Стратегияда беш йўналиш – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш бўйича 100 та мақсад ўрин олган.
Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ МАНЗИЛЛАРИ САРИ
Шохруҳ ТИЛЛАБОЕВ, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, эксперт:
– Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабат усулларидан биридир. Чунки қонун лойиҳалари муҳокамаси жараёнида қатнашиш фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита иштирок этишига замин яратади.
Ҳозирги вақтда ахборот ва телекоммуникация технологиялари ривожланиши билан боғлиқ бўлган жамоатчилик муҳокамаси институти кенг тарқалмоқда. Жумладан, Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳалари ҳам электрон тармоқлар орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ версияси regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларида эълон қилинди. Фармон лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш, унинг ижросини ташкил этиш ва мониторинг қилиш масалалари ўз аксини топган. Қарор лойиҳасида эса стратегияни 2023 йилда амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ҳамда 2024 йилга мўлжаллан вазифалар акс этган. Бунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари содда ва қулай шаклда ифодалангани билан аҳамиятлидир.
Мазкур стратегия лойиҳасида таълим тизими ислоҳотларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу – бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққий этган жамият барпо этиш мушкул. Шу боис, ҳужжат лойиҳасида мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган таълим ислоҳотларини тизимли асосда давом эттириш ва янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Жумладан, педагоглар малакасини ошириш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг моддий турмуш шароитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.
Стратегия лойиҳасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни чет мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу педагогларимиз учун катта имконият бўлиб, илғор хорижий давлатлар тажрибасини амалиётда қўллашга кенг йўл очади.
Олий таълим билан боғлиқ ишлар алоҳида эътиборга эга. Стратегия лойиҳасида олий таълим қамровини янада кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадлари назарда тутилган. Ҳозирги кунда ОТМларнинг асосий мақсадларидан бири малакали кадрлар тайёрлаш ва дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатишдир. Шундан келиб чиқиб, хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни ҳам жорий этиш дастури киритилмоқда.
Қувонарли яна бир жиҳати шундаки, мамлакатимиз ОТМлари кейинги йилларда сезиларли натижаларга эришмоқда. Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “Тhе Impact Rankings” рейтингида мамлакатимиздаги 47 та олий таълим муассасаси қайд этилгани бунинг исботидир. Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат юридик университети нуфузли ўринларни эгаллади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети “Times Higher Education” томонидан “Young University Rankings” рейтингида тан олинди. Ушбу мақом туфайли ТДЮУ нуфузли рейтингларга кириш учун номзод мақомига эга бўлди.
Бундан ташқари, стратегия лойиҳасига асосан, ҳар йили 5 минг профессор-ўқитувчини тажриба алмашиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш кўзда тутилган. Ушбу дастур профессор-ўқитувчиларнинг чет элдаги илмий институтлар билан академик алмашинуви учун катта имкониятдир.
Инвестиция йўналиши бўйича ҳам катта марралар кўзланмоқда. Хусусан, иқтисодиётга 250 миллиард долларлик янги инвестициялар, жумладан, 110 миллиард доллар хориждан, яна 40 миллиард долларлик маблағ давлат-хусусий шериклик дастурлари орқали жалб этилиши кўзда тутилган.
Бундан буён ҳар бир туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида рейтинг жорий этилади. 150 миллиард долларлик 500 дан ортиқ стратегик технологик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифа этиб белгиланган. Жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш 25 фоиздан юқори даражага кўтарилади. Ўзбекистонда 2,5 миллион тонна сиғимга эга 100 та агрологистика маркази қурилади. 300 минг гектар интенсив боғ ва узумзор сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланади, шунингдек, тармоқ ходимлари учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида тут плантацияларига яна 105 минг гектар ер ажратилади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига 45–50 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 80–85 центнерга етказилади.
Стратегия лойиҳасида илгари сурилган муҳим ташаббуслардан яна бирига алоҳида тўхталиш жоиз. Бу – миллий кинематографияни ривожлантириш. Бу борада Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ҳақида дунё кино бозорларида рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратиш мақсадлари ўз аксини топган. Буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмлар суратга олиниши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенгроқ очиб бериш имконини беради.
Миллий кинематографияни ривожлантириш учун миллий фильмларнинг нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирокини таъминлаш ҳамда энг оммабоп интернет платформаларига жойлаштириб бориш назарда тутилган. “Netflix”, “Amazon”, “Disney” каби энг оммабоп 10 та интернет платформасининг фильмларга технологик талабларини ўрганиш ва мослаштириш мақсади ёшлар ва кино ихлосмандлари учун энг яхши хабар бўлди. Ушбу платформалар орқали халқимиз сифатли ва асл дубляжда фильмлар томоша қилиши мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, ушбу платформалар муаллифлик ҳуқуқининг юқори ҳимоясига эга, бу эса одамларни сифатсиз фильмлар томоша қилишдан огоҳлантириш имконини беради.
АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРДА АКС ЭТМОҚДА
Шавкат ФАЙЗУЛЛАЕВ, Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ИИБ ходими, тадқиқотчи эксперт:
– “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ва амалга оширилиши давом этаётган, ўз аҳамиятини йўқотмаган барча долзарб мақсад ва вазифалар бажарилиши таъминланади.
Бунда бош мақсад эътиборлидир. Президент фармони лойиҳасида таъкидланганидек, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади сифатида белгиланмоқда.
Стратегия лойиҳаси билан танишар эканман, ҳужжатнинг тўртинчи йўналиши – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш мақсадларига эътибор қаратдим.
Президентимиз шу йил 28 июль куни Фарғона шаҳрида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш”, деди.
Мана шу мақсадлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз аксини топаётгани эътиборлидир. Юқорида таъкидлаганимиздек, стратегиянинг бош мақсадларидан бири – адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш ҳисобланади. Жумладан, стратегия лойиҳасининг тўртинчи йўналиши 87-мақсади айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бағишланган. Унга кўра, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб, иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқлар ёрдамида тўлиқ рақамлаштириш борасидаги вазифалар белгиланган.
Бу вазифа ва мақсадларнинг аҳамияти нималарда кўзга ташланади? Қайд этиш жоизки, ХХI асрга ахборот технологиялари асри сифатида қаралмоқда. Шу сабабли, жамият фаолиятининг турли соҳаларига инновацион технологиялар шиддат билан кириб келмоқда.
Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг дастлабки 5 ойида Ўзбекистонда 17 минг 271 жиноят қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5100 тага кўп. Бу эса ўз-ўзидан қўшимча тергов қилинадиган ишлар суръати ошганидан далолат беради. Ушбу иш юкламасини енгиллаштириш эса соҳада илғор рақамли технологиялардан фойдаланишга бўлган талабни оширади.
Айни талаб, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда ҳам ўз долзарблигига эга. Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва аянчлиси одам савдоси, афсуски, бизнинг даврда ҳам кўпайиб бормоқда. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бераётгани ҳам сир эмас.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,7 миллион киши, жумладан, 600–800 минг атрофида аёллар ва болалар одам савдоси қурбони бўлмоқда. Ушбу жиноят туфайли дунё бўйича йилига 7 миллиард АҚШ доллари атрофида пул ноқонуний айланади. Мазкур статистика тергов органлари олдига ҳар бир ҳолатда адолатни қарор топтириш вазифасини қўяди.
Телекоммуникация ва электротехника соҳасидаги замонавий технологиялар жадал ривожланиши айрим жиноятчилар томонидан кўплаб жиноий ҳаракатларни содир этиш натижасида катта фойда олиш имконини бераётганини кундалик ҳаётимизда кузатиб турибмиз. Лекин баъзи ҳолларда уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далилларни ўз вақтида тўплаш имкони бўлмайди. Шу сабабли, бу жараёнга ҳам инновацион технологияларни жорий этиш зарур.
Трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти нафақат унга қарши кураш воситалари ва усулларини такомиллаштиришни, балки жиноят ишларини тергов қилиш бўйича янги процессуал механизмлар яратишни ҳам талаб қилмоқда.
Суриштирув, тергов ва суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда жиноят ишларида исботлаш воситалари ва усуллари тизимида янги техник воситалар муваффақиятли қўлланилаяпти.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят иши юзасидан барча исботлаш йўллари ва далилларни тезкор ва аниқ қайд этишга имкон берадиган аудио, видео ёзувлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланишда катта тажриба тўплаган. Бугунги кунда жиноятларни тезкор ва қисқа муддатда тергов қилиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда бир қанча инновацион технологиялардан фойдаланиб келинмоқда.
Маълумки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар асосан чет элга мўмайгина даромад топиш ваъдаси билан бошланади ва хорижий давлатда фаолият олиб бориш ҳақида сўз юритилади. Тергов амалиётида ушбу турдаги жиноятларни тергов қилиш вақтида хорижий давлат фуқароларининг ҳам кўрсатувларини олишга тўғри келади. Бу эса кўп вақт сарфига ва исботлаш субъекти олдида катта муаммоларни вужудга келтиради.
Агар биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида соҳага доир кўзда тутилаётган мақсадларни тўлақонли амалга оширишни истасак, қуйидаги усулларни амалга оширимиз муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, барча тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак. Бу жиноятни тергов қилишда ва суд жараёнида жиноят процесси вақтини камайтиради. Мамлакатимизнинг исталган манзилида яшовчи гувоҳ, жабрланувчи ва бошқа процесс иштирокчилари билан боғлиқ тергов ҳаракатларини олиб бориш, томонларнинг барча иштирокчиларини тўлиқ сўроқ қилиш, тақдим этилган далилларни ўрганиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати: маълумки, жиноят процессида ўз қилмишидан пушаймон бўлган гумонланувчилар билан бирга жабрланувчига нисбатан адоват билан қаровчи жиноят содир этган шахслар ҳам кузатилади. Шундай вазиятларда юзлаштириш тергов ҳаракатлари вақтида масофавий тергов ҳаракатининг аҳамияти катта. Шунингдек, тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак бюджет маблағларини тежашга хизмат қилади.
Ҳа, замон шиддат билан ривожланмоқда. Шунга мос равишда жиноят содир этилиш усуллари ҳам ўзгармоқда. Шундай экан, жиноятчилар айбини исботлаш жараёни ҳам замон талабларига мос равишда такомиллашиб бориши зарур бўлади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида инсон ҳуқуқларини, адолатни таъминлашга доир барча мақсадлар жамиятимизда инсон қадрини юксалтириш тамойилларини амалиётга кенг тарғиб қилишни кўзлаётгани билан аҳамиятлидир.









