“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимиз компания ва корхоналари орасида биринчи бўлиб халқаро ESG рейтингини олишга муваффақ бўлди

    Энергетика 25 декабр 2023 677

    “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тўрт йилдан буён жаҳонда етакчи топ “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Фитч Рейтингс” халқаро рейтинг агентлигининг “ББ-” халқаро кредит рейтингини барқарор даражада сақлаб келмоқда.

    Гидроэнергетикани ривожлантириш аҳолини нафақат барқарор электр энергияси билан таъминлашда, балки атроф-табиий муҳит, экологияни асрашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кейинги даврда гидроэнергетикани ислоҳ қилиш бўйича Президентимизнинг 1 та фармони, 7 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори қабул қилинганлиги ҳам унга бўлган эътиборни яққол намоён этиб турибди.

    Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 2017 йил 18 майдаги фармонига асосан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилган эди. Мана шундан буён олти ярим йилдан ортиқ вақт ўтди. Қолаверса, 2023 йилни якунлаш ва сарҳисоб қилиш палласида турибмиз. Шундай экан, табиий равишда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани САНГИНОВ билан суҳбатимиз ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишларга назар ташлашдан бошланди.

    — Сув — табиатнинг улуғ инъоми ва она заминимизнинг энг қадрли неъмати. Унинг ҳар қатраси қадрланиши ва самарали фойдаланилиши керак. Бу бевосита гидроэнергетика тизимининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ, — дейди Абдуғани Сангинов. — 2017 йилда мамлакатимизда дарё ва сув омборлари ёнида 36 та каттаю кичик гидроэлектр станция фаолият кўрсатарди. Энг ачинарлиси, уларнинг айримлари бундан қарийб юз йил олдин, қурилган бўлса, аксарияти ўтган асрнинг 50 — 60-йилларида барпо этилган, техник жиҳатдан ва маънан эскирган эди.

    Ана шундай мураккаб бир пайтда, 2017 йилнинг май ойида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг зиммасига республикамизда сув-энергетика ресурсларини бошқаришни ягона тизимини шакллантириш, янги экологик тоза энергия ҳосил қилувчи қувватларни ташкил этиш, мавжуд ГЭСларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, гидроэнергетикани ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда саноат ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш вазифаси юкланди

    Энг аввало, тизим таркибидаги барча иншоот ва ташкилотларлар хатловдан ўтказилди. Илмий ва амалий таҳлиллар янги ГЭСларни қуришда ҳам, мавжудларини модернизация қилишда ҳам наинки минтақага, балки жаҳон андозаларига мос технологиялардан фойдаланиш самарали эканлигини кўрсатди. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу ишларга халқаро молиявий муассасаларнинг узоқ муддатли имтиёзли маблағларини жалб этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

    Ўтган давр мобайнида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан олиб борилган фаол ислоҳотлар натижасида жами 36 та лойиҳа, шу жумладан, 23 та янги ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилди мавжуд 13 та ГЭС замонавий андозалар асосида модернизация қилинди.

    Сўнгги олти ярим йил ичида мамлакатимизда ГЭСларнинг умумий сони 2017 йилдаги 37 тадан 58 тага ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми эса 1 856 МВтдан 2 233 МВтга етказилди, қўшимча равишда қарийб 400 МВт қуввати яратилди. Эътиборли томони, бу рақамлар сўнгги йилларда МДҲ давлатларидаги энг катта кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

    Ҳозирги кунда Инвестиция дастурига мувофиқ, жами қуввати 749 МВтга тенг бўлган 13 та лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

    2023 йилда амалга оширилган ишларга келганда, Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 190 МВтга тенг 8 та ГЭС, шу жумладан, 3 та йирик ва 5 та микроГЭС ишга туширилди. Хусусан, Тошкент вилоятида Испайсой, Андижонда Завроқ, Хонобод микроГЭСлари, Самарқандда Шаудар ва ПК 102+00 ГЭС, Сурхондарёда Тўполанг ГЭС ва “Исфара микроГЭС-1” лойиҳалари ана шулар жумласига киради.

    Хабарингиз бор, жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиздаги энг йирик Чорвоқ ГЭСдан кейинги ўринда турувчи – модернизациядан сўнг қувватлари янгиланган “Тўпаланг ГЭС” фойдаланишга топширилди. Унинг бошқаруви тўлиқ автоматлаштирилган ва инсон омилисиз “ақлли” тизимда ишлайди.

    Маҳаллийлаштириш доирасида Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида “Исфара микро ГЭС-1” қувват бера бошлади. Унинг аҳамиятли томони шундаки, гидроэнергетикамиздаги дастлабки “миллий” ГЭС ҳисобланади. Сабаби Ўзбекистонда илк бор мазкур гидроиншоот доирасидаги барча ишлар, шу жумладан, лойиҳалашдан тортиб, унга ўрнатилган асбоб-ускуналаргача тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан бажарилди. Жамият таркибидаги “Сувсаноатмаш” АЖ негизида ушбу иншоот учун зарур бўлган жиҳозлар ишлаб чиқарилди.

    Минтақамизда сўнгги йилларда сув кам бўлган мавсумлар тез-тез такрорланмоқда. Шундай бўлса-да, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида яратилган қўшимча қувватлар эвазига соҳа салоҳиятини нафақат бир маромда сақлаш, балки йилдан-йилга мавжуд қувватларни ошириб боришга ҳам эришилмоқда.

    Жорий йилда жамият тасарруфидаги қувват ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 7 миллиард кВт.соатга яқин электр энергияси миллий электр тармоқларига етказиб берилиши мўлжалланган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 8 фоизга кўп дегани.

    — ESG атамаси Ўзбекистонда ҳали унчалик оммалашган эмас. Бу тамоилни жорий этиш бўйича йирик компания ва жамиятлар дастлабки қадамларни қўяяпти, унинг талабларини ўрганиш устида иш олиб боряпти. Шундай бир кезда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизда биринчи бўлиб халқаро ESG рейтингини олишга муваффақ бўлди.

    — Президентимизнинг шу йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида 2023 — 2026 йилларда устав капиталида давлат улуши мавжуд трансформация қилинадиган акциядорлик жамиятлари фаолиятига халқаро ESG (Environment, Social, Governance)тизимини жорий этиш, бунда атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув омиллари, шунингдек, барқарор ривожланиш билан боғлиқ жиҳатларни ҳисобга олиш масалаларини жамиятлар бошқарув органларида кўриб чиқилиш вазифаси қўйилган эди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида ҳам жамиятимиз зиммасигага экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш ва 2025 йилга қадар бу рейтингини олиш топшириғи берилган. Биз бу топширқни муддатидан олдин бажариб, шу йилнинг ўзида мазкур рейтингни олишга эришдик.

    — Шу ўринда ESG нима, нима учун ушбу рейтингга эга бўлиш йирик компаниялар учун жуда муҳим ҳисобланишига изоҳ бериб ўтсангиз?

    — ESG тамойилидаги ҳар бир ҳарф аниқ бир йўналишни ифодалайди. Е — инглизча “environmenta” мезони компаниянинг атроф-муҳитга қанчалик қайғуришини англатади. Бу иссиқхона газлари ташланмалари, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик қонунларига риоя қилиш каби масалаларни ўз ичига қамраб олади.

    S — (social) корхона ёки жамиятнинг ўз ходимларига, етказиб берувчиларига, мижозларга ва бошқа ҳамкорларига бўлган муносабатини акс эттиради. Шунингдек, ходимларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги, уларнинг касбий ривожланиши, хавфли меҳнат шароитлари, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, товарлар сифати учун мижозлар олдидаги масъулият ва ижтимоий ташаббусларда иштирок этиш мезонларини ифода этади.

    G — (governance) бошқарув самарадорлиги, акциядорлар ҳуқуқлари, аудит ва коррупцияга қарши кураш, ҳар хил хатар (риск)ларни бошқаришни ўз ичига олган корпоратив бошқарув қоидаларидан иборатдир.

    Ушбу тушунчаларнинг асосий моҳияти шундан иборатки, улар йирик компанияларнинг жамият ривожига ҳисса қўшиш, жумладан, хайрия ишларини бажариш, ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни бартараф этишда кўмаклашиш каби масъулиятли вазифаларни ҳам зиммаларига олганлигини намоён этади.

    — “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ESG тамойилларини муваффақиятли амалга ошириш учун қандай ишларни амалга оширди ва рейтинг туфайли қандай афзалликларга эга бўлади?

    — ESG тамойилларини амалга ошириш учун жамиятимиз бу йўналишлар бўйича халқаро стандартлар ва талабларни ўрганиб чиқди. Аввало, биз барча зарур маълумотларни тўплаган ҳолда, кенг қамровли таҳлилни ўтказдик. Кейин эса, уларни веб-сайтимизда халқаро стандартларга мувофиқ инглиз тилида эълон қилдик. Бундан ташқари, жамиятимиз томонидан 2022 йил учун биринчи “Барқарор ривожланиш ҳисоботи”ни ишлаб чиққанимиз бунинг пойдевори бўлди. Ушбу ҳужжатда биз экологик, ижтимоий ривожланиш ва корпоратив бошқарув соҳаларида бажарилган ишларни очиқ-ошкора тақдим этдик. Чунки, ўз фаолиятига доир маълумотларни оммага ҳавола этадиган компаниялар сармоядорлар эътиборига тезроқ тушади.

    Маълумки, инвесторлар ESG рейтингларини компанияларнинг ESG кўрсаткичлари бўйича фаолиятини баҳолашда муҳим маълумот манбаи деб билади ва уларнинг ижобий томонларига қараб ҳамкорликни йўлга қўяди, тўғридан-тўғри инвестицияларни киритади. Биз инвесторлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, дунёда етакчилар сафида турган ва катта нуфузга эга бўлган “Sustainable Fitch” рейтинг агентлигидан Ўзбекистонда биринчи бўлиб ESG рейтингини олишга муваффақ бўлган эдик.

    Ижобий баҳолаш учун асосий омиллардан бири сифатида жамиятнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятига масъул бўлган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кадастр хизмати” бўлимининг мавжудлигини келтириш мумкин. Ушбу бўлим оқава сув сарфини камайтириш, ҳаво ифлосланишини минималлаштириш ва чиқиндиларни утилизатция қилиш жараёнларини яхшилаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

    Қолаверса, атроф-муҳитни бошқариш тизимига ISO 14001:2015 талаблари жорий этилган. Бу, ўз навбатида, экологик нохуш ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутяпти.

    Жамиятимизнинг экологик талабларга, айниқса ободонлаштириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ESG балида ҳам ижобий баҳоланган. Бунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга ошираётган тадбирларимиз ва одоб-ахлоқ кодексини ҳаётга татбиқ этганимиз ҳам бош аомиллар сирасига киради. Улар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари, меҳнат, коррупцияга қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича глобал шартномаларига тўла-тўкис мос келади.

    Шу билан бирга, жамиятда азалдан хайрия тадбирлари ва ҳомийлик орқали маҳаллий идоралар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу каби хайрли ишлар ҳам “Ўзбекгидроэнерго”нинг умумий барқарор ёндашувининг муҳим таркибий қисмига айланди ва халқаро ESG рейтингини олишга ҳисса қўшди.

    Корпоратив бошқарувга келганда, бу борадаги катта ҳажмдаги маълумотлар жамиятимиз веб-сайтида инглиз тилида эълон қилиниши йўлга қўйилган. Шунингдек, “Комплаенс-назорат” ва коррупцияга қарши курашиш” бўлими ҳам ўз ишини такомиллаштириб боряпти.

    Инвесторлар ESG рейтингларини компанияларнинг бу борадаги кўрсаткичлари ҳақида муҳим маълумот манбаи деб билади ва баъзи рейтингларга афзаллик берилади. Халқаро инвестиция ва молия институтлари билан ишлашда юқори жозибадорлик касб этади, ижобий имиджимизни оширади.

    — Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгилаб берилган вазифа муддатидан икки йил илгари бажарилди. Эдиликда ESG рейтинги бўйича амалга ошириладиган ишларни янада мустаҳкамлаш йўлида қандай ишлар олдинда турибди, деб ўйлайсиз?

    — Дунё янги бир босқичга қадам қўймоқда. Бу босқич глобал муаммолари, умуминсоний қадриятлари, ўзгача талаблари, инжиқликлари, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Ахборот айланиш кўлами ва тезлик нуқтаи назаридан бағоят кенгайиб боряпти. Бундай шароитда ишонч энг асосий инвестицияга айланади. Замоннинг ўзгаришлари, глобал трендларни доимий кузатиб бориш ва уларга мослашиш эса бугунги бизнеснинг асосий шартларидан бири саналади. ESG ана шу ишонч ва мослашувчанлик пойдевори устида барпо этилаётган янги муносабатлар тизимидир. Усиз ҳеч қайси компания глобал марраларни кўзлашига имкони йўқ, деган фикрдаман.

    Келажакда ESG стратегиямизни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун биз бир қатор асосий чора-тадбирларни амалга оширяпмиз. Биринчи навбатда, жамиятнинг ташкилий тузилмасида жиддий ўзгаришлар қилдик. Биз ESGни амалга ошириш бўйича махсус бўлим ташкил этдик, у ҳозирда барча йўналишдаги ташкилот ва бошқармалар билан яқин ҳамкорлик қилади. Экология соҳасидаги ташаббусларни чуқурроқ таҳлил қилиш ва муваффақиятли амалга ошириш мақсадида унга мутассадди бўлган бўлимнинг ходимлари сони кўпайтирилди. Улар ўз билим савияси ва малакаси юқорилги билан халқаро ҳамкорлик соҳасида, чет эл инвестициясини жалб қилиш, давлат-хусусий ташкилотлари билан ишлашда ибрат кўрсатиши ва намуна бўлиши талаб этилади.

    Бундан ташқари, жамиятда гендер тенглигини таъминлаш бўйича фаол иш олиб бориляпти ва тез орада халқаро мутахассисни мустақил аъзо сифатида кузатув кенгашимизга жалб қилишни режалаштирганмиз.

    “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тўрт йилдан буён жаҳонда етакчи топ “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Фитч Рейтингс” халқаро рейтинг агентлигининг “ББ-” халқаро кредит рейтингини барқарор даражада сақлаб келмоқда. Бундан ташқари, жамият 2023 йилда мустақил кредит рейтингини бир поғонага ошириб, узоқ муддатли эмитент рейтингини “Б+” даражага кўтаришга эришди.

    Шунингдек, ошкораликни таъминлаш мақсадида 2022 ва 2023 йиллар учун харид жараёнларини аудитдан ўтказиб, коррупцияга қарши курашиш тизимлари самарадорлигини ошириш (“форензик”) бўйича дунёда аудиторлик ва консалтинг хизматлари кўрсатувчи “катта тўртлик” томонидан жамият харид тизими бўйича ижобий аудит хулосаси олинган.

    Жамиятнинг яна бир катта ютуғи, бу унинг тасарруфидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналарда Марказий Осиёда илк бор “Яшил энергия” сертификати жорий этилганидир. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, энергия ҳосил қилувчи корхоналарда ишлаб чиқарилган қувватлар учун биринчи марта “Яшил энергия” сертификати тизими татбиқ этилди. Ҳозирда бу борадаги амалий чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, I-REC сертификатлари (“яшил энергия” сертификатлари)ни биржа орқали сотиш мамлакатга экологик масъулият ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишга содиқлигини намойиш этиш имконини беради ҳамда табиий равишда Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги экологик рейтингини оширади. Айни кезда бу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар соҳага хорижий инвестицияларни янада кенгроқ жалб этишда ўзига хос кафолат вазифасини ўтайди.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates