Жорий йил 28 апрелда иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва БМТ Бош котибининг ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби Ольга Алгаерова хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ж.Мирзамаҳмудов юртимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини, шунингдек, водород энергетикасини ривожлантириш, энергия тежамкорлик каби масалалар бўйича маълумот берди.
Учрашув давомида бир қатор масалалар муҳокама этилди. Жумладан:
— Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Ресурсларнинг асосли таснифи (UNFC) билан танишиш ва БМТнинг Ресурсларни бошқариш тизимини (UNRMS) ишлаб чиқишда Ўзбекистон экспертларини жалб этиш имкониятларини ўрганиш.
Ольга Алгаерова хоним бугунги кунда дунёнинг 56 мамлакати UNFC дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
— Қайта тикланувчи энергия манбалари учун қазилма ноёб металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш. Унга кўра, бугунги кунда жаҳон бозорида қайта тикланувчи энергия манбаларига талаб сезиларли даражада ортиб бораётган пайтда уларни ишлаб чиқариш учун металл тақчиллиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари учун металл ресурслардан самарали фойдаланиш долзарб масалалардан бири бўлиб қоляпти.
Учрашув якунида Ольга Алгаерова хоним юқоридаги икки йўналиш бўйича ўзбекистонлик экспертларни дастур билан батафсил танишиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрига таклиф қилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.