Ўйин Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Учрашувни БАА вакили Муҳаммад Абдулла Ҳассан бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Муҳаммад Ал Ҳаммади ҳамда Ҳасан Ал Маҳри ёрдамлашади.
Мазкур баҳсда футболчиларимиз кўк либосда, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилади.
Кеча Ўзбекистон – Эрон учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Сречко Катанес ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.
- Футбол 0:0 ҳисоби билан бошланади. Шу сабаб, имкониятларни тенг дейиш мумкин. Йигитларга мотивация шарт эмас. Улар олдиларида қандай рақиб турганини яхши англаб туришибди. Туркманистонга қарши озроқ муаммолар бўлди, тан оламан. Бироқ бу бизга жиддий таъсир кўрсата олмайди. Шунингдек, биз ажойиб муҳитда ва стадионда тўп тепамиз. Ўйлайманки, ҳаммаси биз учун ижобий якунланади, - деди жамоамиз бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз “САFA Nationʼs Cup“ финалида ҳам айнан Эрон билан ўйнаб, ягона гол эвазига мағлуб бўлган эди.
Ўзбекистон – Эрон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 21 ноябрь – бугун 18:00 да бошланади.









