Бугунги кунда Қозоғистон Республикаси Президентининг 2022-йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган 7 та савдо шартномаси ва 24 та қўшма инвестициявий битим амалга ошириляпти. Самимий руҳда кечган суҳбат ушбу келишувларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўрилаётган чораларни ўзаро мувофиқлаштириш имконини берди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ўсишининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этдилар. Сўнги 6 йилда бу кўрсаткич қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди. Шу нуқтайи назардан, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва кўламини кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Хусусан, озиқ-овқат, тўқимачилик, автомобиль, электр жиҳозлари, қора металлар, нефть-газ маҳсулотларини етказиб бериш ҳисобига савдо кўрсаткичларини яқин йилларда 10 миллиард долларгача ошириш бўйича қўшимча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жорий йил баҳорда ташкил этилган ва ўтган ойларда 1,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлган қўшма ташқи савдо компанияси бунга ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Мулоқотда, шунингдек, сармоявий шериклик ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди ҳамда энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, транспорт ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.
Учрашув якунида эришилган келишувларни ҳаётга жорий этиш ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш юзасидан келгусида ҳамкорлик қилиш формати бўйича келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.