“Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда экологик барқарорликка эришиш мақсадида иш олиб бораётган Ўзбекистон Экологик партияси тўрт ёшга тўлди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон Экологик партиясининг тўрт йиллиги муносабати билан: сарҳисоб ва устувор вазифалар” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Айтиш жоиз, партия аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг партияга бўлган ишончини ошириш ва бу орқали аъзолар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
— Халқнинг хоҳиш иродасини ифода этишда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти сезиларли жонланди. Мана шундай бир шароитда бундан тўрт йил аввал — 2019 йил 8 январь санасида Экологик партиясига асос солинди. Қисқа давр ичида партиянинг аъзолари сони 470 мингдан ошиб, 4200 яқин бошланғич партия ташкилотлари тузилди. 14 та ҳудудий, 200 дан ортиқ туман ва шаҳар партия ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Партиямиз дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, бошқа экологик ноқулай ҳудудларда атроф муҳитни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган иннавацион ғоя ва технологияларни, дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 180 га яқин акцияларга аҳоли, ёшлар ва кенг жамоатчилик жалб этилиб, шаҳар ва қишлоқларда 106 800 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Биргина Мўйноқ туманида “Парламентнинг Оролга нигоҳи”, “Оролга мадад” мавзусида экологик акциялар ташкил этилиб, 4 тоннага яқин саксовул уруғи ва 15 мингдан ортиқ кўчатлар Оролнинг қуриган тубига етказиб берилди. — дейди Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев.
Ҳудудларда атроф-муҳитга зарар етказиш ҳолатлари — дарахт кесиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш, дарё ва бошқа сув ҳавзаларини ифлослантириш кабилар учраб турибди. Ана шундай ҳолатларни олдини олиш, уларга қарши курашиш мақсадида аҳоли билан “қайта алоқа” механизмларини кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш мақсадида партиянинг “Ишонч телефони” ва телеграмм ботлари ишга туширилган. Ушбу қайта алоқа тизимлари келиб тушган 1 981 та мурожаат асосида 741 маротаба жамоатчилик экологик рейдлари ташкил этилди. Ўтказилган экологик рейдларда 200 дан зиёд юзага келиши мумкин бўлган экологик муаммоларнинг олди олинди.
2023 йилда ҳам партиядан табиий ресурсларни асраш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, аҳолини қийнаётган чиқинди ва бошқа экологик муаммоларни бартараф этиб, “Яшил иқтисодиётга” ўтишга кўмаклашиш каби катта амалий ишларни кутиб қоламиз.