Икки томонлама битимни Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник имзолади, деб хабар беради Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.
“Ушбу келишув Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий бойликларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва қайтариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади” — деди Агентлик директори ўз нутқида.
Битим “Археологик ва этнологик материалларни талон-тарож қилишни олдини олиш ва махсус рўйхатга киритилган объектларни олиб киришга чекловлар”ни белгилайди. Шунингдек, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш таъминлайди ҳамда икки мамлакат ўртасида моддий маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган қўшма кўргазмалар ўтказишга замин яратади.
“Бугун тарихий кун, чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи давлат бўлди. Ўзбекистондан ташқари, дунёнинг яна 25 та мамлакати АҚШ билан шу каби шартномалар тузган. Маданий мерос, санъат ва санъат асарларини муҳофаза қилиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам ушбу келишув бугунги кунда жуда муҳим қадамдир. Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш учун АҚШ ҳукумати 1 миллион доллар ажратди. Биз Ўзбекистондаги маданий меросни ҳимоя қилиш ва унинг бой тарихини дунёга намойиш этиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизга ҳамкорлик қилиш истагидамиз” —дея қайд этди Жонатан Ҳеник.