Ўзбекистон маданият соҳаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Венгрияда ўтказилган «Қурултай» VIII туркий халқлар маданий-этнографик фестивалида қатнашди.
Фестивалда, шунингдек, Венгрия Миллий Ассамблеяси, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, ТУРКПА ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари ҳамда туркий халқлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон делегация томонидан ўтказилган музокаралар натижасида мамлакатимиз билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, Венгрияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Фестиваль доирасида турли хил маданий тадбирлар, концерт дастурлари, икки ва кўп томонлама учрашувлар, спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ўзбекистон санъат усталарининг чиқишлари, хусусан, миллий мақом қўшиқлари ва бахшилар термалари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Тадбир доирасида «Бухоро бозори» номли кўргазма ва Буюк ипак йўли карвон саройлари ташкил этилди. Унда туркий халқларнинг ноёб экспозициялари тақдим этилди. Асосий стендда ўзбекистонлик ҳунармандлар ўзларининг энг яхши асарларини кўрсатишди.
Кўргазма меҳмонлари ўзбек миниатюра санъати намуналари, кулолчилик, ёғоч ва металлдан ясалган маҳсулотлар, заргарлик буюмлари, қўлда тикилган кашталар ва бошқа ўзбек амалий санъати асарларини томоша қилиш имконига эга бўлдилар.
Фестиваль иштирокчилари нафақат ноёб санъат асарларини кўришлари, балки уларни харид қилишлари учун ҳам имконият яратилди.
«Қурултай» доирасида таълим форуми ҳам ўтказилди. Унда таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди ва академик алмашинувлар, икки томонлама диплом бериш дастурлари, қўшма илмий лойиҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратилди. Иштирокчилар фан, техника ва маданият соҳасида тажриба ҳамда билим алмашишга қаратилган янги таълим ташаббусларини қўллаб-қувватладилар, деб хабар беради «Дунё» АА.