Ўзбекистонлик қурувчилар Испания қурилиш секторига жалб қилиниши мумкин

    200 мингта давлат кўчмас мулк объектларини барпо этиш ҳамда ушбу биноларни қуриш учун 700 минг нафар ишчилар жалб қилиш кўзда тутилган.

    Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испания Қурувчилар миллий уюшмаси президенти Педро Фернандес Ален билан музокара ўтказди.

    Унда Ўзбекистон ва Испания ўртасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ушбу мамлакат қурилиш секторига фуқароларимизни ишга жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

    Хориж томонига сўнгги йилларда мамлакатимизда тартибли ва хавфсиз ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, фуқароларни хорижий иш берувчилари талабларига кўра, турли соҳаларда ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича яратилган шарт-шароитлар таъкидланди. Ўзбекистон ва Европанинг етакчи мамлакатлари ўртасида ушбу йўналишда аниқ натижаларга эришилгани урғуланди.

    Ўз навбатида, Педро Фернандес Ален Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди. Унинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий мамлакатларда хавфсиз ва тартибли меҳнат фаолиятини олиб бориш учун барча имкониятлар яратилганлиги ривожланаётган давлатларнинг ижобий кўрсатгичларидан бири ҳисобланади.

    Қурувчилар миллий уюшмаси президенти Испанияда қурилиш соҳасида катта режалар борлигини, хусусан, 200 мингта давлат кўчмас мулк объектларини барпо этиш ҳамда ушбу биноларни қуриш учун 700 минг нафар ишчиларни жалб қилиш кўзда тутилганини маълум қилди.

    Музокаралар якунида ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.