Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Ахмед Реймов ҳам Санкт-Петербург давлат университети Менежмент олий мактабида ўтказилган “Ўзбекистон-Россия минтақалараро ректорлар конференцияси”да иштирок этди.
Мазкур анжуманда Ахмед Реймов мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, университет профессор-ўқитувчилари, ёшларни ишга қабул қилиш учун яратилган шарт-шароитлар ва моддий-техник базаси ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг конференция иштирокчиларига Оролбўйидаги қурғоқчиликнинг олдини олиш учун россиялик олимлар билан қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежовчи технологияларни ҳамкорликда жорий этиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, ёш олимларни Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларига мақсадли аспирантура ва докторантурага юборишни йўлга қўйиш, замонавий талабларга жавоб берадиган илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида Россия ОТМлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари ва олимлари билан университет ўртасидаги қўшма илмий ихтисослаштирилган кенгашларни ташкил қилиш, шу билан бирга, рус тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари учун Россия Федерацияси олийгоҳларида тажриба курсларини йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди ва бу йўналишда бирга ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.