Мазкур ҳужжат келгусида Германиянинг Анхальт амалий фанлар университети ҳамкорлигида Ўзбекистонда янги, халқаро стандартларга жавоб берадиган университетни ташкил этишга қаратилган амалий қадамларни бошлашни назарда тутади. Ушбу университетни ташкил этиш орқали мамлакатимизда инженерлик, компютер фанлари, сунъий интеллект ва халқаро бизнес йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун замин яратилади.
Гуннар Шеленбергер университетни «Ўзбекистон–Германия амалий фанлар университети» деб номлашни таклиф қилди ҳамда унинг Васийлик кенгашига Саксония Анхальт парламенти раиси сифатида шахсан иштирок этишга тайёр эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу университет битирувчиларининг Германияда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Музокаралар чоғида, шунингдек, университетни молиялаштириш, моддий-техник базасини шакллантириш ва халқаро ҳамкорлик механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.