Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS) иштирокчиларининг 14-конференциясига раислиги доирасида CMS котибияти билан биргаликда Берлин шаҳрида янги мамлакатларни Конвенцияга жалб қилишга қаратилган юқори даражадаги тадбир ташкил этилди.
Тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мамлакатнинг миллий ва халқаро миқёсдаги стратегияси тақдим этилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов CMS конвенциясига янги давлатлар қўшилиши муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистон раислиги (2024–2026 йиллар) даврида ташкилотга аъзо бўлишдан манфаатдор давлатларга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Эми Франкел ўз навбатида Ўзбекистоннинг кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш ташаббусини илгари суришдаги етакчи ролини қайд этиб, Самарқандда бўлиб ўтган Конвенция иштирокчиларининг 14-конференциясида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у иштирокчи мамлакатларга экологик ташаббусларни самарали амалга оширишга ёрдам берадиган стратегик ҳужжатларга тўхталди.
Иштирокчиларни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган қуйидаги халқаро тадбирларга таклиф этиш учрашувнинг муҳим қисми бўлди:
- Биринчи Самарқанд иқлим форуми (2025 йил 4–5 апрель);
- “Eco Expo Central Asia” экологик технологиялар халқаро кўргазмаси (2025 йил 3–5 июнь);
- CITES Конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши (2025 йил 24 ноябрь – 5 декабрь).
Ўзбекистон глобал экологик кун тартибига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, халқаро ҳамжамиятни табиатни муҳофаза қилиш ва ёввойи ҳайвонлар кўчиб юрувчи турларининг барқарор келажагини таъминлаш бўйича биргаликда чора кўришга чақиради.









