Ўзбекистон делегацияси Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотида иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 5 декабр 2023 418

    Жорий йил 4-декабрда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Остона шаҳрида 2023 йилда Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мулоқотида Қозоғистон Республикасининг раислиги якунлари бўйича ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди.

    Анжуман ишида Марказий Осиё парламентларининг вакиллари, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази директори, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, давлат органлари, халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг вакиллари, халқаро экспертлар қатнашди.

    Тадбир доирасида Марказий Осиё минтақасида гендер зўравонликка қарши курашиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентлар ва фуқаролик жамиятининг ўрни ҳамда минтақада хотин-қизлар учун қонун устуворлиги каби мавзулар муҳокама қилинди.

    Йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати Раиси минтақа давлатларининг сўнгги 3 йилдаги фаол ҳамкорлиги ва муштарак фаолияти Мулоқот муҳим майдонга айланганидан далолат эканини таъкидлади.

    “Бизнинг платформамиз гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ягона тузилмага айланди. Бу иштирокчи мамлакатларни бир-бирига янада яқинлаштирди ва бутун минтақамиз учун умумий бўлган долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш имконини берди. Биз билан биргаликда хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳам фаоллашди. Уларнинг бугунги тадбир ишида кенг иштирок этиши минтақада хотин-қизларни бирлаштиришда юқори даражага эришилганидан далолатдир”, – деб қайд этди Сенат Раиси.

    Йиғилишда кун тартибидаги аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш, минтақада хотин-қизлар учун қонун устуворлигини таъминлаш каби масалаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

    Шунингдек, Мулоқот доирасида 2023-йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб этилиб, фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан фикр алмашилди.

    Мулоқотда раислик муддати бир йил бўлгани сабабли 2024-йилда уни бошқа давлатга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва раислик Қирғиз Республикасига ўтди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақа парламентлари аёл аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун норасмий платформа ҳисобланади. Мулоқот БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва “БМТ Аёллар” ташкилоти кўмагида ташкил этилган ва фаолият юритяпти. Мулоқот расман 2020-йил декабрь ойида иш бошлаган. 2021-йилда Ўзбекистон, 2022-йилда эса Туркманистон Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига раислик қилган.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates