Унда келтирилишча, Марказий Осиёда сувнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади.
БМТнинг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра эса, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор. Ўзбекистон Республикасининг асосий сув манбаи Амударё ва Сирдарё дарёлари, шунингдек, ички дарё ва сойлар ҳамда ер ости сувларидир. Орол денгизи ҳавзасидаги барча манбаларнинг ўртача кўп йиллик сув оқими 116 миллиард метр кубни ташкил этади, шундан 67,4 фоизи Амударё ҳавзасида ва 32,6 фоизи Сирдарё ҳавзасида шаклланади.
Минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирлар кам бўлаётгани, музликлар ва йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ҳамда сойларда сув сарфининг камайиб бораётгани натижасида охирги 30 йилда аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 минг 48 метр кубдан 1 минг 438 метр кубга ёки 53 фоизга қисқарган.
Суғориладиган экин майдонларини сув билан таъминлаш учун ҳар бир экиннинг суғориш меъёрларига кўра талаб этиладиган республика бўйича йиллик сув ҳажми 54,4 миллиард метр куб бўлиб, 2030 йилда мавжуд сув миқдори 47,4 миллиард метр кубни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган. Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг 7 миллиард метр куб қисмини сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш (3 миллиард метр куб), ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш (2,2 миллиард мектр куб), сув хўжалигини рақамлаштириш (0,6 миллиард метр куб), экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда сувсизликка чидамли экинлар улушини кўпайтириш (2,2 миллиард метр куб) ҳисобига қоплаш имконияти мавжуд.
Бугунги кунда республикада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунда Туркия, Испания, Япония ва Хитой каби хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлашда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
2018 йилгача республика бўйича сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етган, бу жами суғориладиган майдонларнинг 27 фоизини ташкил этади.
Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар ҳисоби бўйича Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиёда биринчи, дунёда эса еттинчи ўринда турибди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилга бориб республикамиз бўйича 2 миллион гектарда ёки жами суғориладиган ерларнинг 54 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Бундай натижаларга эришишда кўп жиҳатдан Ўзбекистонда мавжуд сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишни давлат томонидан рағбатлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилаётгани сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этишни субсидиялаш ҳамда имтиёз ва преференциялар бериш йўлга қўйилиб, 2019–2022 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига жами 1 триллион 465 миллиард сўм субсидия ажратилган.
Бундан ташқари, республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда улар сони 50 тага етган. Ушбу технологиялар жорий қилинган майдонларда сув 50 фоизгача, минерал ўғитлар 30 фоизгача, ёнилғи-мойлаш материаллари 35 фоизгача, иш ҳақи 25 фоизгача камайиши баробарида, ҳосилдорликни оширишга ҳам замин яратилди. Жумладан, бундай усулда пахтадан 30 фоизгача кўп ҳосил олиш мумкин.
Бу борада ўзига хос тажрибага эгамиз
Ўзбекистон бу борада ўзига хос тажрибага эга. Юртимизда бу тажриба, аввало, табиий-иқлим шароитимиздан келиб чиқиб тўплангани аниқ. Яъни, республикамиз дарёлар бошида эмас, улар қўшни давлатларда бошланиб, юртимиз ҳудудидан оқиб ўтади.
Мақолада ана шу тажрибага урғу берилиб, Ўзбекистонда сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга юқори даражада эътибор қаратилаётгани натижасида қисқа фурсат ичида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани қайд этилади.
Чиндан ҳам, рақамлар, далиллар, қилинган ишлар шундан далолат беради. Сувчи-ю томорқачи, фермеру кластер раҳбари бугун сувни беҳудага оқизиб қўядиган пайт эмаслигини, аллақачон англаб етган. Унинг ҳар томчиси қадрли эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бинобарин, мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар шунга қаратилган.
Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, агар 2018 йилгача республика бўйича сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етди.
Жумладан, 2021–2023 йиллар давомида республика бўйича жами 361,1 минг гектарда томчилатиб, 39,1 минг гектарда ёмғирлатиб, 11,8 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 563,1 минг гектар майдон лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Шу билан бирга, 10,9 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 14 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш ишлари амалга оширилган. Бу эса ер эгаларига бир қатор енгиллик ва қулайликлар бермоқда. Улар тежаб даромад олишга ўз фаолияти мисолида гувоҳ бўлмоқда.
Айтайлик, Сайхунобод туманидаги “Шомирзабой” фермер хўжалиги ҳам 2020–2021 йилларда жами 100 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини қўллаб, ҳосилдорликни 25 центнердан 35 центнерга оширишга эришган бўлса, Каттақўрғон туманидаги “Дил Алишер” фермер хўжалиги томонидан 2021 йилда 14 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали ўша йили 44 центнер, 2022 йилда эса 61 центнер ҳосил олишга эришган. Булар — сўнгги йилларда мавжуд сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан тизимли чоралар кўрилаётгани самараси, албатта.
Хусусан, 2019 йилгача сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ҳеч қандай имтиёзлар берилмасди. Бу бўйича ҳеч қандай тартиб ёки ҳуқуқий асос йўқ эди. 2019 йилдан бошлаб эса бундай технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим – субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилди.
Бугунги кунда сув тежовчи технологияларни жорий қилган тадбиркорларга давлат томонидан бир қатор имтиёзлар тақдим этилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига харажатларнинг бир қисмини қоплаш мақсадида томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган пахта майдонлари учун 8–12 миллион, ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилган майдонларга 6–9 миллион, дискретли суғориш технологияси жорий қилинган майдонларга эса 4 миллион сўмгача субсидия ажратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига 10 гектардан кам бўлмаган, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган пахта ва бошоқли дон экин майдонларида қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналаридан фойдаланилса, сотиб олиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори ҳамда кўчма генераторлар ускуналарини сотиб олиш харажатларининг 30 фоизигача, бироқ 30 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратиш тизими жорий қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (367-модда)га асосан, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ер майдонлари 5 йил муддатга ер солиғидан озод этилган.
Шунингдек, сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларга сув ҳисоблагич ўрнатилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз қўлланилади.
Сув тежайдиган технологияларни жорий қилган майдонлар 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмаслиги, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига эса фақатгина ердан фойдаланувчининг розилиги асосида сарф этилган маблағлар ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилиши белгиланди.
Тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди ҳамда мазкур мақсадлар учун аввал берилган кредитлар ҳам ушбу муддатга қайта расмийлаштирилмоқда. Технологияни жорий қилиш мақсадида олинган кредитларнинг маълум бир қисми тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тўлаб берилади.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2019 йилда 137,9 миллиард сўм, 2020 йилда 251,6 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган бўлса, 2021 йилдан бошлаб давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш миқдори технологиянинг сифат кўрсаткичидан келиб чиқиб ҳисобланиш тартиби белгиланди. 2021 йилнинг ўзида 899,4 миллиард сўм субсидия ажратилгани ушбу йўналишдаги ишлар қанчалик оммалашаётганини англатади.
Шу билан бирга, 2022 йил март ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида “Томчи-реестр” платформаси ишга туширилди. Ҳозир мазкур платформага белгиланган мезонлар асосида пудрат корхоналарининг индикатор кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, мобил иловада эълон қилиб борилмоқда. Натижада тежамкор суғориш технологияларини жорий этадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари қурувчи-пудрат корхоналарининг индикатор кўрсаткичлари билан танишиш ва шаффоф иш олиб бориш тизими яратилди.
Бундан ташқари, субсидия бериш тизимининг ошкоралик ва шаффоф механизмини таъминлаш мақсадида “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими фаолият юритмоқдаки, у ортиқча қоғозбозликни камайтириш билан бирга, онлайн топширилган аризаларнинг ҳолатини кунлик назорат қилиб бориш имконини яратмоқда.
Мутахассислар сони ошди
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бу каби янгиликлар, табиийки, мутахассисларга ҳам талабни оширди. Очиғи, 2019 йилгача бизда бу бўйича мутахассислар етарли эмасди. Яъни, ушбу йўналиш бўйича бор-йўғи 10 нафардан ортиқ мутахассис фаолият олиб борган бўлса, ҳозиргача тайёрланган мутахассислар сони 1 минг 400 нафарга етди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университетида “Сув тежамкор суғориш технологиялари” бўйича магистратура мутахассислиги ҳамда “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” бакалавр таълим йўналишлари ташкил этилди. Пировардида, ҳар бир ҳудудда олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар захираси яратилди.
2020 йилда Хоразм вилоятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлса, 2021 йилда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти фаолияти такомиллаштирилиб, институтнинг Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё минтақавий марказлари ташкил этилди.
2018–2022 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича республикада 50 дан ортиқ тажриба, илмий-тадқиқот полигонлари, кўргазмали участкалари ташкил этилди. Барча ҳудудларда ўтказилган тадқиқотлар асосида турли қишлоқ хўжалиги экинларини сув тежовчи технология ёрдамида суғоришнинг меъёрий тавсиялари ишлаб чиқилди.
