Ўзбекистон маҳсулотлари Хитойнинг Хайнан провинциясида намойиш этиляпти

    Хитойнинг Хайнан провинцияси Хайкоу шаҳрида бўлиб ўтаётган «Тўртинчи Хитой халқаро истеъмол товарлари кўргазмаси»да Ўзбекистон миллий маҳсулотлари намойиш этиляпти.

    Кўргазма павильонида мамлакатимизнинг экспорт ва туризм салоҳиятини ўзида акс эттирган ҳунармандчилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипак маҳсулотлари ва сопол буюмлари ҳамда халқ амалий санъатининг ранг-баранг намуналари намойиш этиляпти.

    «Ўзбекистон кулолчилик ва наққошлик мактаби ўзига хос ва қадим тарихга эга. Ушбу кўргазмада кўрган Риштон сопол идишлари менга жуда ёқди. Хайнан бозорида ушбу идишларни сотиш ва сотиб олишга қизиқиш бор», – деди иштирокчиларидан бири Янг Лин.

    Шунингдек, кўргазма меҳмонлари эътиборига Ўзбекистоннинг экспорт ва туризм имкониятлари ҳақида маълумот берувчи хитой тилидаги тарғибот материаллари тарқатиляпти ҳамда мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари ва маданиятига бағишланган видеороликлар намойиш этиляпти.

    Мазкур тадбир Ўзбекистон ҳунармандчилик маҳсулотларини Хитой бозорига экспортини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, кўргазма давомида кўплаб хорижий импортёрлар ва ишбилармонлар ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

    Шу ўринда таъкидлаш керакки, ХХРнинг турли ҳудудларида мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти бўйича тақдимотлар ўтказиш ҳамда экспортбоп маҳсулотларнинг намойиш этилиши Ўзбекистон товарларининг Хитой бозорига кириб бориши ва маҳаллий истеъмолчилар томонидан қизиқишнинг ортиб боришига хизмат қиляпти, деб хабар беради «Дунё» АА.