Ўзбекистон ва САП савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи

    Инвестициялар 17 август 2022 1254

    Жорий йил 16 августда Давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи арафасида Жидда шаҳрида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг САП савдо вазири Мажид бин Абдулла ал-Касаби билан учрашуви бўлиб ўтди.

    Суҳбат давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар, инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, шунингдек, Ўзбекистон Раҳбарининг Саудия Арабистонига эртага бўладиган ташрифининг иқтисодий кун тартиби муҳокама этилди.

    Жорий йил бошидан буён, асосан, тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавот, пластмасса ва металл маҳсулотларини фаол ўзаро етказиб бериш ҳисобига икки томонлама савдо ҳажмининг 13 баробар ўсиши қайд этилди. Томонлар етказиб бериш ҳажмини оширишдан ҳам, жўнатилаётган товарлар номенклатурасини кенгайтиришдан ҳам ўзаро манфаатдорлигини билдирдилар.

    Учрашув якунида ўзаро манфаатли барча масалалар бўйича якдил позиция ишлаб чиқилди. Кутилаётган олий даражадаги ташриф Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама кенг кўламли муносабатларни амалий мазмун билан бойитишига ҳамда ишбилармонлик алоқалари ривожланишига янги туртки беришига ишонч билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.