ДХХ Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди

    Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида Тожикистондан олиб келинган жами 25,8 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.

    Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, тожикистонлик наркосавдогар айланма йўллар орқали юборган 11 кг. 942 гр. «гашиш» моддасини қабул қилиб олиб, Шўрчи туманидаги тўйхона яқинида жойлашган симёғоч остига яшириб кетмоқчи бўлган вақтларида, ўзаро қариндош ҳисобланган, 1999 й.т. 2 нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинди.

    Шунингдек, улар ажал оғусини белгиланган жойга қолдириб кетганларидан сўнг, уни бошқа шахс олиб кетиши кераклиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва гиёҳвандлик воситасини хуфия жойдан олиш учун келган Узун туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро ҳам ушланди.

    (Таъкидлаш лозимки, бироз аввалроқ Тожикистон Республикасининг Турсунзода туманида яшовчи, 1979 й.т. Тожикистон фуқароси мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб келинган 3 кг. 980 гр. «опий» моддасини Шўрчи туманида харидорга 17500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлиги тўғрисида хабар берган эдик.)

    Шу тариқа ўзбек-тожик давлат чегарасининг Шўрчи йўналишидаги наркоканал фаолиятига чек қўйилди.

    Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса «Қўқон-Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган «Трекер» русумли автотранспорт воситаси Боғдод туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1974 ва 1988 йилларда туғилган 3 нафар шахс 11 кг. 966 гр. «гашиш» моддасини олиб кетаётганликлари аниқланиб, процесссуал тартибда расмийлаштириб олинди.

    Шунингдек, уларни бошқа автомашинада кузатиб бораётган ва гиёҳвандлик воситасининг ҳақиқий эгаси бўлган, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1990 ва 1993 йилларда туғилган эр-хотин ҳам қўлга олинди.

    Таъкидлаш лозимки, мазкур эр-хотин муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган шахслар ҳисобланади.

    Терговга қадар текширув давомида, улар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ажал оғусини Қўқон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. аёлдан сотиб олганликлари аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланди.

    Бошқа ҳолатда эса «Қўқон-Марғилон» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автотранспорт воситаси Қўштепа тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1997 й.т. аёлга тегишли 1 кг. 941 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

    Тожикистондан келтирилган мазкур гиёҳвандлик воситаси ҳам юқоридаги ҳолатда кўрсатилган, яъни Қўқон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. аёлга тегишли бўлиб, уни Марғилон шаҳрига сотиш учун олиб кетаётган бўлган.

    Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.