Энергетика вазирлигида электромобилларни қувватлантириш станцияларида юзага келаётган муаммоли масалаларни ўрганишга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов бошчилигида ўтказилган мазкур учрашувда вазирлик ходимлари, Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция”, Кадастр агентлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Яшил энергия” МЧЖ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли мутасаддилари, шунингдек, “Tok Bor”, “Megawatt Energy”, “GreenTE”, “Q.Watt”, “TezTok”, “Mustang Energy”, “Voltauto”, “EBB Charging” ҳамда “Spectre Energy” компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Очиқ мулоқот ва қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда кечган ушбу анжуманда сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда “Тошкентда электромобилларни қувватлантириш станциялари асоссиз ўчириб қўйилмоқда” қабилида тарқалган турли шов-шув ҳамда миш-мишларга ойдинлик киритиб олинди, дея хабар беради вазирлик ахборот хизмати.
Мулоқотда субистеъмолчи сифатида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган компаниялар ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида гапириб беришди. Тегишли мутасаддиларнинг бу борадаги изоҳлари тингланди.
Шунингдек, Энергетика вазирлигининг 17 декабрь куни эълон қилинган позицияси қатъий ва ўзгармаслиги, вазирлик қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермагани ҳамда экологиямизни асрашга катта ҳисса қўшадиган электромобилларни Ўзбекистонда оммалаштириш тарафдори экани яна бир карра таъкидланди. Шу билан бирга, тадбиркорлардан ҳам энергетика соҳасига тааллуқли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибларга риоя қилиб фаолият юритишлари сўралди.
Учрашув якунида бу каби мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриш таклифи барча томонидан маъқулланди. Тадбиркорлар ва соҳа мутасаддиларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклифларни ўрганиб чиқишга келишилди.