Қайд этилишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари ректорлари билан мунтазам равишда онлайн йиғилишлар ўтказиб турилади ва ушбу йиғилишларда муҳокама қилинган масалалар топшириқ сифатида расмийлаштирилиб, ректорларга ёзма тарзда жўнатилади. Хусусан, жорий йилнинг 14 февраль куни ОТМ ва филиаллар раҳбарларига жўнатилган хат ҳам айнан йиғилишда билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб берилган топшириқдир. Яъни бу ёзма топшириқлар ректорлар билан муҳокама қилиниб, аввалдан келишиб чиқарилган ва улар ОТМлар ички тартиб-қоидаларига алоқадор.
ОТМ тартиб-қоидаларига амал қилмайдиган ёки бузган талабалар рўйхатини тузишдан мақсад талабаларнинг маънавий-моддий муаммоларини бартараф этиш, иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, талабаларнинг вақти ва имкониятларини билим олишга йўналтириш, талабалар ва мураббийлар орасида дўстлик муҳитини яратишдир. Хатда шунингдек, олий таълим муассасаларидаги иқтидорли талабаларнинг рўйхатини шакллантириб, вазирлик ва ОТМнинг раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчиларига бириктириш топшириғи ҳам берилган. Иқтидорли талабалар сони ОТМ ички тартиб-қоидаларини тушуниб етмаган талабалардан кўпроқни ташкил этади ва иқтидорли ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ҳам алоҳида ёндашувни талаб этади. Мақсад — иқтидорли талабаларни муаммоларини эшитиш, уларнинг ғоя ва таклифларига мунтазам йўналиш бериб туришдир.
Шундай қилиб, ОТМ раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилар алоҳида эътибор талаб этиладиган талабалар билан индивидуал ишлашлари назарда тутилган. Бунда вазирлик раҳбарларининг ҳам талабалар билан мулоқотлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, мазкур хатдаги бошқа топшириқлар ҳам ОТМларнинг вазифасига кирадими, деган савол берилган.
Яна бир топшириқда тизим тўғрисида берилаётган фикрлар, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида холис фикр билдириш мақсадида талабаларни ОАВда янада фаолроқ бўлишга чақириш, ҳодиса ва воқеликка бир томонлама қарашни олдини олиш юзасидан тушунтиришлар олиб бориш мақсад қилинган. Бунда тизим шаънини ҳимоя қилиш деганда албатта фақат ижобий эмас, балким холис, асосланган танқидий фикрни илгари суриш ҳам тушунилади.
«Ёшлар ўртасида пайдо бўлаётган ёмон иллатлардан огоҳ қилиш мақсадида таъсирчан қисқа ҳикоялар нашр қилиш назарда тутилсин» деган топшириқ ҳам контекстдан узиб олинган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳозирда шундай ҳикоялар тўплами нашр этишга тайёрланди ва уларни ОТМларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналларида эълон қилиниши назарда тутилган.
«Шараф кодекси»га келадиган бўлсак, бу ҳар бир ОТМ талабалари ва ўқитувчиларини бирлаштирувчи рамзларни, қадриятларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларга ундовчи йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш назарда тутилган. Ушбу кодекс талабалар, педагоглар, профессорлар ва битирувчиларни ўз олий таълим муассасаларидан ғурурланишларига, маслакдош бўлишларига хизмат қилади.
Шунингдек, яқин кунларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ва фан кенгаши ҳамда Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини бошлашини маълум қиламиз. Вазирлик томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган олий ва профессионал таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар мазкур кенгашлар билан бамаслаҳат кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.