Аҳолининг доривор ўсимликларга бўлган талаби кун сайин ортиб бориши билан гиёҳларнинг табиатдаги табиий заҳиралари камайиб, тарқалиш ареаллари кескин қисқариб бормоқда. Шу сабабли табиатда турлари камайиб бораётган, доривор хусусиятга эга бўлган ўсимликларни интродукция қилиш, ўрганиш, кўпайтириш, экиб ўстириш, хомашёсидан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш ҳозирги даврнинг долзарб муаммоларидандир.
Бундай ўсимликлар диёримизда кўплаб учрайди. Шулардан бири дастарбош доривор ўсимлигидир. Адабиётлардан маълум бўлишича, бу гиёҳ қадимдан халқ табобатида бир қанча касалликларни даволашда ишлатиб келинади. Дастарбошнинг саватча тўпгуллари кукун ҳолида ёки дамлама тайёрлаб, меъда ичак касалликларида (гастритлар, энтеритлар, колитларда) ел ва ўт ҳайдайдиган, шунингдек, гижжаларга қарши восита сифатида ишлатилган. Илмий тиббиётда оддий дастарбош тўпгуллари меъда-ичак касалликлари, аскаридоз, лямблиоз, гепатит, холецистит, ўт-тош касалликларида қўлланилади. Оддий дастарбош тўпгулларидан тайёрланган дамламадан ичиб турилса меъда ва ўн икки бармоқ яраси эт олиб битиб кетади. Ўсимлик ўти ва тўпгулларида ошловчи моддалар борлиги туфайли, бу ўсимлик яллиғланишга даво қилишда фойдаланилади.
Шу боис, оддий дастарбош ўсимлигини интродукция шароитида уруғидан ва кўчатдан кўпайтириш яхши самара беради. Бу борада ишлар ҳам бошлаб юборилган.
Жараёнда оддий дастарбошнинг интродукция шароитига мослашиш ҳусусиятларини аниқлаш учун ўсимлик уруғи ва кўчатларидан фойдаланилди. Тадқиқотлар Тошкент фармацевтика институти доривор ўсимликлар ўстириш майдончасида олиб борилди. Ерлар кузда 25-28 см чуқурликда чопиб қўйилди. Март ойининг охирида экилган уруғлар 10-12 кунда униб чиқди. Майсаларнинг ўсиши дастлабки кунларда жуда секин, кунлар исиши билан бироз жадаллаша борди. Вегетация йилининг октябрида оддий дастарбошнинг уруғи пишиб етилганлиги кузатилади.
Зирк ўсимлиги ҳам жуда фойдали. Табиатда унинг 194 тури учрайди, 45 тури иқлимлаштирилган. Ўзбекистоннинг тоғ ён бағирларида қизил зирк билан қора зирк тарқалган. Қора зирк кенг истеъмол қилинганлиги учун унинг тусига нисбат бериб “қорақанд” деб аталади.
Табобатда жигар хасталикларини даволашда, иситмани пасайтирувчи, ич кетишини тўхтатувчи ва юракни мустаҳкамловчи восита сифатида қўлланилади. Меваси таркибида каротиноидлар, углеводлар, хушбўй ҳамда пектин моддалари, органик кислоталар, макро- ва микроэлементлар, Е ва С витаминлари ва бета-каротин моддалари бор. Меваси шарбати иссиқни тушириш, микробларни ўлдириш, қон кетишини тўхтатиш хусусиятларга эга.
Болгарлар зирк пўстлоғини радикулит ва буйрак касалликларини даволашда ишлатишади. Полшада зиркдан гиповитаминоз (витамин етишмовчилиги) хасталигини даволашда фойдаланишади. Немислар зиркни ошқозон ичак йўллари, оғиз бўшлиғи, ўпка иллатларини даволашда дамлама сифатида ишлатишади. Францияда зирк бактерицид, гипотензив ва безгакка қарши восита сифатида тавсия этилади.
Умуман, она табиатимизда минглаб доривор гиёҳлар учрайди. Уларнинг катта қисми ўрганилган бўлишига қарамай, саноат миқёсида кенг фойдаланилмайди. Шу боис, охирги йилларда бу ўсимликларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш фаоллашиб боряпти.
Зайниддин ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси