Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги учун шахмат-шашка турнири бўлиб ўтди

    Спорт 28 июн 2024 104

    14 та ҳудуддан 14 нафар аёл нотариуслар шашка спорт тури бўйича, 14 нафар эркак нотариуслар шахмат доскасида оқ ва қора доналар билан қизғин кураш олиб бордилар.

    — Ақл гимнастикаси деб тан олинган шахматни ўйнаш ҳар қандай касб эгасини чиниқтиради, нотариуслар мана 4 йилдирки ҳар йили шахмат бўйича мусобақаларда завқ-шавқ билан иштирок этиб келмоқдалар. Шу билан бирга бундай мусобақалар ҳудудларда меҳнат қилаётган ҳамкасбларни яқинлаштиради, дўстона муносабатлар ўрнатилади,-дейди Нотариал палатанинг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Воҳиджон Саатов.

    Айтиш жоизки, шашка турнири тантанали руҳда ўтди. Аёл нотариуслар ўртасида шашка бўйича Риштон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Зилолахон Латиповага тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўрин Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Арухан Аметовага насиб этди. Яшнобод туманида хусусий амалиётбилан шуғулланувчи нотариус Ёрқиной Вапаева учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

    - Шашка ўйнаш кишига қийинчиликларни енгиш қувончини, ғалабадан фахрланиш туйғусини беради, рақибга ҳурматни ривожлантиради ва ақл-заковат даражасини оширади, - дейди Риштон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Зилолахон Латипова. – Рости, турнирда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Албатта, бу беллашувларда фахрли 1-ўринни эгаллаш ҳам осон бўлмади.

    Беш соат давом этган шахмат турнири ҳам қизғин баҳсларга бой кечди. Шахмат бўйича Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаров 1-ўрин, Ургут туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Фурқатжон Хурсандов 2-ўрин, Фарғона шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Давронбек Адҳамов фахрли 3-ўринни эгаллади.

    Тадбир якунида ғолибларга Нотариал палатанинг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.