Жорий йил 3–8 март кунлари Туркманистон таълим вазирлиги ташаббуси билан Ашхобод шаҳридаги Халқаро гуманитар фанлар ва тараққиёт университетида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида анъанавий IV халқаро очиқ математика олимпиадаси (OMOUS-2024) бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Россия, Саудия Арабистони, Испания, Хитой, Болгария, Индонезия ва мезбон Туркманистон олий таълим муассасаларининг жами 500 нафардан зиёд талаба қатнашди. Шу жумладан юртимизнинг 18 та олий ўқув юртидан 79 нафар талаба иштирок этди.
Мусобақалар математикага қизиқувчи бакалавр ва магистратура босқичидаги талабалар ўртасида якка ва жамоавий турларда ўтказилди. Олимпиаданинг расмий тили – туркман ва инглиз тиллари бўлди.
Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган талабалар олимпиада дастурида назарда тутилган яккалик ва жамоавий босқичларда ўзаро билимларини синаб, умумий ҳисобда 7 та олтин, 15 та кумуш ва 35 та бронза билан 3-ўринни қўлга киритишди.
Маълумот ўрнида, ўтган йили ушбу олимпиадада ўзбекистонлик талабларимиз умумий ҳисобда 5 та кумуш ва 13 та бронза билан билан 4-ўринни қўлга киритишган эди.