«Катта Кавказ: денгиздан денгизгача» деб номланган пленар сессиясида маърузачи сифатида сўзга чиққан Лазиз Кудратов икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани бажариш учун Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Охирги 7 йилда Ўзбекистоннинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ўсди ва 2023 йил якунига кўра қарийб 10 миллиард долларга етди. Асосийси, ўзаро етказиб берилаётган товарлар таркиби юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан ўзгариб боряпти.
Шунингдек, муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида саноат кооперациясини чуқурлаштириш учун янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш, қўшма молиялаштириш воситаларини шакллантириш, туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам белгиланди.
Бу борада икки давлат президентлари раислигидаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг аҳамияти катта. Ўзбекистон -Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ушбу ҳудудлараро ҳамкорлик платформаси имкониятларини янада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Маърузачи Россия ҳудудлари ва Россия бизнеси вакилларини Ўзбекистонда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзаро манфаатли янги лойиҳа ва ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишга чақирди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.