Ускуналар ниманинг ҳисобига арзон бўлади?
Республикамизда замонавий суғориш ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият юритарди ва уларда фақат полиэтилен қувур ҳамда шланглар ишлаб чиқариларди. Бу, табиийки, талабга нисбатан жуда кам. Шу боис, кейинги пайтларда бундай корхоналар сонини кўпайтиришга катта эътибор қаратилди. Натижада тармоқ корхоналари сони 50 тага етказилди. Маҳсулот таннархи бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15–20 фоизгача пасайди ёки гектарига 5–7 миллион сўмга арзонлаштирилди.
Қоракўл туманидаги “Мергантекс”, “Қоракўл кумуш калава” Вобкентда “Бухоро агро кластер” ва Оққўрғонда “АBС Оққўрғон” пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан томчилатиб суғориш тизимлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда савдо шохобчалари ташкил этилиб, фойдаланишдан чиққан шлангларни утилизация қилиш йўлга қўйилди.
— Бу ишларга киришилган йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этганларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилгани, солиқ борасидаги енгилликлар сув тежовчи технологияларни қўллаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириб юборди, — дейди Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев. — Бундан беш-ўн йил илгари кимдадир бундай ускуналарни ўрнатиш истаги туғилса, уларни топишнинг ўзи амримаҳол эди. Мана шундай эътибор ва имкониятлар туфайли уларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қолаверса, жараённи илмий томондан асослаш учун илм-фанга ҳам катта эътибор қаратилиб, олимларимиз экин турлари ва тупроқ таркиби асосида кўплаб илмий изланишлар олиб боришди. Буларнинг бари бугунги эришилаётган натижаларда намоён бўлмоқда.
2030 йилгача сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишлари “Бир канал – бир тизим” тамойили асосида амалга оширилмоқда. Бу нима дегани? Каналнинг бошида ва охирида жойлашган фермер хўжаликлари бор. Мазкур тамойил асосида каналнинг қайси ҳудудида бўлишидан қатъи назар, барча сув истеъмолчилари ушбу технологияга ўтказилади. Натижада ўз-ўзидан каналнинг сув сарфи 50 фоизга камайиб, ерни бир текис суғориш имконияти яратилади. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа Қарши туманининг “Чўл ота” массивида қўлланилаётган бўлса, тизим босқима-босқич республикамизнинг барча канал ва насос станцияларида татбиқ этилади. Шу мақсадда “Сувчилар мактаб”лари ташкил қилиниб, фаол тарғибот ишлари олиб бориляпти.
Қайд этганимиздек, дунёда кузатилаётган кескин ўзгаришлар, жумладан, глобал иқлим ўзгаришлари, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожи сувга бўлган талабни йилдан-йилга оширмоқда. Сув ресурслари тақчиллиги биринчи галда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолатлар оби-ҳаётдан оқилона фойдаланиш, уни самарали бошқаришни тақозо қилади, албатта. Шу боис, Ўзбекистонда 2024–2026 йилларда жами 953,5 минг гектарда сув тежовчи технологиялар, шундан 225 минг гектарда томчилатиб, 75 минг гектарда ёмғирлатиб, 53,5 минг гектарда бошқа турдаги суғориш тизимларини қўллаш ҳамда 600 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш режалаштирилган. Бунинг учун жами 2,8 триллион сўм маблағ талаб этилади.
2027–2030 йилгача бўлган давр учун белгиланадиган вазифалар кенг кўламли. Жумладан, 2030 йилга қадар республика бўйича сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларни 3,2 миллион гектарга ёки қишлоқ хўжалиги экин майдонларига нисбатан 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун шу уч йил ичида жами 1,3 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар қўлланади.
Кўряпсизми, кейинги уч-тўрт йил давомида юртимизда мазкур йўналишдаги ишларга қаратилаётган эътибор ҳам, қўйилган мақсад ҳам, ажратилаётган маблағ ҳам фақат юқорилаган. Келгуси ишлар марраси эса бундан-да баланд. Демак, масала жиддий. Унга ҳозирдан аҳамият бермасак, бор имкониятни ишга солмасак, эртага қийналиб қолишимиз мумкин. Сувнинг ҳар томчиси тиллага тенг, деган ибора тобора ҳаётий масалага айланиб бораётгани айни ҳақиқатдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда, умуман, минтақада сувга муносабат тубдан ўзгариб, сув тежовчи технологияларни қўллашга қаратилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб, жадаллашиб бораётгани эса келгусида дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларни камайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири












