуруқ келгани ҳамманинг асл юзини очди-да, Рўзибой. Уруғ қадагандан бери ҳар куни жанжал, сув талаш, ариқ талаш. Ҳалиям амакивачча эканмиз, — дерди бобомиз.

    Кейин билсам, бу тундликнинг сабаби айнан шунда экан. Бобомнинг далалари туғишган ака-укаларию амакиваччаларининг далалари билан ёнма-ён эди. Пахтаю пилланинг режасини тўлдиролмай, бобомдан кўмак сўраб, хушмуомалалик қилиб ўтирадиган оға-инилар сувга келганда бобомга “кун бермас экан”. Бобомиз ҳақини талаб қилгани билан тортишув ёқалашишга боргудек бўлса, яна жигарчилик деб, кўнгли бўшлик қиларкан-у, экинларини суғориш муддати ўтиб кетаркан.

    Бу ариқни қаздиришига сабаб ҳам она табиатнинг суви учун кўз билан киприклар орасидаги зиддият эди. Қор — сероблик, ерни тўйинтиради. Бу эса экинни суғоришга сув бўлмаганида ер нами анчагача унинг “гавдасини ушлаб туради”, дегани. Ердан-да беминнат неъмат бормикан бу дунёда?

    Кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитиб турибди — бугун бутун дунё, айниқса, Марказий Осиё сув тақчиллигидан борган сари азият чекмоқда. Бунга ечим ўлароқ томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, эгатлаб суғориш... ҳаммаси синаб кўрилаётир. Лекин чойнакда бори пиёлага қуйилади — тан олиш керак, дарёлар энига қисқариб, ер ости суви тобора пастлаяпти. Томчилаб ишлатсак ҳам таги кўринади. Тежамкорлик сўзини эса, асосан, ҳисоботлар ёзганда эслаймиз.

    Шу фикрлар қуршовида кўчаларни кезарканман, хаёллар ўз оғушига тортади — агар бугун бобом ҳаёт бўлганида бундай баракали қорни кўриб, қанчалар суюнган бўларди? Тағин бизга тансиқ ширинлик улашармиди?! Инсон барибир аждодларини тез-тез қўмсаб туриши бор гап.

    Оппоқ қор эса сенга далда, ҳамфикр бўлади. Ҳа, улар ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама қадрли. Улар бизнинг халоскоримиз, биз каналлар қазиб олиб кела олмаган обиҳаётни келтиради. Эскилар бежиз айтмаган: “Қор — Худонинг неъмати”. Яратган шукр қилган бандаларининг насибасин қирқмас.

    Сўзимни эса эскиларнинг бир ибораси билан якунлайман: “Осмоннинг бергани — ободлик”.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 23 февраль, № 39

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates