Ўзбекистон иқтисодга IT компаниялари ва инвесторларни жалб этишга тайёр

    Рақамлаштириш 24 март 2022 2836

    IT компаниялар ўз минтақавий офисларини Ўзбекистонда очишига ва ходимларини релокация қилишларига барча имкониятлар яратилади.

    Бугун, 24 мартда Тошкент шаҳридаги Congress Hallда Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.

    Форумда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳам иштирок этиб, Ўзбекистонни рақамли ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳамда хорижий инвесторлар, жумладан, хорижий IT-компаниялар учун яратилаётган имконият ва истиқболлар ҳақида гапирди.

    Бугун дунё тўртинчи саноат инқилоби остонасида турибди. Шуни ҳисобга олиб, республикада «Саноат 4.0» ривожлантириш босқичига ўтиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Республикаси каби жадал ривожланаётган мамлакатлар учун рақамлаштириш ўсишнинг янги двигателини топиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш учун мисли кўрилмаган имконият яратади. Шу мақсадда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди.

    Ўз нутқида АКТ вазири Ш.Шерматов Ўзбекистонни хорижий IT-компаниялар ва IT-мутахассислари учун жозибадор қиладиган асосий афзалликларни қайд этди.

    АКТ вазиринг сўзларига кўра, Ўзбекистон инсон капитали кўринишидаги қимматли бойликка эга. Айни пайтда Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 18 миллиони, яъни умумий аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси аллақачон 40 миллион кишини ташкил этади, агар бу тенденция давом этса, уларнинг 24 миллионини ёшлар ташкил этади.

    Бу аҳолининг кўпчилиги меҳнатга лаёқатли ёшда бўлган демографик дивиденд босқичи деб аталади. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли аҳоли саводли ва камида иккита чет тилини (инглиз ва рус) билади.

    «Бугунги кунда ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этишга жиддий эътибор қаратиляпти. 2000 йилларда Ўзбекистонда юзга яқин IT-мутахассис бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 мингга етди. 2030 йилга бориб уларнинг сонини бир миллион кишига етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйилди», — деди Шерзод Шерматов.

    IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспорти изчил ортиб боряпти. Шундай қилиб, 2021 йил якунига кўра, IT-экспорт ҳажми 46 миллион долларга етди, бу 2020 йилга нисбатан (16 миллион доллар) икки баравардан ҳам кўпдир. Жорий йил охиригача бу кўрсаткич 100 миллион долларни ташкил этиши кутиляпти, 2028 йил охиригача эса бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Асосий IT экспорт бозорлари: АҚШ (83,3 фоиз), Буюк Британия (5,2 фоиз), Россия (3,2 фоиз), Корея Республикаси (2,1 фоиз) ва БАА (1,1 фоиз).

    Муҳим афзалликлар қаторида IT-бизнес учун имтиёзларни ҳам қайд этиш мумкин. У Ўзбекистондаги IT-компанияларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этади. Хусусан, IT-Park резидентлари ҳисобланган IT-компаниялар 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод этилган. IT-компаниялар экспорт фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эга.

    IT Park резидентлари қаерда жойлашган бўлишидан қатъи назар, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин. Шунингдек, ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинган.

    Хорижий IT-компаниялар ва IT-мутахассислари учун янада катта қулайликлар яратиш мақсадида «IT-viza» бериш тартиби тасдиқланди. «IT viza» олиш учун минимал миқдордаги ҳужжатлар талаб этилади ва бу жараён 3 кун давом этади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар ҳам зарур инфратузилма билан таъминланади.

    Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги қулай географик ўрни, бу туфайли республика Марказий Осиёдаги боғловчи IT хабга айланиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш лозим.

    Хусусий IT сектори жадал суръатлар билан ривожланяпти. Бугунги кунда IT Park 500 дан ортиқ резидентларга эга, уларнинг 15 фоизи йирик глобал ва маҳаллий компаниялардир. 2025 йилга келиб йирик ва ўрта IT-компанияларни фаол жалб этган ҳолда резидентлар сонини минг нафарга етказиш режалаштирилган.

    Ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

    «IT-таълим мутахассисларни тайёрлаш – бозор ўсиши ва фаровонлик учун етарли ишчи кучи билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Шу боис Ўзбекистон таълимга, айниқса, IT-таълимга катта куч сарфлаяпти. Сифатли таълимсиз белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиб бўлмайди», – деди АКТ вазири Ш.Шерматов.

    Соҳа раҳбари ўз нутқида BPO ва KPO хизматларини ривожлантириш каби муҳим йўналишга ҳам тўхталди. Шу нуқтаи назардан, IT-Park резиденти сифатида рўйхатдан ўтган хорижий BPO компаниялари ўзларига тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланишлари ва Ўзбекистондан IT-мутахассисларини рақобатбардош шартларда жалб этишлари мумкин бўлади.

    Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда ўз бизнесларини кенгайтириш учун офис хоналари ва жиҳозлар, камида олти ойлик ижара ҳақи, коммунал хизматлар, интернетга уланиш харажатлари кўринишида инвестициялар билан таъминланиши мумкин. BPO компаниялари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган BPO мактаблари ҳам яратиляпти.

    Якунда АКТ вазири Ш. Шерматов Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган барча инвесторлар ва хорижий IT-компанияларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates