Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Австрия парламенти раҳбариятининг Ўзбекистонга илк расмий ташрифи икки давлат парламентлараро ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим босқич бўлгани қайд этилди.
Музокаралар чоғида парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида тажриба алмашиш, туризмни ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарор ривожланиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ёшлар сиёсати каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Т.Норбоева таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда парламент ваколатлари изчил кенгайиб, хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштироки янги босқичга кўтарилмоқда.
Суҳбат давомида парламентлараро ҳамкорликни, шу жумладан халқаро парламент ташкилотлари доирасида фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди ва қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди.
Парламентлар ва тегишли қўмиталар раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш, парламентлараро дўстлик гуруҳларининг қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш шулар жумласидандир.