Ўзбeкистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари

    Мамлакатимизда 26 июл 2021 1778

    Коррупция ва унга қарши курашиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

    Бу борада кўпчилик мамлакатлар тизимли равишда фаолият юритиб, давлатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатни инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқяпти. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида бир қанча кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келиняпти. Хусусан, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сон Фармонини шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашишни тизимли ташкил қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида бюрократик ҳолатларини бартараф этиш, юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлаш ҳисобланади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилишига асос бўлиб хизмат қилган 2020 йилнинг 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида» ПФ-6013-сон Фармонини келтириш ўринли.

    Давлатимизда коррупцияга қарши курашишни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилда, коррупцияга қарши курашишга оид янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиб, муҳокама учун эълон қилинди.

    Ушбу фармон ва қарор лойиҳаларида Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини юритиш таклиф этилган. 2022 йил 1 январдан бошлаб эса давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган. Бундан ташқари, лойиҳаларда «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида» Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш; Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш; коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш; даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш; коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланишига чекловлар белгилаш назарда тутилган.

    Ушбу лойиҳаларда эътиборни тортадиган вазифалардан бири, бу илғор хорижий тажриба асосида молиявий назорат институтларини жорий этиш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда молиявий назорат институти лозим даражада ташкил этилмаган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида янги модель ишлаб чиқиш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қоляпти. Ўз навбатида, янги моделдаги молиявий назорат институтлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга ёрдам беради.

    Бахрам Худайбергенов,

    Тошкент давлат юридик университети

    Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates