ОТБ Ўзбекистон электр тақсимлаш тармоғини рақамлаштиришга ёрдам беради

    Инвестициялар 20 сентябр 2023 1549

    Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга энергия самарадорлиги ва электр энергияси хизматлари ишончлилигини ошириш учун энергия тақсимлаш тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштиришга ёрдам беришга қаратилган 200 миллион доллар миқдоридаги қарзни маъқуллади.

    “Тақсимлаш тармоғини рақамли трансформация қилиш ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида республика ҳудудларидаги 26 та тақсимловчи подстанциялар рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) тизимига модернизация қилинади. Рақамли ҳимоя релеси ва иқлимга чидамли лойиҳа подстанцияларнинг табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалар пайтида ишлаш ишончлилиги ва чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.

    — Ўзбекистоннинг эскириб қолган тақсимлаш тармоғини модернизация қилиш мамлакатнинг узоқ муддатли яшил ва кам углеродли стратегияси учун муҳим аҳамиятга эга, — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. — Биз нафақат энергия хизматлари сифатини яхшилаш, балки иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайишига олиб келадиган электр энергия йўқотишларини камайтириш орқали тоза энергияга ўтишни осонлаштирадиган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.

    Ўзбекистоннинг тақсимлаш тизими 7,6 миллион маиший ва саноат истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Хонадонларни 100% электрлаштиришга эришилганига қарамай, мамлакат асосан 1960 йилларда қурилган эскираётган ва ҳаддан ташқари юкланган инфратузилма туфайли ишончсиз электр таъминотидан азият чекяпти. Электр таъминотидаги узилишлар ҳозир ҳам давом этяпти ва улар айниқса қишда, паст ҳароратларда иситиш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёж юқори бўлган вақтда юқори даражада бўлади, бу эса ўз навбатида мактаб ва поликлиникалар каби муҳим ижтимоий тармоқларнинг фаолият юритишини мураккаблаштиришга олиб келяпти.

    Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб 2019 йилдаги 67 тераватт-соатдан 2030 йилда 120,8 тераватт-соатгача ошиши кутиляпти. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 ГВт қувватга қўшимча равишда 17 гигаватт (ГВт) миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини шакллантиришни, жумладан, 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштиряпти.

    — Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради, — деди ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Ким. — Шунингдек, етказиш ва тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш, ақлли ва мослашувчан тизимлар қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини яхшироқ бошқариш имконини беришини ҳисобга олсак, мамлакатга қайта тикланадиган энергияни тармоққа кўпроқ интеграция қилиш имконини беради.

    ОТБ лойиҳаси, шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (HET) давлат тақсимлаш компаниясининг молиявий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, HET да гендер тамойилларини жорий этишни институциялаштиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, HET ва Тошкент давлат техника университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида талаба қизларни ўқитиш орқали аёллар ва қизларнинг энергетика соҳасида иштирокини рағбатлантириш мақсадида, 250 000 доллар миқдоридаги техник ёрдам гранти тақдим этилади.

    Франция тараққиёт агентлиги (FTA) қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 миллион евро (тахминан 75 миллион доллар) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.

    Маълумот учун: ушбу қарз 25 йил муддатга берилади, шундан 5 йиллик муддати имтиёзли ҳисобланади. Лойиҳа 2023-йил октябрь ойидан 2028-йил март ойига қадар амалга оширилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар банк томонидан мамлакатга 10,8 миллиард доллар миқдорида қарзлар, грантлар ва техник кўмак тақдим этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates