Ўзбекистон делегацияси Экспертлар кенгаши мажлиси ва халқаро форумда иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 17 октябр 2023 958

    Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси ўтган ҳафтада Санкт-Петербургда ўтказилган МДҲ иштирокчи давлатлар Парламентлараро ассамблеяси ҳузуридаги Экология ва табиатдан фойдаланиш бўйича экспертлар кенгаши йиғилишида ва “Тоғли ҳудудларнинг барқарор ривожланиши” халқаро форумида иштирок этди.

    Эксперт кенгаши мажлисида кенгаш фаолиятининг йўналишлари, нефть қазиб олиш ва нефтни қайта ишлаш билан боғлиқ экологик муаммолар муҳокама этилиб, уларни ҳал этиш йўллари белгилаб олинди. “Радиоактив чиқиндилар билан ишлаш тўғрисида»ги, “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги намунавий қонунлар ўрганилди. Ёшларга оид экологик сиёсатни ривожлантириш ва МДҲ ПА меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокама этилди.

    Ҳамдўстлик давлатлари парламент аъзолари, олим ва экспертлар томонидан атроф-муҳитга зарари тўпланган объектларни фойдаланишдан чиқариш, уларни бартараф этиш йўллари, ҳудудларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.

    Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов ўз маърузасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Республикада бу борада замонавий талабларга жавоб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганини таъкидлади. Айни пайтда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонун ва 250 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.

    Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқлари, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятлари, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги тўғрисидаги нормалар киритилган.

    Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

    Мамлакатимиз парламенти аъзолари “Тоғли ҳудудларнинг барқарор ривожланиши” халқаро форумининг иккита ялпи мажлиси ва мавзули давра суҳбатларида ҳам иштирок этди. Уларда давлат сиёсатини шакллантириш, тоғли ҳудудларни бошқариш ва барқарор ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш муаммолари муҳокама этилди.

    Шунингдек, Форумда атроф-муҳитдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, тоғли ҳудудларнинг биохилма-хиллигини сақлаш, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, тоғларда табиий офат жараёнлари хавфини камайтириш ва тоғ ресурслари ва энергия манбаларидан фойдаланиш билан боғлиқ экологик-хўжалик муносабатларни оптималлаштириш масалалари муҳокама этилди.

    Тадбир иштирокчилари тоғли ҳудудларда экологик муаммоларни ҳал этишнинг илмий-амалий масалаларини ўрганишга, шунингдек, илмий тадқиқотлар олиб боришга ёшларни янада кенгроқ жалб этиш мақсадида илмий ишларнинг барча кўламини ўрганиш учун Халқаро ёшлар экологик марказини ташкил этиш таклифини билдирди.

    “Фан тоғлар учун” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Марказий Осиёда юзага келаётган муаммоларни комплекс ҳал этиш, тоғ экотизимларининг табиий имкониятларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида сенатор Б. Алиханов қатор таклифлар билан чиқди ва улар барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Халқаро форум якунлари бўйича якуний резолюция қабул қилинди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates