“Creotech Instruments SA” – Польшада сунъий йўлдош тизимлари ва компонентлари ишлаб чиқарувчи, квант компьютерларини бошқариш тизимлари учун илғор электроника, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш тизимлари учун қурилмалар ва дастурий таъминотларни етказиб берадиган етакчи компания ҳисобланади.
Видеомулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчиси Баҳром Бобоев, “Ўзбеккосмос” агентлигининг департаменти директори Исмоил Расулов, Польша томонидан “Creotech Instruments SA” компанияси вице-президенти Яцек Козьек иштирок этди.
Онлайн учрашувда “Creotech Instruments SA” компаниясининг тақдимоти доирасида компаниянинг иш тажрибаси ҳамда мавжуд технологиялари ва ишлаб чиқилган лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ўз навбатида, “Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ҳам тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистон космик соҳасининг кун тартиби, космик инфратузилмани ривожлантириш доирасидаги миллий эҳтиёжлар, ишлаб чиқилган ҳамда режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама этилди.
Учрашув якунида икки томонлама музокараларни давом эттириш мақсадида жорий йил 25 - 27 апрель кунлари Тошкентда ўтказиладиган Коинот технологиялари конференциясида иштирок этиш учун “Creotech Instruments SA” компанияси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш ҳамда тегишли ҳамкорлик меморандуми ва “Йўл харитаси”ни имзолаш юзасидан келишувларга эришилди.