Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг туризм ва экспорт салоҳияти ҳақидаги атрофлича маълумотлар улашилди.
Кўргазмада юртимизда ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотлари, маъданли сувлар, табиий асал ва қуритилган мевалар намойиш этилди.
Тадбирда 300 га яқин озиқ-овқат маҳсулотлари компаниялари иштирок этди. Кўргазмада 30 дан ортиқ ҳорижий мамлакат ўз стенди билан қатнашди.
Асосий мақсад харидор ва дистрибьюторларни маҳсулот етказувчилар билан боғланишига кўмаклашиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка эришиш билан изоҳланади. Тадбир иштирокчиларининг айримлари мамлакатимиз иштирокига доир фикрларини ўртоқлашдилар:
Чжао Силян, Хитойнинг “Суйфкхе Динхун” импорт-экспорт компанияси савдо менежери:
- Кўргазмада Ўзбекистон қуритилган мевалар, ширинликлар, ичимликлар, минерал сувлар, ширинликлар каби кўпгина маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўзининг сифати ва харидорлиги билан ажралиб туради.
Хитойликлар мамлакатингиз маҳсулотларини севиб истеъмол қилишади. Бу каби кўргазмаларда мамлакатингиз доим иштирок этишини истаймиз.
Ма Цзэнфу, “ALLFOOD EXPO” кўргазмаси халқаро алоқалар департаменти бошлиғи:
- Бу йилги кўргазмада иштирок этиш учун 20 дан ортиқ мамлакатлардан вакилларни таклиф қилдик. Улар 300 дан ортиқ янги маҳсулотларни намойиш қилмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистон павильони ҳам ташкил этилди. Бу ер доимгидек одамлар билан гавжум. Чунки мамлакатингиз маҳсулотлари хитойлик истеъмолчилар орасида тобора машҳур бўлиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг бундай кўргазмаларда иштирок этиб келаётгани жуда қувонарли. Бу юртингиз маҳсулотларининг Хитой бозорига экспорти хажми ортишига хизмат қилиши баробарида мамлакатингиз брендини танитиш учун ҳам қулай имкониятдир.