“O’zenergoinjiniring” АЖ ва China Energy Power Planning and Engineering Institute (EPPEI) пойтахтимизда ушбу қўшма корхона фаолиятини бошлаши муносабати билан тақдимот маросимини ўтказди, унда вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ҳамда маҳаллий ҳамкорлар иштирок этди.
Бугун юртимизда Президентимиз раҳбарлигида энергетика соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараён доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини (ҚТЭМ) кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, олиб борилаётган чора-тадбирлар мамлакат аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш, уни нарх жиҳатидан ҳам мақбуллаштириш, шунингдек, қазилма ёқилғига бўлган эҳтиёжни камайтириш мақсадларига қаратилган. Халқаро экспертлар фикрига кўра, айни пайтда Ўзбекистон ҚТЭМ жорий этиш соҳасида ҳаттоки ривожланган мамлакатлардан ҳам илғор натижаларга эришмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатда энергетика соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб, бу энергия тизимининг самарадорлигини, ишончлилигини ва ҳамёнбоплигини таъминлашга қаратилган. Ушбу жараёнларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун Ўзбекистон халқаро тажрибани ўрганиб, уни самарали тарзда татбиқ этишни мақсад қилган.
Бу борада етакчи давлатлардан бири Хитой ҳисобланади. Хитой қайта тикланувчи энергия манбалари ва рақамли технологияларни жорий этишда жаҳон миқёсида катта ютуқларга эришган, унинг тажрибаси кўплаб мамлакатлар учун намунадир.
Хитойнинг ушбу соҳадаги йирик муҳандислик марказларидан бири China Energy Power Planning and Engineering Institute (EPPEI) бўлиб, у Хитой энергетика тизимини ривожлантириш, ҚТЭМни жорий этиш ва рақамлаштириш бўйича давлат стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнайди. Шу билан бирга, EPPEI Малайзия, Бразилия, Филиппин, Лаос, Мўғулистон ва бошқа мамлакатларда ҳам самарали тажрибага эга.
Халқаро илғор тажрибаларни Ўзбекистонда татбиқ этиш мақсадида EPPEI ва “O’zenergoinjiniring” АЖ ўртасида Silk Road Energy Planning and Engineering қўшма корхонаси ташкил этилди. Ушбу корхона Ўзбекистон ҳукумати учун жаҳон стандартларига мос энергетика ривожланиш стратегия ва режаларини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатади. Бунда, ҚТЭМ (қуёш, шамол) энергия сақлаш қурилмалари, анъанавий энергия манбалари (иссиқлик, гидро) қувватлари ва турларини аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжлари, электр тармоқлари имкониятлари, ҳамда табиий ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда халқаро амалиёт ва маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб аниқлашга кўмаклашади. Шунингдек, қўшма корхона электр тармоқларини рақамлаштириш жараёнларида ҳам фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Юртбошимиз томонидан белгиланган устувор вазифалардан бири бу – маҳаллий ишлаб чиқариш ва юқори қўшилган қийматга эга хизматлар даражасини оширишдир. Silk Road Energy Planning and Engineering қўшма корхонаси бу йўналишда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини халқаро даражага кўтариш, инвестицион лойиҳаларда маҳаллий мутахассислар иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган. Бундай ёндашув орқали қўшма корхона Ўзбекистондаги инвестицион лойиҳалар қийматини камайтириш ва Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқчи.